Бир интервью тарихи

1 март – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия туғилган кун

 

         Болалик йилларимда ўзбек адабиётининг кўплаб таниқли сиймолари қатори ХХ аср шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним шеъриятидан ҳам баҳра олиб ўсганман. Кейинчалик, талабалик даврида бу улуғ инсонларнинг фарзанди аржумандларидан бири – Ҳулкар опадан Миллий дорилфунунда сабоқ тинглаб, Омон ака билан эса парламентда ёнма-ён ишладим. Янада фахрлиси шуки, роппа-роса 27 йил олдин менга Зулфияхоним билан юзма-юз кўришиш имконияти насиб этган.

Ўшанда 1995 йил баҳор арафаси эди. Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига кўра мамлакатимизда ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 80 йиллигини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилаётганди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг мухбири сифатида Зулфияхоним билан интервью тайёрлаш тўғрисида ЎзА раҳбариятидан ижодий топшириқ олдим. Бинобарин, Ватанга муҳаббат ва боқий садоқат туйғуларига йўғрилган ҳамда гўзаллик, дўстлик, қардошлик васф этилган шаффоф шеърияти билан адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган ҳассос шоира, халқимиз қалбида садоқат тимсолига айланган матонатли аёлнинг ўша кезларда қандай қувончу ташвишлар билан яшаётгани мухлисларни қизиқтириши табиий эди.

Зулфияхоним билан учрашиш учун опанинг фарзандларидан ижозат олиш осон кечмади. Албатта, бундан мурод муҳтарама инсоннинг офияти йўлидаги ғамхўрлик эканини ҳар икки томон англаб турардик. Бу ҳол ўшанда елкамдан тоғдек босиб турган масъулият юкини, шу билан боғлиқ ҳаяжонни янада оширгани ҳам айни ҳақиқат.

 Зулфияхонимнинг пойтахт марказидаги хонадони остонасидан ҳатлашим биланоқ мен дуч келган илк ҳайрат – опанинг ёрқин ва меҳрибон нигоҳлари бўлди. Хаёлимдан беихтиёр шундай ўй кечди: ажабо, кўзларга ажин тушмас экан-а! Олис йиллар ҳам, чексиз айрилиқ армонлари ҳам шоиранинг кўзларини қарита олмапти!! Зулфияхонимнинг кўзлари худди ёш болалардек беғубор кулиб турибди-я!!!

Айни чоғда, бу покиза нигоҳлар ҳаяжонимни босиб олишим учун далда бўлди. Опага аталган гулдастани тақдим қилиб, таклиф этилган стол атрофига жойлашдим. Сўнгра қутлуғ тўй, қолаверса, баҳорнинг илк куни ва таваллуд айёми арафасида шоиранинг қалбидан кечаётган туйғуларга доир дастлабки саволни бердим.

“Шу кунларда ифтихор билан яшаяпман, деди Зулфияхоним. Қувонч шундаки, азалдан маънавияти, тарихий қадриятларига бой халқимиз яшаш, яратувчанлик ишлари билан машғул бўлиши учун диёримизда муқаррар, бузилмас тинчлик-осойишталик барқарор. Юртимиз нурафшон истиқбол сари дадил одимламоқда. Халқимиз тобора ўзлигини топа бориб – ўз Туғи, Байроғи, Мадҳиясига эга бўлди.

Ўзбекистонимиз мустақиллик нашидасидан масрур бу кунларда қувониб яшамай, яйраб ижод қилмай бўладими! Ташвишларим ҳам жуда ширин: ўғил-қизимга – она, невара-ю чевараларимга – бувиман. Минг шукрки, ҳали ҳам хонадонимдан мухлислар пойқадами узилгани йўқ.

Қолаверса, ҳозир ҳам қаламим қўлимда, дилимда ҳайратим мўл. Ёниб, яйраб шеър ёзяпман. Келажак авлодга ўтмишимизнинг сирли ва ажойиб қатламларини очиб бергим келади.

Бироз шошиб ёзаяпман. Чунки айтадиган гапим кўп ҳали, бошлаб қўйган нарсаларим бисёр. Сурункали ижодий меҳнатдан сўнг баъзан чарчайман. Ёшу сиҳатимнинг таъсири боисми, суръат ва самара ҳам илгаригидек бўлмаса-да, ижод қиляпман. Умр – сувдек югурик. Дилдаги дарду шодлигимни шеърларимда айтиб олай, дейман-да”.

Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним турмуш қурганларидан сўнг бор-йўғи ўн йил бирга яшаган. Яъни, улар шунчалик оз вақт ҳаёт сурури ва бахт нашидасини тотганлар. Лекин шу ўн йиллик давр улар яратган беқиёс муҳаббат саройининг мустаҳкам пойдеворини ташкил этди. Сўнг эса бир умр – ярим асрдан зиёд давр мобайнида муҳаббат саройининг бекаси вафодор ёр, меҳрибон она, дилбар шоира, бағрикенг устоз, моҳир раҳбар, иродали инсон сиймосида гавдаланади.

Шу маънода, суҳбатимиз асносида: “Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон, Достонларда битган гулистон”, деган машҳур мисраларни тилга олиб, ўз вақтида устоз шоир Ҳамид Олимжон диёримизни ана шундай ёниқ сатрларда куйлаганини эслашдик. Агар устоз Ўзбекистон миллий истиқлолга эришган бугунги кунларни кўрганида, кўнгли қанчалик ғурурга, шавққа тўлган бўлур эди? Ушбу саволимга Зулфияхоним шундай жавоб қайтарди:

“Бу ўй баъзан мени ҳам чулғаб олади, шундай кезларда “Баҳор келди сени сўроқлаб” мисраларини кўп такрорлайман. Юртга келган бу боқий баҳорни кўриш бахти, таассуфки, насиб этмаган экан. У киши жуда завқли ва ниҳоятда юраги тоза инсон эди. Ўта нозик таъби бор эди. Ҳамид Олимжон тарихни ва халқ оғзаки ижодини пухта билар, фаолияти жуда серқирра эди.

Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Усмон Носир каби ижодкорлар ўз даври адабиётининг етук кучлари эди. Гарчанд оиламизда адабиётнинг беҳад қадрлангани мени болалигимдан шеъриятга ошно этган эса-да, эл орасида шоир бўлиб танилишимда ана шу буюк сиймолар яратган катта адабий муҳитнинг таъсири беқиёс бўлган, деб ўйлайман”.

Зулфияхоним ўшанда, шунингдек, “Саодат” журналида 33 йил бош муҳаррирлик қилгани билан боғлиқ саволимга жавоб берар экан, умрининг ойнома билан боғлиқ даврини доимо мамнуният ва қониқиш ҳисси билан эслашини айтди.

“Куни кеча журнал жамоаси билан тушган суратимизни топиб олдим, деди Зулфияхоним. Қачонлардир сурат ортига: "Саодат"нинг саодатли жамоаси", деб ёзиб қўйган эканман. Ҳозирги кунда аҳил ва ҳамжиҳатликда меҳнату ижод қилган ўша жамоамиз аъзоларининг кўпчилиги юртимизда таниқли олима, шоира ва журналист, турли газета-журналларнинг раҳбарлари. Мен улар билан доимо фахрланаман”.

Зулфияхоним – муҳаббат ва ҳаёт куйчиси, ўз элига ҳам, ўзга элларга ҳам бирдек азиз бўлган шоир эди. Зулфияхоним Гулбаданбегим, Зебунисо, Увайсий, Нодирабегим каби Шарқнинг буюк фозила аёллари бошлаган анъаналарни бойитиб, том маънода янга поғонага кўтарди.

Зулфияхонимнинг шеърлари Ҳиндистон, Миср, Вьетнам каби жаҳоннинг бир қанча мамлакатларида чоп этилган, турли халқлар тилларига таржима қилинган. Опанинг ўзи ҳам кўплаб халқлар адиблари асарларини тилимизга ўгириб, ўзбек китобхонларига тақдим этган. Шу маънода, кейинги саволим мустақил Ўзбекистон боғлаётган халқаро ҳамкорлик ришталари адабий алоқалар равнақига нечоғлик хизмат қилиши ҳақида бўлди.

“Ўзбекистонимиз жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари билан борди-келдини йўлга қўяётгани жуда қувончли ҳолдир. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни эътироф этиб, айтаманки, тез орада халқаро ҳамкорлик барча соҳаларда, шу жумладан, адабий-маданий алоқалар йўналишида ҳам ўз самарасини беради, деди опа шогирд қиз дамлаб келган чойдан пиёлага қуйиб узатар экан.

Мен бултур, 1994 йили Ўзбекистонда ўтган Қозоғистон Республикаси кунларини ҳамиша хурсандлик билан эслайман. Унутилаёзган удумларимизга қайта жон бағишлаган ўша анжуман баҳона Ўзбекистонимизнинг барча шаҳар ва қишлоқ аҳли қозоқ халқининг маданияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси кунлари ҳам оролбўйилик қардошларимизнинг ўзига хос адабиёти ва санъати билан яна бир бор ошно бўлиш имконини берди.

Вақти-вақти билан шундай учрашувларни ўтказиб туриш ҳам меҳмон, ҳам мезбон томон учун бирдек фойдали. Зотан, муайян халқ маданияти билан танишиш халқнинг маърифатини ўстирувчи, дўстликни мустаҳкамловчи муҳим омилдир. Қолаверса, “Меҳр – кўзда” деб бежиз айтилмаган”.

Мана, ўша суҳбатимизга чорак асрдан ошди. Ўйлаб кўрсам, Зулфияхонимнинг эзгу фикр-мулоҳазалари, баҳо ва хулосалари ҳозир ҳам зиғирча эскирмаган. Опанинг 27 йил аввалги эҳтирому эътирофларидан бугунги кунимиз шиддатининг нафаси келиб турибди. Мана, ўшанда Зулфияхоним айтган қайроқи фикрлардан айрим намуналар:

“Истиқлол қулфи дилимизни очди, мутелик ўрнига қонимизга жасорат кирди”.

“Ҳозир айни бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, яхши ниятлар йўлида бирлашмоғимиз, бир-биримизнинг юрагимизга қувват бўлмоғимиз шарт”.

“Бугун жамиятимизда юз бераётган янгиланишларнинг илдизи теран. Катта йўлга чиқиб олдик. Бораётган манзилимиз аниқ. Халқимиз садоқатли, қудратли ва маърифатлидир”.

“Юрт тинч-омон экан, вақтинчалик иқтисодий қийинчиликларнинг ҳадемай ортда қолишига, Ўзбекистонимиз истиқболи порлоқ бўлишига юртдошларимизда ишонч кучли. Мен ана шу ишончнинг янада барқарор бўлишини тилайман. Зеро, бугун кўнглида юксак ишонч билан буюк мақсадларни амалга оширишга енг шимарган халқнинг эртага, албатта, турмуши фаровон, Ватани обод бўлиши муқаррар”.

Суҳбат ниҳоясига етгач, Зулфияхоним каминани тушликка таклиф этди. Хижолат бўлиб, бу таклифни қанчайин рад этмай, инобатга ўтмади. Улуғ хонадон дастурхонига ризқим қўшилган экан. Зулфияхоним билан бирга тамадди қилиш асносида бир-биримизга устозу шогирдлик меҳримиз янада товланди, деб ўйлайман.

Опа интервью матни қайси газеталарда чоп этилиши ҳақида сўради. Мен интервьюни ўзбек ва рус тилларида ЎзА ахборот канали орқали мамлакатнинг барча газеталари таҳририятларига узатишимизни билдирдим. Мулоқот матнига Зулфияхонимнинг сурати ва шеърлари ҳам ҳавола қилинишини айтиб, икки тилдаги шеърларидан намуналар танлаб беришни илтимос қилдим.

Зулфияхоним рус тилида нашр этилган салмоқли шеърий тўпламини китоб жавонидан олиб, қўлимга тутқазар экан:

– Москвада чиққан китобимнинг охирги нусхаси қопти, –– дедилар. – Архивимдаги суратни ҳам бераяпман. Одатда, мендан китоб ва сурат олиб кетганлар ҳеч қачон қайтаришмайди.

– Мен, албатта, қайтараман, – дедим ўзимга қатъий ишонган ҳолда.

– Бундай пайтларда ранжимайман, тушунишга ҳаракат қиламан ва рози бўламан. Чунки кўпинча одамнинг ўзига боғлиқ бўлмаган воқеликлар омонатни қайтаришига тўсиқ бўлиши мумкин-ку?..

Афсуски, Зулфияхонимнинг хайрлашиш пайтимизда остонада туриб айтган ана шу сирли мулоҳазалари замирида яширинган тақдируламал ҳақиқатни мен анча кейин англаб етдим.

Бу орада интервью матбуотда эълон қилинди. Ўша газеталардан бир тахламини сурат ва китоб билан бирга Зулфияхонимга етказиб бериш борасидаги ҳаракатларим бесамар кетди. Чунки кейинги пайтда опанинг саломатлиги оғирлашгани туфайли кўришишимизга энди ижозат бўлмади.

Ўз навбатида, мамлакатимиз вилоятлари ва хорижий давлатларга хизмат сафарларим кўпайгандан-кўпайди. Китоб ва суратни эгасига етказишга на қунт қилдим, на фурсат топдим.

Шундай қилиб, Зулфияхоним билан илк юзма-юз учрашувимиз энг сўнгги мулоқотимиз ҳам экан. Орадан бир йилча вақт ўтиб, 1996 йили опанинг вафоти ҳақидаги қайғули хабарни эшитганимда, жавонимдаги иккита омонат – Зулфияхонимнинг русча нашрдаги китоби ва тарихий суратига ҳайрат билан боқдим. Қулоғим остида Устознинг ўша таниш сўзлари янграгандек туюлди:

“Одамнинг ўзига боғлиқ бўлмаган воқеликлар омонатни қайтаришига тўсиқ бўлиши мумкин...”

 

Ғулом Мирзо,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech