ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

Ҳаракатлар стратегияси натижаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам ўз тараққиётининг "янги даври"га кириб бормоқда.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида БМТ Бош Ассамблеяси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши тегишли резолюцияларининг қабул қилиниши – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида турган муаммоларни ҳал этишга бўлган ёндашуви халқаро ҳамжамият ва кўплаб давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида кейинги беш йилда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Айниқса, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масаласи энг устувор йўналишга айланди. Буни қабул қилинаётган қонунлар, суд мустақиллигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар самараларида ҳам яққол кўриш мумкин.

Энг асосийси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди. Халқаро ва миллий ҳамкорлар билан пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг тизими яратилди. Буни жаҳон ҳамжамияти тан олмоқда.

Ўз навбатида, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида "Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари" тамойилига асосан ишлаб чиқилган ва яқинда давлатимиз раҳбари тасдиқлаган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ушбу соҳалардаги устувор мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳати шундан иборатки, унда белгиланган ислоҳотлар ўзининг мазмун-моҳияти билан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини тараққиётнинг янги босқичи талабларидан келиб чиқиб такомиллаштиришга қаратилган. Унда аёллар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар, кам таъминланганлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатлари ҳимоясига салмоқли ўрин ажратилган.

Бу ўринда, авваламбор, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 1-мақсади Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш”, деб номланганига эътибор қаратиш зарур.

Ушбу мақсадга эришиш учун, жумладан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида маҳаллалар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш; фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш; маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш каби вазифалар назарда тутилмоқда.     

Тараққиёт стратегиясининг 4-мақсади Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш деб номланган. Унда, хусусан, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш; вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш вазифалари белгиланган.

Энг асосийси, Тараққиёт стратегиясининг “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланган 12-мақсадида бу борадаги бевосита муҳим бир қатор вазифалар назарда тутилган.

Биринчидан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш ҳақида сўз бормоқда. Бунинг учун, хусусан, Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланганидек, ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари лойиҳаларини очиқ эълон қилиб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш керак бўлади.
Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд аҳолини касбга ўргатиш каби ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга оширишни нодавлат нотижорат ташкилотларга очиқ танлов асосида тақдим этиш ҳам бунда муҳим ўрин тутади.

Иккинчидан, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган. Бу эса, дастаавал, жамоавий мурожаатлар асосида янги    қурилган    ва    таъмирланган инфратузилма объектлари сифатини текшириш амалиётини жорий қилишни талаб этади.

Учинчидан, жамоатчилик назоратининг қонуний  асосларини  янада мустаҳкамлаш зарур. Бу, албатта, жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини, уларни амалга ошириш механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик   назорати тўғрисида"ги қонунни қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Тўртинчидан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш лозим. Бу муҳим мақсадга эриш учун, биринчи навбатда, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан  ҳамкорлик  қилиш  тартибини жорий қилиш даркор.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан   ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун  жавобгарликни янада кучайтириш ниҳоятда муҳим.

Ушбу мақсад-вазифалар тўғридан-тўғри фаолиятимиз доирасига боғлиқ масалалар бўйича истиқболдаги вазифаларни ўзида қамраб олган. Шунинг учун бу ҳақда мухтасар фикр юритамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, юртимизда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Бу ҳақда сўз юритишдан аввал, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» мамлакат ҳаётининг бошқа соҳалари қатори жамиятда сўз, фикр, ахборот эркинлигини янада таъминлаш йўналишини ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.

Хусусан, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегиясининг 89-мақсади “Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш” деб аталгани ҳамда унда бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилгани ҳам катта аҳамиятга эга.

Авваламбор, бу ўринда ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида сўз бормоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти бунга қадар ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни Ахборот кодекси шаклида унификация қилиш ташаббусини илгари сурганди.

Шунингдек, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданияти оширилади. Турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурлар оммалаштирилади. Халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиа саводхонлик бўйича мавзулар жорий қилинади.

Шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳам кўзда тутилган. Бунда Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланади.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни тақозо этади.

Ижтимоий масъулият – жуда муҳим мезон. Бу оммавий ахборот воситларининг, ҳар бир журналистнинг оммага тақдим этаётган ахборотга нисбатан жавобгарлиги, ахборотнинг холис, ҳаққоний ва ишончли бўлишига масъуллигидир.

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech