3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Мамлакатимизда ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида кенг нишонланади. Бунда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу санани нишонлашдан асосий мақсад – бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг кадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Бу Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган кучли ижтимоий сиёсатнинг яна бир яққол исботидир. Чунки мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Конвенция билан бир пайтда унга Факультатив протокол қабул қилинган. 2021 йил февраль ҳолатига кўра Конвенцияга – 182 давлат, Факультатив протоколга 97 давлат иштирок этмоқда.

Конвенция кучга кириши билан унинг ижросини назорат қилувчи, Конвенцияда иштирок этувчи давлатларининг маърузаларини кўриб чиқишга ваколатли, улар бўйича таклифлар ва умумий тавсиялар берувчи орган – Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмита (18 кишидан иборат) ташкил этилди.

Конвенция дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизи ногиронликнинг қандайдир шакллари билан яшайди.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик  мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.

Дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан ногиронлиги бўлган болалар (Буюк Британияда ногиронлиги бўлган шахслар умумий сонининг 0,12 фоизидан Канадада 18 фоизгача ташкил этади) умумий сонининг ўсиши, ушбу давлатларда ногиронликнинг олдини олиш ҳамда болалар ногиронлиги профилактикасини устувор миллий муаммолар қаторига киритди.

Конвенция инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштирган. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши  керак.

Конвенциянинг мақсади 1-моддада баён этилган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг  тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдир. У фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек тенглик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади.

Конвенциянинг 4-моддаси ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича умумий мажбуриятларни белгилайди.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда устувор субъектлар сифатида ногиронлиги бўлган аёллар (6-модда) ва ногиронлиги бўлган болалар (7-модда) ажратиб кўрсатилган.

Конвенцияни ратификация қилиш ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни комплекс ва тизимли ҳал қилиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имконини беради.

Конвенция қоидаларини амалга ошириш ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш, уларга нисбатан стереотипларни ўзгартиришга ёрдам бериш, ногиронлиги бўлган шахслар салоҳиятидан меҳнат бозорида фойдаланиш, соғлиққа алоҳида  эҳтиёжлари (ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, тиббий ва ижтимоий экспертиза ўтказиш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш учун протез маҳсулотлари ва техник воситалар ишлаб чиқариш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳитни таъминлаш ва бошқалар) бўлган кишиларнинг яшаш шароитларини яхшилаш имконини беради.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини тизимли ва комплекс ҳал қилишни ушбу соҳадаги асосий халқаро ҳужжат – БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясидаги мажбуриятларни қабул қилмасдан амалга ошириш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни 2009 йил 27 февралда имзолаган. Мамлакатимиз яқинда Конвенцияни ратификация қилди ва 2021 йил 28 июлдан мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон учун кучга кирди.

Ўзбекистонда ижтимоий адолат принципига амал қилиш, ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, биринчи навбатда, жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласи давлат ва жамият эътиборининг доимий диққат марказида туради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасига мувофиқ, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги давлат тамаддунининг асосий мезонларидан бири саналади. Асосий Қонуннинг IX боби фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини белгилайди ҳамда кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тенглик ва камситмаслик принциплари мустаҳкамланган 18-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Конституциянинг 39-моддасида: “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга” деб белгилаб қўйилган.

Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

Конституциянинг 45-моддасида: “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” деб белгиланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистон Республикасининг 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжалари (Конституция, 40 дан ортиқ қонун ва 160 дан ортиқ қонуности ҳужжати) ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солмоқда.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.

 

Дилноза Раҳимова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази иқтисодчиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech