Африкада яна бир “уруш алангаси” ўчирилди

Шанба куни Қатар пойтахти Доҳада Конго Демократик Республикаси ва М23 исёнчи гуруҳлари ўртасида можарога барҳам бериш бўйича келишув имзоланди.

Аввалроқ, “Reuters” ахборот агентлиги Конго ДР ва М23 исёнчилари мамлакат шарқидаги зиддиятга барҳам бериш бўйича декларация имзолашга келишиб олгани ҳақида хабар тарқатган эди. 

Таъкидланишича, декларация Доҳада икки томон вакиллари томонидан имзоланган.

Қизиқ жиҳати, “Associated Press” нашри декларация матнига таяниб, Конго ДР ва М23 ҳаракати ўртасидаги якуний тинчлик келишуви 18 августда имзоланиши, бу июнь ойида Руанда ҳукумати ва Кондоне ўртасида имзоланган келишувга мос келишини ёзиб чиқди.

Бироз аввал “Bloomberg” Конго ташқи ишлар вазири Тереза Вагнерга таяниб, республика июль ойида Конго Демократик Республикаси, Руанда етакчилари ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида ўтказилиши режалаштирилган саммитгача исёнчилар билан тинчлик келишувига эришмоқчи эканини маълум қилган эди.

Ўз навбатида, Конго ДР билан М23 исёнчилари ўртасида имзоланган мазкур тинчлик декларациясини Африка Иттифоқи муҳим воқеа сифатида қарши олди.

– Африка Иттифоқи комиссияси Доҳа шаҳрида Конго Демократик Республикаси ҳукумати ва М23 ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзоланганини олқишлайди. Бу қадам КДР шарқида ва минтақада мустаҳкам тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка эришиш ишидаги муҳим босқичдир, - дейилади ташкилот матбуот баёнотида. 

Тузилма АҚШ ва Қатар расмийларига келишувга воситачилик қилгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech