Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, янги истиқболли режаларни белгилаш мақсадида 1 май куни Хоразм вилоятига келди.
Бу ўлка қадим тарихи ва маданияти билан туризм жозибадорлигига эга. Ҳозирги иқтисодий равнақи туфайли ишбилармонлик ташрифлари ҳам кўпаймоқда. Лекин Урганч халқаро аэропорти аҳоли ва меҳмонлар талабига тўла жавоб бермаяпти. У соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу қатновларни кўпайтириш имконини бермаяпти. Шунинг учун аэропортни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш кўзда тутилган.
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига ушбу лойиҳанинг бориши ҳақида ахборот берилди.
Бу борада 2024 йил 1 августда эълон қилинган очиқ тендер икки босқичда ўтказилиб, унда Франция, Корея, Туркия, Қатар каби давлатлардан саккизта компания иштирок этди. Якунда идоралараро тендер комиссиясининг қарори билан Корея Республикасининг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб деб топилди.
Президентимиз ушбу компания ва лойиҳа раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Компания президенти Инчон халқаро аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи ўринда туриши, сервис бўйича етакчилардан бири эканини айтди. Урганч компаниянинг иккинчи аэропорти бўлишини таъкидлаб, уни янгилаш ва бошқариш режаларини маълум қилди.
Давлатимиз раҳбари бундай илғор компания билан шерикликдан хурсандлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикрларини билдирди.
– Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этаяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда самолётлар олиб келиб, ташувларни кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Ушбу шерикликдан фойдаланиб, сервис бўйича Корея тажрибасини ўрганиш, мутахассисларимизни ўқитиш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, “ICAO” талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш-реконструкция ишлари 2025-2027 йиллар давомида амалга оширилади. Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.
Умуман, бундай замонавий инфратузилма орқали Урганч аэропорти энг қулай йўналишлардан бирига айланади. Хоразмнинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишга ҳамда мамлакатимиз авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Бўлажак янги терминал лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. Президентимиз унинг ички ва ташқи қиёфасида миллий руҳни акс эттириш бўйича тавсиялар берди.
Шу ерда давлатимиз раҳбари журналистлар билан ҳам мулоқот қилди. Хоразмга ташрифдан мақсад янги марраларни белгилаб, иқтисодиёт кўрсаткичларини янада ошириш, вилоятда яшаётган 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини яхшилаш, иш ўринлари очиб, одамларнинг даромадини кўпайтириш экани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил августда ушбу шаҳарча пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Ўтган йилларда муҳандислик тармоқлари тортилиб, 1 минг 773 та хонадонли 72 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Бу йил мингта хонадонли яна 28 та турар жой қурилиши режалаштирилган. Бу ерда жами 5 мингдан ортиқ хонадон бўлади.
Шаҳарча Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд этилмоқда. Самолётдан тушган меҳмонларнинг кўз ўнгида аввало мана шу гўзал маскан намоён бўлади. Шаҳарча марказида Хоразмий бобомизнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.
Президентимизга мазкур ҳайкал лойиҳаси тақдимот қилинди.
Ҳайкал шаҳарчада барпо этилаётган 20 гектарлик боғнинг кириш қисмида ўрнатилади. Унинг баландлиги 22 метр, пойдевори билан бирга 30 метрдан зиёд бўлади.
Мутасаддиларга монументни ҳам бунёдкорлик, ҳам маъно жиҳатидан такомиллаштириш, шаҳарчада яшилликни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Куни кеча Президентимиз Ал-Хоразмий университети ва ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш бўйича қарор имзолади. Бу университетда 3 та: математика ва информатика, аэрокосмик технологиялар муҳандислиги ҳамда сунъий интеллект факультетлари бўлади. Ўқув жараёнлари “Янги Ўзбекистон” университетининг тажрибаси асосида, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Қабулни 2025-2026 ўқув йилидан бошлаш режалаштирилган. Жами талабалар сони 4-6 минг атрофида бўлиши кўзда тутилган.
Шаҳарча ҳудудида Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий мактабининг филиали ҳам ташкил этилади. Унга 4-синф битирувчилари танлаб олинади. Таълимнинг якунловчи 2 йили муҳандисликка бошланғич тайёргарликка қаратилади.
Шунингдек, Ал-Хоразмий шаҳарчасида технопарк ва офислар, тиббиёт ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, савдо ва маиший бинолар бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Хонқа туманида барпо этилган мебелсозлик кичик саноат зонасини бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 июндаги мебель саноатини ривожлантиришга оид қарорига мувофиқ, салоҳияти бор туманларда шундай саноат зоналари ташкил этилмоқда.
Хонқа туманида ҳам аввалдан мебелсоз усталар кўп. Ҳозирги кунда бу йўналишда 140 дан зиёд тадбиркор, 500 дан ортиқ хонадонда кичик устахоналар бор. Шу пайтгача уларнинг кўпчилиги тор жойларда, ноқулай шароитларда ишларди.
Шу боис 10 гектар ер ажратилиб, мебель маҳсулотларини кластер усулида ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо объектларини ўз ичига олган кичик саноат зонаси барпо этилди. Бу ерда 10 миллион долларлик 61 та корхона фаолият бошламоқда. 650 киши иш билан таъминланди.
Корхоналарда Германия, Италия, Швейцария, Туркия, Хитой каби давлатлардан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган. Йилига 108 миллиард сўмлик уй, офис, меҳмонхона, ресторан, савдо ва ижтимоий муассасалар учун мебеллар ишлаб чиқариш қуввати яратилган.
Президентимиз устахоналардаги иш жараёнини кўздан кечирди. Хоразм вилоятида қурилиш кўлами ошгани, кўплаб уй-жойлар, меҳмонхоналар, бино ва иншоотлар барпо этилаётганидан унумли фойдаланиб, корхоналар учун буюртмалар шакллантириш, янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мебелсозлик кичик саноат зонасида дизайнер ва технологлар тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил қилинган. Унга Туркиядан малакали мутахассислар жалб этилган.
Улар билан мулоқотда мебеллар сифатини таъминлаш, ёшларнинг бу бўйича тажрибасини ошириш ҳақида сўз юритилди.
Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорларга ҳам йўналтирилиши кўзда тутилган. 3 миллион доллардан зиёд экспорт қилиниши мўлжалланган.
Яна бир муҳим жиҳати, саноат зонасида энергия самарадорликка эътибор қаратилган. Корхоналарнинг барчасига қуёш панеллари ўрнатилган.
Давлатимиз раҳбари шоурумда маҳсулот намуналарини кўздан кечирди, уларнинг сифатини ва дизайнини юқори баҳолади.
Хоразм вилоятида мебель ишлаб чиқариш билан 300 дан ортиқ корхона шуғулланади. Соҳадаги якка тартибдаги тадбиркорлар 200 дан ортиқ, 1 минг 300 дан зиёд аҳоли ўзини ўзи банд қилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги даласида бўлди.
Унинг раҳбари Ойимжон Отажанова 73 ёшда. Қўли гул бу аёл кўчатчилик билан шуғулланаётганига қирқ йилдан ошган. Хўжаликнинг 3 гектар майдонида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Яна икки гектарда эса боғдорчилик қилинади. Бундан ташқари, 12 сотих иссиқхонада 40 турдаги гул кўчатлари етиштирилади. Иссиқхона замонавий сув тежамкор технологиялар билан таъминланган бўлиб, унинг ҳар бир бўлимида кўчатларнинг тури ва хусусиятидан келиб чиқиб зарур микроиқлим яратилган.
Серғайрат онахон оила аъзоларини ҳам шу ишга бошлаган. Йилига 50 минг тупдан ортиқ кўчат ўстириб, сотилади. Уларнинг йиллик даромади бир миллиард сўмдан ортади.
Эътиборли жиҳати, бу ерда етиштирилаётган кўчатлар қўшни ҳудудлар, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам етказиб берилмоқда.
Боғ жойлашган Гулистон маҳалласида 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ёшлар ва хотин-қизларга ибрат бўлиб, уларни иш билан таъминлашда онахоннинг хизматлари катта. У хозиргача 200 дан ортиқ шогирд етиштирган, 300 нафар ишсиз фуқарони кўчатчиликка ўргатган. Маҳалладаги 70 фоиз хонадон билан касаначилик йўлга қўйилган.
Фидойи деҳқон бу йил тумандаги барча мактаб ва боғчаларга 2 минг дона қарағай кўчатини беғараз тарқатиб, “Яшил макон” лойиҳасига, юртимиз ободлигига ҳисса қўшди.
Бандлик вазирлиги ва банк билан ҳамкорликда хўжаликнинг ёндош ҳудудида ўқув маркази очилган. Унда хўжалик тажрибаси асосида хонадонлардаги самарасиз томорқадан йил давомида даромад олишга ўргатилмоқда. Натижада маҳаллаларда омилкорлик кенгайиб, оилаларга қўшимча даромад кирмоқда.
Ушбу хизматлари, меҳнатсеварлиги ва ёш авлодга намуналигини инобатга олиб, Президентимиз Ойимжон Отажановани “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони билан мукофотлашга қарор қилди.
Аҳоли фаоллиги ошиб, туризм жадал ривожланаётган Хоразмда транспорт хизматлари ҳам яхшиланмоқда. Шу мақсадда “Бунёд йўловчи ташиш” корхонаси томонидан қарийб 8 миллион доллар эвазига 80 та замонавий автобус олиб келинмоқда. Ҳозирга қадар шундан 50 таси келтирилган.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида аҳолига яратилаётган қулайликлар билан танишди.
“ЕВРО-5” талабларига муносиб мазкур автобусларнинг сиғими 70 кишилик. Таги паст бўлгани учун ногиронлар ва кексалар учун ҳам қулай. Шунингдек, Wi-Fi ва кузатув камералари ҳам мавжуд. Бундай замонавий жамоат транспортидан кексаю ёш бирдек мамнун.
Аввалги кичик автобусларнинг ҳар бири кунига 200-300 кишини ташиган бўлса, янги автобусларнинг ҳар бири минг кишига хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг қатнов оралиғи вақти ҳам икки баробарга қисқариб, 5-12 дақиқага тушди. Натижада Урганч шаҳрида аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 38 фоизга етди.
Асосийси, бундай шароитлар транспорт етишмовчилиги ва кўчаларда тирбандликнинг олдини олиб, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига хизмат қилмоқда.
Бошқа ҳудудларни ҳам жамоат транспорти билан яхши қамраб олиш учун корхона томонидан тез кунда яна 30 та автобус олиб келиниши кўзда тутилган.
Президентимиз жамоат транспортини туманлар билан самарали боғлаб, йўналишларни қулайлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Йўлларни таъмирлаб, ҳайдовчилар малакаси ва техник хизмат сифатини ошириш автобуслардан фойдаланиш муддатини узайтиришда муҳим омил экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари юртимизда ишлаб чиқарилаётган вагонлар ва Урганч – Хива электрлаштирилган темир йўлини кўздан кечирди.
Бугунги кунда 465 километрлик “Бухоро – Урганч – Хива” темир йўли электрлаштирилиб, ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди ва зарур иншоотлар қурилган. Бу йўналиш учун Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан юқори тезликдаги 6 та электропоезд харид қилиниб, келгуси йилдан “Жалолиддин Мангуберди” номи остида Тошкент – Хива йўналишига қўйилади.
Натижада йилига 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади. Ҳозирда Тошкентдан Хивага 14 соатда етиб борадиган поезд мазкур йўналишда ҳаракатга қўйиладиган электропоезд имкониятлари туфайли 7 соат 40 дақиқада етиб боради.
Шунингдек, юк поездлари ўтказувчанлиги қарийб 6 миллион тоннага етади. Ҳозир бу кўрсаткич 1 миллион тонна.
Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарори асосида вагонсозлик тармоғи ҳам мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар йўловчи вагонлари ишлаб чиқариш учун йўналтирилган. Жорий йил биринчи чоракда дастлабки 10 та йўловчи вагони қуриб битказилди.
Давлатимиз раҳбари улардаги қулайликларни кўздан кечирди.
Келгуси икки йилда йўловчи вагонлари сони 70 тага кўпайтирилиб, эски турдагиларидан босқичма-босқич воз кечилади. Натижада йилига бир миллион нафардан ортиқ қўшимча йўловчини ташиш имконияти яратилади.
Президент ушбу янги поездда жамоатчилик билан бирга Урганчдан Хивага йўл олди. Йўл бўйлаб жойлардаги ободончилик, дала четларида экилган кўчатларни кузатиб борди.
Вилоятда ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 10 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Йирик саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этилган.
Бу йил эрта баҳорда ҳам зироатчилик кўлами кенгайди. Вилоятдаги 1 минг 100 гектардан зиёд дала четлари ва каналлар атрофидаги майдонларга даромадли маҳсулотлар экилди. Уларни кафолатли харид қилишга тадбиркорлар бириктирилган. “Agroko‘makchi” мобил иловаси орқали дала четлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка етказилмоқда.
Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юзага чиқариш бўйича қилинаётган ишлар катта натижа бермоқда. Буни ҳудудга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан 30 баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йили 380 миллион долларга етди.
Сир эмас, илгари ҳудуд туризми ҳақида гапирилганда кўпчилик фақат Ичан қалъани ҳаёлига келтирар эди. Кейинги вақтларда бу борадаги қарашлар бутунлай ўзгарди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилди ва уларнинг умумий сони юзтага етди.
Энди бу ерда яна бир ноёб мажмуа – “Арда Хива” бор. Унинг очилиши Хоразм вилоятига Президент ташрифининг муҳим воқеаси бўлди.
Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.
“Арда Хива” ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилди. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бозор расталарини томоша қилди.
Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи бинолар, жами минг ўринли 20 та меҳмонхона қурилди. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилди.
Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, “Кўҳна Урганч” музейи меҳмонлар учун қизиқарли бўлади. Икки километрлик каналда қайиқда сайр қилиш имконияти яна бир ўзига хос янгилик.
Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми жойи ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона совитиш ва иситиш тизими барпо этилган. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилган.
Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
“Ичан қалъа” тарихий бўлса, “Арда Хива” Хоразмнинг замонавий “ташриф қоғози” бўлади.
Давлатимиз раҳбари шу ерда хоразмлик ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
– Ҳар қандай захира, ерости бойликлари қачонлардир тугайди. Лекин боболаримиз бизга шундай буюк маънавий мерос, улуғвор обидалар қолдирганки, улар асрлар давомида халққа хизмат қилиб келаяпти. Биз мана шу бойликдан элимиз манфаати йўлида фойдаланишимиз керак. Анча ишлар қилинди, лекин ҳали режалар ҳам кўп. Мен бу йўлда сиз, ёшларга ишонаман. Сизлар баланд чўққиларни кўзлаб, шунга яраша билим олсангиз, замонавий касбларнинг устаси бўлсангиз, юксак мақсадларимизга, албатта, эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ёшларнинг ўқишдаги муваффақиятлари, орзу-интилишлари ҳақида фикр алмашилди.
Хива шаҳрида “Арда Хива” халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросими бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев маросимдаги нутқида вилоятнинг буюк ўтмиши ва бугунги туризм салоҳияти ҳақида сўзлади.
– Хоразм дунё цивилизацияси ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ гавҳаридир. Бу кўҳна юрт жаҳонга донғи кетган не-не олиму фозиллар, саркарда ва султонлар, азиз авлиёлар, бетакрор шоир ва ҳофизлар ватанидир, – дея таъкидлади давлат раҳбари.
Бу ердаги муҳташам тарихий обидалар бебаҳо бойлик экани қайд этилди. Очиқ осмон остидаги шаҳар-музей – “Ичан қалъа” мажмуаси умумбашарият хазинаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Вилоятда 260 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. Улар ўзининг ноёб ва гўзал меъморий қиёфаси билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг жаҳон равнақидаги бетакрор ўрнини белгилаб берадиган тирик тарихдир.
Бугунги кунда бунга асосланиб, туризмни ривожлантиришга алоҳида стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилмоқда. Тарихий ёдгорликлар, маданий мерос объектлари асраб-авайланиб, глобал туризм тармоғига фаол жалб қилинмоқда.
Шу билан бирга, ўзида тарих ва замонавийликни мужассам этган йирик туристик мажмуалар ҳам барпо қилинаётир. “Арда Хива” шундай улкан режаларнинг яна бир амалий натижасидир. Ушбу муҳташам халқаро туристик масканда 17 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари, 9 та ресторан, очиқ ва ёпиқ аквапарклар, 3 минг ўринли амфитеатр, 5 та кино ва концерт зали, кўргазмалар павильони, 70 та дўкон, 300 та савдо растаси, 11 та ҳунармандлар уйи, Шарқ бозори ва заргарлик маркази, фавворалар, соҳил бўйи йўлаги бор.
Бундай ишлар ҳисобидан вилоятга туристлар оқими қўшимча равишда 1 миллион нафарга ошади, хизматлар 1,2 триллион сўмга кўпаяди, камида 2 мингта иш ўрни яратилади.
– Ишончим комил, “Арда Хива” Хоразмдаги туризм ривожида янги саҳифа очади, вилоятнинг иккинчи “ташриф қоғози”га айланади. Ушбу бетакрор маскан Хоразмга, бутун халқимизга муборак бўлсин, – деди Президентимиз.
Яна бир янгилик – энди Хива туманидан 2 минг 400 гектар ер Хива шаҳрига ўтказилиб, у жойда “Саҳро юлдузи” туристик мажмуаси бунёд этилади. Унда меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар, гастрономик ва савдо кўчалари, музейлар, экоуйлар, ёзги лагерь, экстремал туризм жойлари бўлади.
Шунингдек, Тупроққалъада чўл ҳудудидаги 5 минг гектар ерда сафари ва ов туризми ривожлантирилади. Урганч шаҳри, Шовот, Қўшкўпир, Хива ва Ҳазораспдан оқиб ўтадиган Ғазовот, Полвон, Шовот каналлари бўйларида 50 миллион долларлик 80 та хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар объектлари ишга туширилади. Боғот, Гурлан, Янгибозор ва Урганч туманида туризм қишлоқлари ташкил этилади.
Маъмун академияси биноси олдидаги 2 гектар боғ “Буюк алломалар” номли очиқ осмон остидаги “смарт” музейга айлантирилади. Шу асосда Хоразм юртида камол топган ўнлаб мумтоз аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, бой ижодий мероси интерактив усулда бир нечта хорижий тилларда сайёҳларга тақдим этилади.
Давлатимиз раҳбари Амударёнинг икки соҳилида жойлашган Хоразм ва Қорақалпоғистон элини Худои таолонинг ўзи тақдирдош қилиб яратганини таъкидлади. Шу боис Хоразмда туризмни ривожлантириш Қорақалпоғистон билан ҳамоҳанг равишда, ягона концепция асосида амалга оширилади. Бунинг учун “Хоразм – Қорақалпоғистон” туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилади. “Урганч – Гурлан – Манғит” автомобиль йўли тўлиқ реконструкция қилинади.
Сўнгги йилларда Хива шаҳрига темир йўл тортилиб, янги вокзал қурилди, “Бухоро – Урганч – Хива” темир йўли тўлиқ электрлаштирилди. 2026 йилда ушбу йўналиш бўйлаб Жалолиддин Мангуберди номи билан аталадиган замонавий тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Яқин келажакда бу тезюрар поездлар Нукусгача боради.
Президентимиз маросимда қатнашаётган хорижлик меҳмонларни ҳам қутлаб, ҳамкор элларга ҳурмат ва эзгу тилакларини билдирди.
– Бугун дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ўз йўлидан дадил бормоқда. Халқимиз тинчлик ва фаровонлик, дўстлик ва ҳамкорлик, бунёдкорлик руҳи билан яшамоқда. Бизнинг ҳар бир мақсад-режамиз, ҳар бир ислоҳотимиз одамларимиз ҳаётини яхшилашга, уларни рози қилишга қаратилган ва бу ишларимиз, иншооллоҳ, бардавом бўлгай. Аминманки, сиз, азизлар билан фидокорона меҳнат қилиб, Хоразм ва Қорақалпоғистонни дунёдаги энг гўзал ва обод, илм-фан ва инновациялар, маданият ва санъат янада ривожланган заминга айлантирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросим катта концерт намойиши билан якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА махсус мухбирлари
- Қўшилди: 02.05.2025
- Кўришлар: 171
- Чоп этиш