Австралия дунёда биринчи бўлиб “YouTube” ижтимоий тармоғи ўсмирлар учун тақиқланишини айтди. Энди видео алмашиш платформасидан озод қилиш тўғрисидаги олдинги қарор бекор қилинади. Бу ҳақда “Arab News” хабар берган.
Қитъа-давлатнинг Интернет назорати ташкилоти ўтган ой ҳукуматни мазкур тармоқ учун таклиф қилинган озодликни бекор қилишга чақирди. Сабаби, ушбу тузилма ўтказган тадқиқот 10-15 ёш оралиғидаги болаларнинг 37 фоизи айни тармоқда ножўя контент кўрганини аниқлаган.
“Мета” таркибидаги бошқа ижтимоий медиа компаниялари “YouTube” ман қилиниши адолатсизлигини таъкидлаган.
– Ижтимоий тармоқ муайян масъулиятга эга ва шубҳасиз, айни пайт онлайн платформалар болалар онгига салбий таъсир кўрсатиб, жамиятга ижтимоий зарар етказмоқда, – деди Бош вазир Энтони Альбанезе ўз баёнотида. – Австралиялик ота-оналар бизнинг бу масалада қатъий қарашга эгалигимизни билишини хоҳлайман.
Ўтган йил ноябрь ойида парламент қабул қилган қонунни бузган ижтимоий медиа тузилмалари декабрь ойидан бошлаб 32,2 миллион долларгача жаримага тортилган.
“YouTube” вакили компания кейинги қадамларни кўриб чиқиши, ҳукумат билан ҳамкорлик давом этишини билдирган:
– Ҳукуматнинг онлайн зарарни бартараф этиш ёки камайтиришга йўналтирилган мақсадини тушунамиз. Бизнинг қарашимиз ҳам аниқ: “YouTube” – бепул, юқори сифатли маълумот тўпламига эга видео алмашиш платформаси, ижтимоий медиа минбари эмас.
Алоқа вазири Аника Уэллс фикрича, онлайн ўйин ва хабар алмашиш иловалари, соғлиқни сақлаш, таълим сайтлари 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий медиадан кўра камроқ зарар етказади. Бу борадаги тегишли қоидалар қонун билан тартибга солинади.
– Қоида – унутиладиган сўзлар йиғиндиси эмас, тўплам ва таянчдир, – деган Уэллс.
М.Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 04.08.2025
- Кўришлар: 124
- Чоп этиш