Азиз Кўчал: Президент Мирзиёевнинг мазкур чиқиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини бошлаб берди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80 йиллигига бағишланган сессиясидаги чиқиши халқаро ҳамжамият томонидан муҳим воқеа сифатида баҳоланди ва кенг жамоатчилик эътиборини тортди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги музокаралари,  Президент Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги чиқиши халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари жамияти раиси Азиз Кўчал ҳам бу ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди:  - Президент Мирзиёевнинг мазкур чиқиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини бошлаб берди. Бу орқали мамлакат нафақат минтақавий, балки глобал муаммоларга ҳам амалий ташаббуслар орқали ечим топишга тайёр эканини намоён қилди.

Бу чиқиш фақат ўзбек халқи эмас, балки бутун Марказий Осиё — Турон диёри манфаатларини ҳам ифода этди. Мирзиёевнинг нутқи дўст ва қардош Ўзбекистоннинг халқаро мулоқотда фаол ва масъулиятли иштирокчи сифатидаги мавқеини яна бир бор тасдиқлади.

Ўзбекистонда бўлганимда, мамлакатда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги муҳим ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Айниқса, ижтимоий давлат қурилиши йўлидаги ишлар диққатга сазовор. Шунингдек, фуқаролик жамияти ташкилотлари учун яратилган имкониятлар кўпгина давлатлардан устунлиги билан ажралиб туради.

Бунга мисол сифатида, Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қўмитаси билан ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясини келтириш мумкин.  

Consumers International номли халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлган ушбу федерация мамлакатда кенг қамровли истеъмолчи ҳаракатини бошлаб, халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳам самарали фаолият юритмоқда. Тошкент, Самарқанд ва Хива каби шаҳарларда халқаро истеъмолчилар ташкилотлари тадбирларининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Бу эса мамлакатда фуқаролик жамияти соҳасидаги ислоҳотлар тизимли йўналишга эга эканини кўрсатади.

“Янги Марказий Осиё” концепцияси орқали Ўзбекистон яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ўзаро ёрдам механизмларини ривожлантиришга қаратилган амалий сиёсат юритмоқда. Шу билан бирга, Президент Мирзиёевнинг минтақавий инқирозлар, айниқса, Ғазо муаммоси бўйича тутган позицияси алоҳида аҳамиятга эга.

Президентнинг глобал масалалар юзасидан билдирган фикрлари фақат минтақа эмас, балки жаҳон миқёсида ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон қатъий равишда яхши қўшничилик, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш тарафдори сифатида намоён бўлмоқда.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech