БМТ Ғазода илк бор тўлиқ очарчиликни расман тасдиқлади

Очлик – инсоннинг қадр-қимматини ҳаётдан маҳрум бўлишидан олдинроқ йўқотади. Ота-онани қайси боласига озуқа беришни танлашга, кишини овқат излаб, ўз ҳаётини хавф остига қўйишга мажбурлайди. Афсуски бугун Ғазода ана шундай аянчли вазият кузатилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ҒАО), UNICEF, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўшма ҳисоботига асосан, секторда биринчи марта ҳалокатли очарчилик ҳолати расман эълон қилинди. Бу ҳақда “Kazinform” ёзган.

Мутахассислар тайёрлаган, Интеграциялашган озиқ-овқат хавфсизлиги босқичи таснифининг бир қисми сифатида чоп этилган навбатдаги ҳужжатда Ғазода ярим миллиондан ортиқ одам кенг тарқалган исрофгарчилик, маҳрумлик ва олдини олиш мумкин бўлган ўлимга олиб келувчи тўлиқ очарчиликка дуч келгани қайд этилган. Келгуси ҳафталарда очарчилик анклав шимолидаги Ғазо вилоятидан Дайр Ал-Балоҳ ва Хон Юнусгача тарқалиши тахмин қилинмоқда.

Хабарда тўлиқ очарчилик таснифининг уч муҳим жиҳати кузатилгани айтилган: ҳаддан зиёд озиқ-овқат танқислиги, ўткир тўйиб овқатланмаслик ва тўймасликдан ўлим. Маълумотга кўра, сентябрь ойи охиригача Ғазода 640 000 дан кўп фуқаро озиқ-овқат танқислигининг 5-босқич сифатида таснифланадиган ҳалокатли даражасига дуч келади. 1.14 миллион киши 4-босқич – фавқулодда вазиятга тушади, 396 000 инсон 3-босқич – инқироз ҳолатини бошдан кечиради. Биргина июль ойида болалар ўртасида 12 000 дан ортиқ ўта тўйиб овқатланмаслик ҳолати аниқланган. Бу – йил бошидаги рақамдан олти баробар кўп – рекорд даражадаги энг юқори ойлик кўрсаткич.

Ҳудудда болаларнинг қарийб тўртдан бир қисми энг ҳалокатли шакл – оғир ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, май ойидан бошлаб, 2026 йил июнига қадар тўйиб овқатланмасликдан ўлим хавфи остида қолган болалар сони уч баробар, яъни 14 100 дан 43 400 га кўтарилиши мумкин.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эълонни изоҳларкан, Ғазодаги очарчиликни “техноген фалокат, маънавий қоралаш ва инсониятнинг муваффақиятсизлиги” деб атади.

– Оммавий очарчилик шунчаки озиқ-овқат етишмовчилиги эмас, бу инсон яшаши учун энг зарур бўлган тизимнинг қулаши, – дейди БМТ раҳбари. – Одамлар оч қоляпти, болалар ўлмоқда. Ҳаракат қилишга мажбур бўлганлар эса ҳамон жим...

У Исроилда босқинчи давлат сифатида халқаро қонун бўйича аниқ, жумладан аҳолини озиқ-овқат ва тиббий буюмлар билан таъминлаш мажбурияти борлигини яна бир бор эслатди. Бош котибнинг инсонпарварлик масалалари бўйича ўринбосари, Фавқулодда ёрдам кўрсатиш бўйича мувофиқлаштирувчи Том Флетчернинг сўзларига кўра, ҳозирги очарчилик биринчи навбатда энг заиф қатламларга таъсир кўрсатади. Флетчер барча чегара манзилларини зудлик билан очиш, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни анклавга тўсиқсиз ва зарур миқёсда олиб кириш учун БМТга рухсат беришга чақирди.

Тузилманинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Турк ҳам Ғазо секторида очарчилик эълон қилинишига муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, инқироз “Исроил ҳукумати ҳаракатининг бевосита натижаси бўлиб, гуманитар ёрдам ва тинч аҳоли ҳаёти учун зарур бошқа товарлар олиб кирилиши ва тарқатилиши ноқонуний равишда чекланган”.

– Очликдан уруш усули сифатида фойдаланиш уруш жиноятидир ва кейинги ўлимлар ҳам қасддан қотиллик шаклидаги уруш жиноятини ташкил қилиши мумкин, – дейди Турк. – Мазкур қўшма баёнот шошилинч ва кенг кўламли инсонпарварлик ёрдами зарурлигини яна бир бор таъкидлайди.

Г.Сатторова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech