Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида Африка жанубидаги Эсватини давлати қироли Мсвати III мазкур анжуман мавзусида ўз мамлакати интилишлари тўлиқ акс этганини таъкидлади. Нотиқ бутун дунё давлат раҳбарлари, БМТ вакиллари ва делегатларга мурожаат қиларкан, денгизга тўғридан-тўғри чиқолмаслик нафақат географик омил, балки тараққиётнинг жиддий муаммоси эканига урғу берди.
– Юқори транспорт харажати ва ташқи таъсирга нисбатан заифлик тараққиётни секинлаштиради, – деди Мсвати III. – Бинобарин, бу муаммолар бизни инновацион фикрлашга, ҳамкорлик учун имконият қидиришга ундайди. Эсватини бугунги кунда инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл тизимини такомиллаштириш, божхона тартиб-таомилини соддалаштириш ва рақамли трансформацияни ривожлантиршга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу чора-тадбирлар ички ва минтақавий алоқалар кўламини кенгайтириш, савдо харажатини камайтириш, рақобатбардошликни мустаҳкамлашга қаратилган. Айни жараёнда биз минтақавий бозорга интеграциялашув, халқаро савдода фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпмиз.
“Turkmenistaninfo” ёзишича, Қирол мамлакатида амалга оширилаётган иқтисодий диверсификация стратегиясига ҳам батафсил тўхталган. Бу юртда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризм, қайта тикланувчи энергия манбалари, ахборот-коммуникация технологиялари ва хусусий сектор фаол ривожланмоқда. Ислоҳотлар ва тадбиркорлик ташаббуслари орқали ёшлар, хотин-қизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш дастурлари устувор йўналишлар этиб белгиланган.
Тизимли қийинчиликларга қарамай, Эсватини иқтисодиёти таъсирчан ўсиш суръатини намоён этмоқда. 2024-2025 йиллари мамлакат ялпи ички маҳсулоти миқдори 8 фоиз ошди, тоғ-кон саноати ва қурилиш соҳалари сезиларли ўсиш суръатини намоён этди. Даромад ортиши ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик ривожланиши туфайли бюджет тақчиллиги, давлат қарзи кескин камайди.
Қирол туризмнинг иқтисодий тараққиётга қўшаётган салмоқли ҳиссасини ҳам қайд этди. Мамлакат бой маданияти, ўзига хос табиати, анъанавий фестиваллари билан халқаро ва минтақавий сайёҳларни жалб қилмоқда. Инфратузилма инвестицияси ва жамоатчилик ташаббуси қишлоқларга барқарор даромад келтирмоқда. Инновация соҳасида биотехнология ва рақамли ечимларни илгари суриш учун Илмий-технологик парк ташкил этиш орқали дадил қадам ташланяпти. Рақамли инфратузилмага сармоя киритилмоқда, кенг кўламли ва рақамли саводхонликдан фойдаланиш имконияти кенгайтирилмоқда, савдони осонлаштириш ва минтақавий интеграцияни жадаллаштириш мақсадида электрон божхона тизими такомиллаштирилмоқда.
– Ҳамкорлик Эсватини стратегияси асосини ташкил этади, – дея таъкидлаган Мсвати III мамлакат халқаро ва минтақавий савдо ташаббусларида фаол иштирок этаётганини қўшимча қилди. – Қироллик аллақачон Жаҳон савдо ташкилотининг Савдони осонлаштириш тўғрисидаги битимини ратификация қилган, Жаҳон банки билан бирга бизнеснинг глобал бозорга киришини осонлаштириш учун миллий савдо ахборот порталини ишга туширган.
Сўзи якунида Қирол халқаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланиши, жумладан денгизга чиқиш имкони бўлмаган барча мамлакатлар манфаатига хизмат қиладиган минтақавий инфратузилма ва логистика маркази яратилишига умид билдирди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 05.08.2025
- Кўришлар: 161
- Чоп этиш