Бир қатор мамлакатларда очарчилик хавфи ортиб бормоқда, айниқса, Фаластин, Жанубий Судан, Гаити ва Малида вазият кескин, дейилади БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) қўшма ҳисоботида.
– Бу ҳисобот огоҳлантирувчи қўнғироқдир, -деди ЖОД ижрочи директори Синди Маккейн.
Унинг сўзларига кўра, муҳтожларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмай туриб, уларни қутқариб бўлмайди.
– Очлик олисда кўринаётган таҳдид эмас, у миллионлаб одамлар учун кунлик ҳақиқат, -деди ФАО бош директори Цюй Дунъюй.
Жанубий Суданда аҳолининг 57 фоизи ёки қарийб 7,7 миллион киши озиқ-овқат билан боғлиқ жиддий хавф-хатарларга дуч келиши кутилмоқда. Мамлакатнинг икки вилоятида очарчилик хавфи борлиги тасдиқланган.
Гаитида зўравонликларнинг кучайиши ва инсонпарварлик ёрдамининг йўқлиги пойтахт Порт-о-Пренс ҳудудидаги 8 минг 400 дан ортиқ аҳолини очарчиликка дучор қилди.
Малида ғалла нархининг юқорилиги ва давом этаётган зиддият уй хўжаликларининг захираларини тугатмоқда. Агар ёрдам кўрсатилмаса, 2 минг 600 киши очлик қурбони бўлиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 19.06.2025
- Кўришлар: 241
- Чоп этиш