Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ЖИДУ Ёзги мактаби иштирокчилари учун “Бола ҳуқуқлари: халқаро ва миллий қонунчилик ҳамда амалиёт” мавзуида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Ёшларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги билимларини ошириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш, уларга ҳуқуқий билимлар бериш мақсадида ташкил этилган тадбирда интерактив усуллар қўлланилиб, иштирокчилар мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлди.

Хусусан, семинарда иштирокчиларга бола ҳуқуқларининг халқаро-ҳуқуқий асослари, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатлар батафсил тушунтирилди. Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигида бола ҳуқуқлари қандай ҳимоялангани, бу борадаги амалиёт ва юзага келиши мумкин бўлган муаммолар муҳокама этилди.

Машғулотлар савол-жавоблар, кейс-стади таҳлиллари ва гуруҳ ишларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилди. Семинарда назарий билимлар амалий мисоллар билан мустаҳкамланди. Бу ёшларнинг мавзуга чуқурроқ кириб боришига ва долзарб масалалар юзасидан танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам берди.

ЖИДУ Юридик клиникаси мутахассислари томонидан ўтказилган ушбу семинар Ёзги мактаб дастурининг муҳим қисми бўлиб, келажакда ҳуқуқшунослик соҳасида фаолият юритишни мақсад қилган ёшлар учун қимматли билим ва кўникмаларни тақдим этди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА
- Қўшилди: 17.07.2025
- Кўришлар: 247
- Чоп этиш