АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Ахборот хизмати раҳбари Дилноза Юсупова ярим йиллик фаолият тўғрисида маълумот берди:
Жорий йилнинг 1-ярмида Болалар омбудсмани номига 885 та мурожаат келиб тушди.
Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан деярли 2 баробарга, яъни 47% га ошган.
Ўз навбатида, 665 та мурожаат Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан назоратга олинган бўлиб, 160 таси тегишлилиги бўйича юборилган, 60 та мурожаат такрорий бўлганлиги туфайли кўрилмасдан қолдирилди, назоратга олинган 61 та мурожаат эса ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, мурожаатларнинг 20 таси вояга етмаган шахслар томонидан йўлланган.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили 21 маротаба шахсий қабул ўтказилиб, қабуллар давомида 87 нафар фуқаро мурожаати қабул қилинди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга 6 та таъсир ҳужжатлари, яъни 1 та огоҳлантириш, 3 та хулоса ва 2 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилди.
Ўз навбатида, мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 2 та жиноят иши ҳамда 5 та маъмурий иш қўзғатилди. Болага жисмоний жазо қўллаганлиги ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 3 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сўровлари асосида тергов органи терговга қадар текширувни тўлиқ ўтказмаганлиги туфайли жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 3 та қарор прокурор томонидан бекор қилиниб, қайта ўрганиш учун юборилган, фарзандига нисбатан ота-оналик мажбуриятини бажармаганлиги юзасидан 2 та шахсни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича тақдимнома киритилди.
2) мониторинг фаолияти йўналишида бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга жами 8 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, муассасада сақланаётган болалар билан 120 дан ортиқ якка ва жамоавий учрашув ҳамда суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, Интернет тармоғи мониторинги давомида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид 185 та ҳолат мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилган ва бундан 60 та ҳолат болаларга нисбатан зўравонликка оид бўлиб, ўрганиш натижасида 16 та жиноят иши ҳамда 22 та маъмурий иш қўзғатилди.
Ўз навбатида, давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятида мониторинглар натижасида аниқланган бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан жами 5 та таъсир ҳужжати – 1 та тақдимнома, 1 та огоҳлантириш ва 3 та хулоса киритилди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг мурожаатлари ва болага қарши жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари 20 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этди.
3) Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш, боланинг манфаатлари бузилганлиги ҳолатларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш асосида Вазирлар Маҳкамасига 5 та, Ички ишлар вазирлигига 4 та сўров хатлари киритилди;
Болалар масалалари бўйича миллий комиссияси йиғилиш муҳокамасида кўриб чиқиш учун 13 та масалага оид таклифлар киритилди;
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар сўровлари юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари таъминланишининг айрим ҳолатлари юзасидан 12 та маълумот киритилди.
4) 2025 йилнинг февраль-март ойларида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2024 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги дастлабки маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилди.
Маълумот учун: Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2024 йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 18 мартдаги 101-сон қарори қабул қилинган ҳамда унда маърузадаги таклифларни амалга ошириш бўйича давлат органларига топшириқлар белгиланган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашиш бўйича махсус эксперт гуруҳи таркиби шакллантирилди.
6) Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга оид 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларига таклифлар берилди.
Давлат органлари фаолиятини мониторинг ва таҳлил қилиш асосида давлат органлари ва ташкилотларга бола ҳуқуқларига оид 11 та таҳлилий ахборот киритилди, мутасаддилар билан ҳамкорликда 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
7) Бола ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни тарғиб қилиш, бола манфаатлари ҳимоясига оид 1664 та медиа-материал жамоатчиликка эълон қилинди. Шундан, босма газета ва журналларда 8 та мақола, радио ва телевидениеда 40 та чиқиш, электрон ОАВларда 160 та расмий муносабат билдирилиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва Телеграм каналлар орқали 1050 та материаллар тақдим этилди.
8) Бола ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида қатор тадбир ва лойиҳалар ташкил этилди. Жумладан, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2025 йилнинг май ойидан “Бола ҳуқуқлари” малака ошириш онлайн курсини ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан амалий лойиҳа олиб борилди.
Мазкур курснинг мақсади - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, шунингдек, ижтимоий ходимлар, педагог ва психологларнинг бола манфаатларини ишончли таъминлаш бўйича малакасини ошириш; бола манфаатлари йўлида ўзаро идоралараро ишлаш механизмини самарали амалга ошириш институционал салоҳиятини шакллантиришдир.
Шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқа мутасаддилар учун махсус тренинглар цикли лойиҳаси олиб борилиб, хусусан, ИИВ тизимидаги терговчилар ва прокурорлар учун ҳамда таълим соҳаси вакиллари учун 2 та амалий тренинг ташкил этилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил МДҲга аъзо давлатларнинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари билан изчил ҳамкорлик доирасида хорижий давлат ҳудудида турли ижтимоий мураккаб вазиятда қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган болаларни Ватанга қайтариш, зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уни содир этган шахсга қонуний чора кўриш, болани васийликка бериш, унинг шахсига оид ҳужжатларини расмийлаштириш, болага тиббий хизмат ва ижтимоий кўмак кўрсатишга оид 15 та ҳолат ўрганилиб, Болалар омбудсманларининг ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ижобий ҳал этилди.
Хусусан, ота-онаси ва бошқа яқинлари томонидан берилган мурожаатлар асосида 5 нафар бола хориждан Ўзбекистонга олиб келинди, 1 нафар бола ўз юртига, Россия Федерациясига қайтарилди.
Шунингдек, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Болалар омбудсманлари ҳамкорлигидаги чоралар натижасида РФнинг турли ҳудудларида қаровсиз қолиб кетган 16 нафар болага бўлиб турган манзилида барча зарур шарт-шароитлар таъминланиб, сўнг улар Ўзбекистонга қайтарилди.
Бу Болалар омбудсманининг 2025 йилнинг дастлабки ярим йилдаги фаолиятига доир маълумотлар ҳақида қисқача танишдингиз. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола манфаатлари ҳимояси соҳасида ўз фаолиятини давом эттиради.
Расмий хабарлар Телеграм канали
- Қўшилди: 15.07.2025
- Кўришлар: 223
- Чоп этиш