Ташвишли ҳолат
Халқимиз болажон. Ота-она борки, ўз фарзандини ардоқлайди, авайлайди. Бироқ сўнгги йилларда айрим ота-оналар ва тарбиячилар болаларни уриб калтакламоқда, ҳатто тан жароҳати етказиш ҳолатлари ҳам учраб турганлиги ниҳоятда ташвишланарли ҳолатдир. Бундай нохуш хабарлар оммавий ахборот воситаларида ҳам тарқалмоқда.
Қайд этиш керакки, кейинги йилларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Уларнинг олдини олиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги ҳуқуқий механизмлари етарли даражада самарали эмас эди.
Халқаро ташкилотларнинг тадқиқотларига кўра, дунёда 1 миллиардга яқин болалар жисмоний, жинсий, руҳий зўравонликка ва ғамхўрликдан маҳрумликка дуч келишади, жабрланган болаларнинг 80 фоизи бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермайди.
Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпаймоқда.
2021 йилда болаларга нисбатан 1831 та жиноят содир этилгани маълум бўлган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 20 фоизга ошиб, 2194 тага етган. Ушбу даврда боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар сони 334 тадан 395 тага ошган. Бундай жиноятларнинг аксарияти Фарғона (719), Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Сўнгги уч йилда 2000 нафардан ортиқ фуқаро суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган.
Шунинг учун бу иллатнинг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш мақсадида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 15 август куни бўлиб ўтган мажлисда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан зўравонликдан жабр кўрган болаларга ҳимоя ордерини бериш тартиби белгиланди. У ички ишлар органлари томонидан 30 кунгача муддатга берилади ва зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилади.
Зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жиноят ишлари бўйича суд томонидан 1 йилгача узайтирилиши мумкин.
Болалар содир этилган зўравонлик оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш ва маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилиш, шунингдек, зўравонлик масалалари бўйича давлат органларига бевосита ёки қонуний вакил орқали мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун ота-оналарнинг масъулиятини оширади. Унда ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини асрашлари, уларга ғамхўрлик қилишлари ва зарарли таъсир кўрсатадиган ахборотдан ҳимоя қилишлари кераклиги назарда тутилган. Ҳужжатда болаларни тарбиялаш жараёнида уларни жисмоний жазолаш алоҳида тақиқланган.
Қонунда биринчи марта зўравонлик хавфи остида бўлган болаларнинг 12 тоифаси (етимлар, қаровсиз болалар, ақли заиф болалар, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланувчи болалар, таълим ва тарбия талабларига жавоб бермайдиган шароитларда бўлган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари) аниқ белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонлик қурбони бўлган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича индивидуал чоралар кўрилишини таъминлашга ёрдам беради.
Чораларга тажовузкор хулқ-атворни тузатиш ва жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш дастурлари киради.
Агентлик томонидан жабрланувчиларга бепул ёрдам кўрсатиш учун кечаю кундуз ишлайдиган ишонч телефони ҳам ташкил этилади.
Ҳужжат билан, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига берилган таърифлар сони 3 тадан (жисмоний, жинсий, руҳий) 6 тага (ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилди.
Умуман олганда, болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши жамиятнинг бугунги ва эртанги кунини белгиловчи масала саналади. Шундай экан, бу оила—маҳалла—жамият ҳамкорлигини талаб қилади. Тизимни тўғри йўлга қўйиш билан болаларни зўравонликнинг турли кўринишларидан асраш бўйича кўплаб муаммоларга ечим топса бўлади.
Алишер ЖАЛИЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман судининг раиси.
- Қўшилди: 06.11.2024
- Кўришлар: 892
- Чоп этиш