Брайл ёзувидаги ҳуқуқий нашрлар “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида беғараз тарқатилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича устувор йўналишлари доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Брайл ёзувидаги нашрлари чоп этилди.

Ушбу китоблар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда нашр этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мамлакатимиз тарихида илк бор Брайл ёзувида чоп этилган мазкур расмий ҳуқуқий нашрларни “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Имконияти чекланган болалар ва ёшлар Республика маркази, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси қошидаги 77-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати, “Инклюзив ҳаёт” Ўзбекистон Республикаси ногиронлар жамоат бирлашмаси, “Умидворлик” Имконияти чекланган болаларни ва уларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаш марказига беғараз тақдим этди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний имкониятидан қатъи назар, барчанинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга истеъдод ва қобилиятларини намоён этишлари, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ватанимизда яшаётган ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак”.

Конституциямизнинг IX боби фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди. Асосий Қонунимизнинг 14-моддасига биноан, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги давлат фаолиятининг асосий мезонларидандир.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида имконияти чекланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятлар таъминланмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлиши, шу жумладан ногиронлиги борлигидан қатъи назар, инсонни камситмаслик принцини ётади.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенглигини кафолатлайдиган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонунчилик ҳужжати ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этишда катта имкониятлар яратади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этишга, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг асосий қоидаларини амалга оширишга, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилини ҳаётга татбиқ этишга ёрдам беради.

Жисмоний имконияти чекланган ватандошларимизни қўллаб-қувватловчи турли ташкилотларга беғараз тарқатилган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда  “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Брайл ёзувидаги нашрлари кўзи ожиз инсонларнинг ҳуқуқий илмини оширишга, уларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини қулай тарзда ўқиб-ўрганишларига ёрдам беради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech