Буюк Британия ҳукумати Ла-Манш бўғози орқали ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун қўшимча 132 миллион доллар сарфлайди, деб ёзди “Guardian” газетаси мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига таяниб.
Ушбу маблағ Миллий жиноят агентлигининг қўшимча 300 нафар ходимига маош тўлаш, шунингдек муҳожирларни қиролликка ноқонуний олиб ўтишни ташкил қилувчи жиноий гуруҳлар тўғрисида маълумот тўплаш жараёнини кучайтириш мақсадида янги техника ва технология жорий этишга йўналтирилади.
Аввалроқ расмийлар 2025 йил бошидан буён Ла-Манш орқали Буюк Британияга 25 000 дан ортиқ ноқонуний муҳожир ўтганини маълум қилганди. Ушбу рақам июль ойи охиридаги рекорд кўрсаткич.
Ноқонуний мигрантлар, одатда, Буюк Британияга бориш ва қочқин номини олиш учун ҳар хил имкониятларни қидиради. Бу мақом муҳожирга муайян молиявий имтиёз беради, ижтимоий дастурлардан фойдаланиш учун имконият очади.
2024 йил Буюк Британияга Ла-Манш орқали қайиқда аввалги йилга нисбатан сезиларли даражада кўп - 36 800 нафарга яқин ноқонуний муҳожир кирган. Рекорд кўрсаткич 2022 йил қайд этилган: ўшанда қироллик 45 700 дан зиёд муҳожирни қабул қилган.
Ҳукумат бошпана изловчиларни меҳмонхоналарга жойлаштириш учун кунига бир неча миллион фунт стерлинг сарфлайди.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 05.08.2025
- Кўришлар: 157
- Чоп этиш