COP30: Иқлим ўзгаришига қарши кураш қандай кечмоқда?
Бразилиянинг Белем шаҳрида ўтаётган COP30 иқлим саммитида дунёнинг учинчи йирик карбонат ангидрид чиқарувчиси сифатида Ҳиндистон марказда турибди. Шунга қарамай, расмий Деҳли ҳали ҳам БМТга янги миллий иқлим режаси — “NDC3”ни тақдим этмаган.
Бу режа беш йилда бир марта янгиланади ва одатда янада амбицияли эмиссия қисқартириш мақсадларини ўз ичига олади. Шу пайтгача 196 давлатдан 120 таси режаларини топширган бўлсада, Ҳиндистон жараённи йил охиригача чўзишини маълум қилди.

Халқаро ташкилотлар Ҳиндистоннинг иқлим бўйича ҳаракатларини “етарли эмас” деб баҳоламоқда. Ҳинд расмийлари эса молиявий ва технологик ёрдам бўлмас экан, ривожланаётган мамлакатлардан кескин эмиссия қисқартиришни талаб қилиш адолатсиз эканини таъкидламоқда.
Таъкидланишича, ушбу ўлка делегацияси вакиллари Ҳиндистон ўзининг айрим ваъдаларини муддатидан олдин бажарганини эслатган, хусусан, электр қувватининг 50 фоизи ёқилғисиз манбалардан таъминланиши 2030 йилга мўлжалланган бўлсада, бу кўрсаткичга аллақачон эришилган.
Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг иссиқхона газлари эмиссияси 2024 йилда дунёдаги энг катта ўсиш суръатига эга бўлди, ундан кейин Хитой ва Индонезия турибди. ХХР аллақачон ўзининг янгиланган “NDC3” режасини тақдим этган.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский