“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Қонунда жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга экани кафолатланган. Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.
Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда, аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.
Давлат органлари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши зарур. Жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича давлат органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.
Адлия вазирлигида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилиш ҳолати ҳамда тизимда бу борада раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини янада оширишга қаратилган семинарда шу ҳақда гап борди.
Семинарда адлия органлари ва муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинди. Эришилаётган натижалар ва соҳани ривожлантиришга оид келгусидаги режалар кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 28.11.2024
- Кўришлар: 684
- Чоп этиш