Олий Мажлис делегацияси ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг ёзги сессиясида иштирок этмоқда

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Бухарест (Руминия)да бўлиб ўтаётган ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг ёзги сессиясида иштирок этмоқда.

Тадбирда ЕХҲТнинг 53 та иштирокчи давлатидан 300 дан ортиқ парламент аъзолари ва ҳамкорлик бўйича шериклар иштирок этмоқда.

Сессия доирасида Терроризмга қарши курашиш махсус қўмитаси мажлиси ҳамда Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва сув танқислиги муаммоларига бағишланган семинар ҳам ўтказилди. Ассамблеянинг учта қўмитаси йиғилишларида эса иштирокчи давлатлар ташаббус қилган резолюция лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

Сессияда парламент аъзолари ЕХҲТ ПАнинг Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигида илк бор ташаббус қилинган “Минтақавий ҳамкорлик ва парламент мулоқотини ривожлантириш орқали Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши ва сув танқислигининг кўп қиррали оқибатларини бартараф этиш” резолюциясини қўллаб-қувватладилар.

Мазкур резолюция жаҳон ҳамжамиятини минтақанинг экологик муаммоларига жалб этиш, Орол экологик инқирози оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳамкорликдаги ҳаракатларни ишлаб чиқишда муҳимлиги таъкидланди. Резолюцияда Ўзбекистон ҳукумати томонидан келишилган лойиҳаларни амалга жорий этиш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ижобий баҳоланди.

Сессия кун тартибидан ЕХҲТ маконидаги низоларни ҳал этиш, экология,  инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, сайлов жараёнини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, қатор ташкилий ва кадрлар масалаларини ҳал этиш, жумладан, бюджетни тасдиқлаш ва ташкилотнинг мансабдор шахсларини сайлаш каби масалалар ўрин олган.

ЕХҲТ ПАдаги туркий тилли давлатлар делегацияларининг учрашуви ҳам ўтказилди. Унда томонлар Ассамблея майдонида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

ЕХҲТ ПА сессияси жорий йилнинг 4 июлига қадар давом этади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech