Бугун Ўзбекистон халқаро майдонда ўзининг мустаҳкам позициясига эга мамлакат сифатида миллий ва минтақавий манфаатларни фаол илгари сурмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 80-юбилей сессиясидаги чиқиши ва илгари сурган ташаббуслари ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан юзма-юз учрашуви, Америка билан кўплаб манфаатли келишувларга эришилгани бунинг яққол намунасидир.
Президентимизнинг нутқи ва амалий учрашувларида, аввало, инсон капиталини ривожлантириш, миллий иқтисодиётимиз равнақи масалаларига эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. Айниқса, камсонли давлат раҳбарлари қаторида Ўзбекистон раҳбарининг Дональд Трамп билан ўтказган учрашуви АҚШ ва Ўзбекистон алоқаларида янги босқични англатади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Вашингтон расмийлари Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарор ва ислоҳотлар намунаси эканини кўра бошлади. Бу нафақат икки давлат алоқалари, балки иккала минтақа ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади.
Дональд Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирган постида “Мирзиёев бир сўзли инсон, биз бошқа кўплаб масалалар устида ҳали биргаликда кўп ишлаймиз” деб ёзиб қолдиргани биз учун ғурур ва ифтихор бағишлади.
Бу Ўзбекистон дунёнинг қайси мамлакати билан ҳамкорлик қилмасин, албатта, шартномаларга тўлиқ амал қилгани, давлатимиз раҳбарининг одилона, таҳлилий ва икки томонлама манфаатларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистоннинг барқарорлигига хизмат қиладиган ҳамкорликларни амалга ошираётганидан далолат беради.
Boeing билан 8 миллиард долларлик келишувга эришилгани Америка учун 35 мингдан ортиқ иш ўрнини яратса, Ўзбекистон учун аэропорт паркининг кенгайиши, халқаро рейслар кўпайиши, туризм оқимининг ошиши, инвесторлар сони кўпайишига олиб келади. Демак, Ўзбекистоннинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётига миллиардлаб капиталлар кириб келишига сабаб бўлади.
Интервьюнинг тўлиқ шакли билан қуйидаги видеоҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Муҳтарама Комилова, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА
- Қўшилди: 29.09.2025
- Кўришлар: 324
- Чоп этиш