Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15-16 апрель куни Андижон вилоятида бўлди.
16 апрель куни Булоқбоши туманида давлатимиз раҳбари раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Андижонда янги Ўзбекистон шукуҳи ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллага кириб бораётгани қайд этилди. Ўтган йили вилоятда 4 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлаган. 450 минг аҳоли ишли бўлган.
Вилоятда 1,5 миллион квадрат метр турар жой ва 850 минг квадрат метр нотурар жойлар қад кўтарди. Бунинг ҳисобига, ўтган йили савдо ва хизматлар 13 фоизга, саноат 7,5 фоизга ошди.
Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Андижонда иқтисодий салоҳият, янги лойиҳалар ва ташаббуслар кўп.
Йиғилишда кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, қурилиш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Аввало, 2025 йилда Андижон вилоятида камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 105 триллион сўмдан ошириш, 305 минг аҳолини банд қилиб, 150 минг одамни камбағалликдан чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Андижонда дастгоҳсозлик саноати яхши шаклланган. Лекин икки йилда вилоятга четдан 1 миллиард долларлик асбоб-ускуналар импорт қилинган. Агар уларни ўзимизда тайёрлаш ўзлаштирилса, иқтисодиётга қўшимча тушум, одамларга иш ўрни бўлади. Бундай ташаббускорларни қўллаб, сертификат ва зарур буюмлар олишига кўмаклашиш керак.
Шунингдек, машинасозлик-конструкторлик ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилади. Саноат тармоқларида талаб юқори бўлган импорт ускуналарнинг техник кўрсаткичлари ўрганилиб, маҳаллий корхоналарга муқобиллари таклиф қилинади. Бундай ускуналарни маҳаллийлаштириш истагидаги тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.
Вилоятдаги 13 минг гектар адирга сув чиқариб, бемалол экин экиш мумкин. Лекин у ерларга сув чиқаришда насос ишлатиш учун электрни нархи деҳқонларга оғирлик қилади. Шу боис қуёш панели ўрнатиш учун молиявий инструментлар қўлланади. Қўрғонтепада 300 гектар адирликда саноат усулида интенсив боғ ва узумзор барпо этилиб, тадбиркорларга тайёр ҳолда таклиф қилинади.
Бошқа ҳудудлардаги самарасиз иссиқхоналар Андижонга кўчирилиб, аҳолига лизингга берилади. Маҳаллаларга арзон уруғ ва минерал ўғит етказилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Балиқчи ва Олтинкўлда 5 гектардан иссиқхона ташкил этиб, 100 та эҳтиёжманд оилани даромадли қилган. Энди бу Улуғнор, Пахтаобод, Хўжаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳам йўлга қўйилади. Бундай замонавий иссиқхоналарни намунавий ташкил қилган маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади.
Вилоятдаги сунъий сув ҳавзаларининг атиги 23 фоизида интенсив усулда балиқ етиштирилаяпти, холос. Осиё тараққиёт банкидан 15 миллион доллар жалб этиб, 320 гектарда интенсив усулда балиқ етиштириш, 500 та хонадон билан кооперация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мутасаддиларга бу лойиҳани назоратга олиш, умуман, республикада балиқчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Андижонда туризм салоҳияти ҳам юқори. Хонободдаги Кампировот, Булоқбошидаги Ширмонбулоқ, Хўжаободдаги Тош ота маҳаллаларида туризм масканлари ташкил қилиб, сайёҳларни кўпайтириш имконияти бор. Бу йил соҳада 125 миллион долларлик 25 та лойиҳани якунлаш, 3,5 миллион хорижий ва маҳаллий сайёҳ жалб қилиб, туризм экспортини 200 миллион доллардан ошириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йил хорижий инвестициялар ҳажми 3,1 миллиард долларга етказилиши, 1 миллиард долларлик 23 та йирик, 321 та кичик ва ўрта лойиҳа ишга туширилиши қайд этилди. Экспортни 1,5 миллиард долларга, маҳаллийлаштириш ҳажмини 10 триллион сўмга олиб чиқиш имконияти бор.
Ҳар йили Андижондан Қирғизистонга 200 миллион долларлик экспорт бўлаяпти. Чегарадан 5 минг долларликкача бўлган маҳсулотни қўлда олиб ўтишга рухсат берилгани натижасида яна миллионлаб долларлик товар сотилаяпти. Ўзаро савдони кенгайтириш учун Қўрғонтепа ва Хўжаободда эркин савдо ва саноат зоналари ташкил қилиш таклифи билдирилди.
Вилоятдаги 360 та бўш ва самарасиз кўчмас мулкни қулай шартларда аукционга чиқариб, тадбиркорлик лойиҳаларига замин яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Сув оқими юқори бўлган ариқ ва каналларида 75 мегаватт қувватга эга кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти бор. Бунда қатнашадиган тадбиркорларга 3 йил имтиёзли давр билан 7 йилга 12 фоиз ставкада кредит берилади.
Қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам вазифалар кўп. Хусусан, бу йил 9 минг 700 хонадонли 245 та кўп қаватли уй қурилади. Бу соҳада 10 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Минг километрдан зиёд йўл ва кўприклар таъмирланади.
Хонобод – Андижон магистрал сув қувурининг қуввати етишмаслиги сабабли 6 та тумандаги 510 минг аҳолига сув етказиб беришда муаммолар бор. Шу боис Осиё тараққиёт банки иштирокида ушбу қувурнинг 2-тармоғини қуриш зарурлиги таъкидланди.
Қўшни давлатлар билан боғловчи йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, Андижон шаҳри билан туманлар ўртасида жамоат транспортини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Ижтимоий йўналишлар аҳоли турмушида бевосита акс этади. Андижонда бу йил юқори технологик жарроҳлик амалиёти улуши 40 фоизга етказилади. 15 минг нафар техникум битирувчисининг бандлиги таъминланади. 6 минг талаба дуал таълим билан қамраб олинади. Олий таълимнинг муҳандислик, тиббиёт, иқтисодиёт, аграр йўналишидаги 4 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Шу мақсадда, жумладан, тиббиёт таълими ва туризмини ривожлантириш, маҳаллаларда туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктларини кўпайтириш чоралари белгиланди.
Маълумки, салоҳияти ва кўникмасини оширган мактаб директорларини рағбатлантириш йўлга қўйилган. Энди бу тизим техникумларда ҳам жорий қилинади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили Бобур шаҳрида рассомлар фестивали ўтказилади. Ғолибларга Президент совғаси сифатида автомобиль берилиши эълон қилинди.
– Бугун Андижон ривожини янги босқичга кўтариш бўйича энг муҳим вазифаларни белгилаб олдик, барча масалаларга тўхталиб, вилоят учун зарур маблағларни ҳам ҳал этдик, – деди Шавкат Мирзиёев. Агар барчамиз бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб иш олиб борсак, ютуқларимиз янада кўпаяди, биз забт этолмайдиган марранинг ўзи бўлмайди, Андижон янада обод бўлади.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва бошқа мутасаддилар ўз йўналишлари бўйича ахборот берди. Вилоят ҳокими, 16 та шаҳар ва туман ҳокими аҳоли ва тадбиркорларни ҳар куни эшитиб, ҳозирги суръатни сақлаб қолиши, дунёдаги иқтисодий тебранишлар шароитида фавқулодда масъулият олиши лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Булоқбоши туманидаги “Файз-М” корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хомашёни қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Мазкур корхона ҳам мато тўқиш, бўяш ва тайёр трикотаж ишлаб чиқариш йўналишидаги йирик лойиҳалардан бири.
Бу ерда йилига 4 миллион 200 дона, 50 турдаги маҳсулотлар тайёрланади. Мингга яқин фуқаро иш билан таъминланган. Ходимлар малакасини ошириш ҳам эътиборда. Бунинг учун дизайнерлик маркази ташкил этилган.
Туркия, Германия ва Хитойдан келтирилган илғор ускуналар иш унумдорлиги ва маҳсулотлар сифатини таъминламоқда. Тайёр кийим-кечакларнинг катта қисми экспортга йўналтирилади. Йиллик экспорт салоҳияти 6 миллион долларга етган.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди. Сифат кўрсаткичлари устида ишлаб, қўшилган қийматни ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги “Имкониятлар олами” ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида яратилган шароитлар билан танишди.
Мамлакатимиз Конституцияси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси асосида инсонни қадрлаш кўлами кенгайди, бу соҳадаги хизматлар эҳтиёжмандларга яқинлаштирилмоқда. Айни йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида шу йил 3 февралда “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унинг ижроси доирасида илк бор Андижонда “Имкониятлар олами” ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ишга тушди.
Қарийб 5 гектар майдонга эга муассасада маъмурият, фаоллар зали, инклюзив таълим ва касбга ўргатиш бинолари, болалар майдончаси, спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси мавжуд.
Бу ерда ногиронлиги бор болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга қатнов асосида ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Жумладан, ижтимоий ва тиббий реабилитация хизмати, касбга йўналтириш, хорижий тилларни ўқитиш хизматлари ҳамда камбағал оилалар болалари учун қўшимча таълим хизматлари йўлга қўйилган.
Марказда 60 нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларни аниқлаш ҳамда бу ерга йўналтириш «Инсон» марказлари томонидан амалга оширилади.
Президент юртимизда илк бор ташкил этилган эрта аралашув хизмати билан танишди. Бу бўлим чақалоқликдан уч ёшгача бўлган болажонларни парваришлашга ихтисослашган. Шу вақтгача бундай ёшдаги болалар фақатгина ота-онаси қарамоғида бўлган. Махсус боғчаларга эса фақатгина 3 ёшдан кейин қабул қилинган. Эндиликда ҳомиладорлик вақтида ногиронлик хавфи аниқланса, оналарга шу бинода хизмат кўрсатилади. Бу уларнинг фарзандларига бўлган эътиборини мустаҳкамлашда кўмаклашади. Шунингдек, улар учун психологик маслаҳатлар берилади.
Президентимиз марказдаги қўшимча таълим хизматига мўлжалланган бинодаги шароитлар билан танишди. У ерда ногиронлиги бор болаларнинг мактабдан ташқари дарс қилишлари, илм олишлари, интернетдан фойдаланишлари учун имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, камбағаллик реестридаги оилалар фарзандлари ҳам келиб, инглиз, рус, корейс ва бошқа тилларни ўрганиши мумкин.
Таъкидлаш ўринлики, йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятида 10 мингга яқин камбағал оилаларнинг фарзанди боғчаларга жойлаштирилди, қарийб 29 минг нафарига тиббий кўмак кўрсатилди, 20 минг нафари ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди. Бу эса уларнинг “оёққа туриб”, иш билан банд бўлишига ёрдам беради.
Марказда кундузги парвариш хизмати ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда ногиронлиги бўлган инсонлар жисмоний ва ақлий машғулотлар билан шуғуллантирилади. Уларга ижтимоий ходимлар қараб туриши натижасида оиласидагиларнинг "қўли бўшаб", ишлаши мумкин бўлади.
Мазкур бўлимда парваришланаётган фуқаролар бундай ғамхўрлик туфайли ҳаётга қайтганини айтиб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
– Бу эътибор замирида сизнинг соғлиғингиз, яқинларингизнинг дарду ташвишлари бор. Кўнглингиз очилиб, ҳаётга умид уйғонганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бундай ғамхўрликни янада кенгайтириб борамиз. Сизлардан фақат сабр-тоқат, ишонч ва ҳаракат зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ижтимоий хизматлар марказида спорт мажмуаси ҳам бор. Унда ногиронлиги бор болалар учун мўлжалланган бадантарбия хонаси, сув ҳавзаси ташкил этилган. Эътиборли жиҳати, машғулот қурилмалари АҚШ ва бошқа хорижий давлатлардан келтирилган бўлиб, адаптив спортга мўлжалланган. Сув ҳавзаси ҳам болаларнинг ёшига монанд алоҳида қулайликларга эга.
Давлатимиз раҳбари имконияти чекланган болаларни соғломлаштириш, катта ёшдаги инсонларни ўзига мос ҳунар ва машғулотларга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Президентимиз Андижон вилоятидаги ижтимоий хизматлар марказига ташрифи чоғида спорт соҳаси ва олимпия ҳаракатига оид тақдимот билан ҳам танишди.
Бугунги кунда юртимизда 10 миллиондан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда. Туманларда, таълим ва меҳнат жамоаларида турли мусобақалар ўтказилмоқда.
Энди бу кўрсаткични 15 миллионга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун “Маҳалла лигаси”, “Мактаб лигаси”, “Талабалар лигаси”, “Вазир кубоги” ва “Касаба уюшмалари кубоги” каби мусобақалар ташкил этилади.
Шу йил 13 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида спортчи ёшларни саралаш ва маҳоратини ошириш бўйича топшириқлар берилган эди. Шунга мувофиқ, селекция, спорт таълими ва олимпия тизимини янги босқичга олиб чиқиш ишлари бошланган.
Бунда ҳудудлардаги 254 та спорт мактаби, олимпия йўналишларига ихтисослашган 56 та спорт мактаби миллий терма жамоаларга асосий захира бўлади. Жойлардан сараланган ёшлар тана антропометрияси ва қобилиятидан келиб чиқиб, мақсадли тайёрланади.
Уларни пишитиб бориш учун йилига икки марта “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалар тизими йўлга қўйилади. Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили декабрда Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган “Президент Олимпиадаси”да иштирок этади. Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади.
Президентимиз спорт таълимида вертикал тизимни такомиллаштириб, илғор услуб ва ёндашувларни татбиқ қилиш зарурлигини таъкидлади. Спорт мактабларининг натижадорлигини ошириш, қобилиятли ёшларни етук спортчилар этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи давомида ҳудудда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштираётган хорижий компаниялар вакиллари билан учрашди.
Йиғилишда қайд этилганидек, бу йил Андижонда қуввати 24 мегаватт, кейинги йил яна 20 мегаватт бўлган жами 763 та кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш режалаштирилган.
Хитой компанияларидан бири вилоятда микро ГЭСлар учун керакли ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Қайд этилганидек, қурилган ГЭСларга 1 йил давомида бепул сервис хизмати кўрсатилади.
Куни кеча Бобур шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши эълон қилинган эди. Кўплаб сармоядорлар шаҳар қурилишида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.
Жумладан, хитойлик инвестор 250 миллион доллар инвестиция ҳисобига замонавий мажмуа қурмоқчи. Лойиҳага мувофиқ, 55 гектар ҳудудда бизнес маркази, меҳмонхона, савдо марказлари ва 3 минг хонадонга мўлжалланган уй-жой қурилади.
Учрашувда шу ва бошқа лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга инвестицияларни кўпайтириш, инвесторлар билан яқиндан ишлаб, зарур шароитларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари
ЎзА
- Қўшилди: 17.04.2025
- Кўришлар: 184
- Чоп этиш