12 октябрь куни Москвада “Евроосиё маконида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари: Омбудсманлар ўртасида энг мақбул амалиётлар алмашинуви” мавзуида Бешинчи халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Халқаро анжуманнинг биринчи ялпи мажлисида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро ва миллий тажриба муҳокама қилинди.
Илмий-амалий конференциянинг иккинчи ялпи мажлиси экология соҳасидаги инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланди. Шу муносабат билан Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова ер юзида аҳоли сонининг жадал ортиб бориши, бир қатор давлатлар ва минтақалар иқтисодиётининг изчил ривожланиши ҳамда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин ортиши каби омиллар атроф муҳит ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Т.Москалькова қайд этганидек, «Экология муаммолари — илгари фақат алоҳида ҳудудларгагина хавф туғдирган бўлса, эндиликда трансмиллий ва глобал кўлам касб этмоқда».
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бугунги кунда экологик таҳдидлар – бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киришига эътиборни қаратди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.
Бу ўринда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессиясида Инсоннинг соғлом ва тоза атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи тўғрисида, шунингдек БМТ Кенгашининг Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачисини 3 йил муддатга тайинлаш ҳақида алоҳида резолюциялар қабул қилганини таъкидлаш лозим.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига катта эътибор қаратилаётгани жуда муҳимдир. Ўзбекистон томони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида ушбу йўналишда қуйидаги янги ташаббусларни илгари сурди:
биринчи ташаббус – Ўзбекистон 2022 йилда Оролбўйи ҳудудида, яъни Нукус шаҳрида «яшил» энергетика бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро Форум ўтказади;
иккинчи ташаббус – мамлакатимиз Биохилма-хиллик бўйича Глобал ҳадли дастурнинг яқин истиқболда қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди ва келгусида Биохилма-хиллик конвенцияси иштирокчиларининг йиғилишларидан бирини ўз ҳудудида қабул қилишга тайёр;
учинчи ташаббус – БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф муҳит бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф қилинди;
тўртинчи ташаббус – ана шу Ассамблеяда БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриш мўлжалланмоқда.
Онлайн шаклда ташкил этилган анъанавий тадбирда халқаро ташкилотлар, Евроосиё маконидаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, Омбудсманлар, парламентлар аъзолари, академик ҳамжамиятлар вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари фаоллари қатнашди.
Халқаро анжуман якунида иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари асосида халқаро илмий-амалий конференциянинг резолюцияси қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.10.2021
- Кўришлар: 3584
- Чоп этиш