“Тотув эл тўзимас”. “Бирлик бор жойда тириклик бор”. “Дўстлик – бемисл хазина”. “Илмли элга нур ёғилар”. “Таниган жойда бўй сийланар, танимаган жойда тўн сийланар”. “Кўп яшаган билмайди, кўпни кўрган билади”. “Якка ёғоч уй бўлмас, ёлғиз йигит бий бўлмас”. “Оға бўлар йигитнинг этак-енги кенг бўлар”.
Ушбу ўгит ва ҳикматларнинг айримлари ўзбек ҳамда қорақалпоқ халқларининг пурмаъно мақоллари ҳисобланса, бошқалари Қорақалпоғистоннинг таниқли оқсоқоли, давлат ва жамоат арбоби Қаллибек оға Камоловнинг онг-тафаккурида қарийб бир аср давомида чархланиб-сайқалланган ибратли фикрлар қаймоғидир. Бу каби дурдона ҳикматлар ҳурматли оқсоқолимизнинг 2021 йили Нукусдаги “Билим” нашриёти чоп этган “Эл хизматида” номли салмоқли хотира китобида кўплаб учрайди.
Ушбу китоб 1995 йили “Қорақалпоғистон” нашриётида, 2018 ва 2019 йилларда эса “Билим” нашриётида қорақалпоқ тилида уч марта қайта нашр этилган. Ҳар бир янги нашр мазмунан бойитилиб, муаллифнинг мустақиллик даврида юртимизда эришилаётган улкан ютуқларга муносабати билан изчил тўлдириб борилган.
Жорий йилда китобнинг қайта ишланган ва тўлдирилган тўртинчи нашри ўзбек тилида илк бор чоп этилди. Китобда асосан Қаллибек оға қорақалпоқ элига раҳбарлик қилган ХХ асрнинг 60-80-йилларида юз берган воқеа-ҳодисалар қаламга олинган. Мазкур хотираларда Қорақалпоғистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётига оид кўплаб тарихий воқеалар, муҳим далил ва рақамлар қайд этилган.
Қаллибек Камолов 1926 йили Орол денгизи бўйидаги “Тербенбес” деган маконда дунёга келган ва чорак аср давомида, яъни 1963-1984 йилларда Қорақалпоғистон Республикасига раҳбарлик қилган, бир қатор масъул вазифаларда ишлаган. Собиқ Иттифоқ Олий Совети депутатлигига 6 марта сайланган, Ўзбекистон Олий Советига Қорақалпоғистондан вакил бўлган. Қорақалпоғистонда халқ хўжалигини ривожлантириш йўлидаги узоқ йиллик самарали хизматлари учун кўплаб нуфузли давлат мукофотлари, хусусан, 1973 йили “Социалистик Меҳнат Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.
Қаллибек оға дунё кезган ва ҳаётнинг баланд-пастини кўрган донишманд инсон. Жаҳоннинг қарийб йигирмата давлатида бўлган. Хусусан, 1984-1986 йилларда дипломатик соҳага ўтиб, Руминиянинг Констанца шаҳридаги собиқ Иттифоқ Бош консули лавозимида ишлаган. Устозга 1984 йили Биринчи даражали Фавқулодда ва мухтор элчи мақоми берилган.
Энг муҳими, Қаллибек оға шунчалик сермазмун ҳаёт йўли ва улкан тажрибага эга бўлмасин, ҳамон ёшлардек ғайрат-шижоатга тўла экани оқсоқолнинг мемуари – хотира китоби саҳифаларидан шундоққина сезилиб туради. “Кучни атрофда юз бераётган ўзгаришлардан олаяпман. Шиддатли ислоҳотлар жараёнини кузатиб, ҳеч бир муҳим воқеани ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилаяпман”, дейди оқсоқол.
Бугунги кунда ҳаёт қанчалик тез ўзгараётганини кўриш, таққослаш учун узоқ жойларга боришга ҳожат қолмади. Қорақалпоғистонда ҳам ишлар қизигандан-қизиб кетди. Айниқса, Мўйноқ шаҳри бу янгиланишларнинг марказида бўлгани Қаллибек оғани чексиз ҳайрат ва ҳаяжонга солди. Сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар Мўйноқ учун нажотбахш йўл бўлди. Ахир ўз вақтида бу ердан ҳамма кўчиб кетишни бошлаган, бор-йўғи, 13-14 минг аҳоли қолган эди. Ҳозир эса 30 мингга яқин киши яшаяпти. Бу ерда аэропорт, стадион, спорт мажмуаси, амфитеатр ва бошқа иншоотлар пайдо бўлди, инфратузилма қайта тикланиб, тадбиркорлик ривожланмоқда, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам ортмоқда. Одамларнинг ўзида маиший турмушни яхшилаш, жонажон ўлканинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш истаги кучайди.
Китобда муаллифнинг ҳаётий муаммоларга, жумладан, тил, адабиёт ва тарих фанларига оид фикр-мулоҳазаларига ҳам кенг ўрин берилгани бежиз эмас. Қаллибек оға ўзининг кўп йиллик бой ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, бугунги ёш авлод вакилларини муносиб тарбиялаш бўйича билдирган қимматли таклифлари ва фойдалари маслаҳатлари китобнинг долзарблиги ҳамда маънавий аҳамиятини янада оширган.
Қаллибек оғанинг 22 фаслдан иборат “Эл хизматида” китобини мутолаа қилиш асносида алоҳида эътиборимни тортган айрим жиҳатларга қисқача тўхталаман.
Биринчи жиҳат – ўзбек халқининг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адибва журналист Шароф Рашидов шахсига нисбатан чексиз меҳр ва садоқатга йўғрилган муносабат. Қаллибек оға: “Шароф оғани ўзим учун дунёдаги энг қадрдон инсон, ғамхўр дўст ва улуғ устоз деб билдим”, дея эътироф этади. Шароф Рашидов ҳақида ҳар гал ўзининг холис фикрларини баён этар экан, “Ҳар бир инсон – ўз даврининг фарзанди”, деган ҳақиқатни уқтиради.
Иккинчи жиҳат – Қаллибек оғанинг қалб қўридан яралган ушбу китобида балқиб турган ватанпарварлик ва миллатпарварлик туйғулари китобхонни асло бефарқ қолдирмайди. Муаллиф “ўзбек – ўз оғам” дер экан, ватанпарвар инсон сифатида Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқининг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйса, Қорақалпоғистон замини ва қорақалпоқ халқининг тарихини ўрганиш, миллий тили, маданияти ва санъатини ривожлантириш ҳақида астойдил қайғуриши орқали ўзининг ҳақиқий миллатпарварлигини намоён этади.
Китобда Қорақалпоғистон Республикасида илм-фан ривожининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилган.Жумладан,“бизда юридик фанга ҳалигача эътибор етарли эмас. Бу соҳа бўйича республикамизда саноқли фан докторлари бор. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида юридик фанлар сектори ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”,деб ёзган Қаллибек оға.
Учинчи жиҳат – муаллифнинг аёл зотига, хотин-қизлар, болалар ва оилага нисбатан меҳр-муҳаббат, эътибор ҳамда чуқур ғамхўрликка йўғрилган муносабати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Қаллибек Камолов ўзининг юрт оғаси сифатида қорақалпоғистонлик хотин-қизлар турмуш тарзини обод этиш, аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари хусусида кўплаб мисоллар келтирган. Китобнинг “Қорақалпоқ хотин-қизлари” номли боби тўлиқ шу мавзуга бағишланган.
Эл орасида: “Бир уйни етти эркак тўлдиролмайди, бир аёл тўлдиради”, деган нақл бор. Китобда айни мавзуда баён этилган ўнлаб мақолу ҳикматлар билан муаллифнинг ўз турмуш ўртоғи тўғрисида ёзган самимий дил изҳорлари ўртасида ажиб бир ҳамоҳанглик бор. Қаллибек оға 70 йилдан ортиқ вақтдан буён умр йўлдоши бўлиб келаётган суюкли рафиқаси ҳақида сўз юритар экан: “Любовь Семёновна раҳматли отамга сидқидилдан хизмат қилиб, унинг дуосини олган. Менинг баракали меҳнат қилиб, раҳбар сифатида камолга етишимда умр йўлдошимнинг хизматлари жуда катта эканини алоҳида таъкидлашни бурчим деб биламан”, дея эътироф этган.
Бинобарин, “Эл хизматида” китоби, бир томондан, тажрибали эл оғаси, иккинчи томондан, юксак маданиятли бир оиланинг ибратли етакчиси қаламига мансуб экани билан, айниқса, аҳамиятли ва фойдалидир. 2017 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган, 100 ёш билан юзлашаётган Қаллибек Камоловнинг умри бардавом бўлсин!
“Эл хизматида” китобининг ўзбекча нашри муборак бўлсин!
Ҳурматли оқсоқолимизни ижод завқи ҳеч қачон тарк этмасин!
Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари
Манба: Ўзбекистон РеспубликасиОлий МажлисиҚонунчилик палатаси
"Nuroniy" газетаси
- Қўшилди: 15.10.2021
- Кўришлар: 3643
- Чоп этиш