Муносабат
Муҳими, бундай ҳисобрақамлар нафақат банклар, балки нотариуслар томонидан ҳам очилиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойлар қурилишида алдов, тушунмовчиликларга барҳам бериш учун уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли “эскроу” тизими жорий қилиниши қайд этилди.
Хўш, эскроу нима ўзи? Бу тизим уй-жой қурувчилари билан қурилиши тугалланмаган уйларни сотиб олувчилар ўртасида ҳозир учраётган қандай муаммолар ва низоларга ечим бўла олади? Шу ҳақда кенгроқ тўхталамиз.
Олимлар билан бўлган суҳбатларда эскроу тизимини миллий қонунчилигимизга жорий қилиш ҳақидаги фикрларни эшитганман. Тизим ҳақидаги назарий маълумотлар билан танишиб, бу институт амалдаги аккредитив шартномасига конструктив жиҳатдан ўхшаркан, деган фикрга борганман.
Эндиликда мамлакатимиз ҳам уй-жой сотиб олишда эскроу тизими жорий қилинади.
Эскроу – инглизча “escrow” сўзидан олинган бўлиб, пул ёки мол-мулкни сақлаш, деган маънони англатади. Бунинг моҳияти ишнинг буюртмачиси, хизматнинг буюртмачиси ёки товар олувчиси томонидан тўланган пуллар, иккинчи томондан ўз мажбурияти лозим даражада бажарилмагунга қадар тўланган маблағлар музлатилган ҳолда учинчи шахс томонидан сақланишини назарда тутувчи ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Бунда, ишни бажарувчи, хизмат ижрочиси, товарни топширувчида ишни бажарган, хизматни кўрсатганидан ёхуд товарни топширганидан кейин унинг ҳақини ололмаслик хавфи камаяди. Ўз навбатида, иккинчи томонда пулини тўлаганидан сўнг иш, хизмат ва ашёдан қуруқ қолиш хавфини камайтиради
Англо-саксон ҳуқуқ оиласи ва романо-герман ҳуқуқ оиласида “Escrow” (инглизча) ва “Treuhand” (немис) механизмлари кенг тарқалган. Германияда эскроу ҳисобрақам очиш ва уни юритиш бўйича хизматларни нафақат банклар кўрсатиши, балки нотариуслар, солиқ агентлари, аудиторлар ҳамда адвокатлар ҳам амалга ошириши мумкин.
Мисол учун, нотариус томонидан очилган эскроу ҳисобварағига кўра (Notar-Anderkonto) нотариус олди-сотди шартномасининг бажарилишини назорат қилиб боради ҳамда шартнома шартлари бажарилгандан кейин пулни сотувчига бериши мумкин бўлади.
Шу ўринда савол туғилади: биз ҳали қонунга эскроу ҳисобварағи шартномасига оид нормаларни киритмасдан туриб бундай шартномани туза оламизми? Албатта. Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети профессори Қ. Меҳмонов яқинда эълон қилган мақолаларида ҳам таъкидлаб, Фуқаролик кодексининг 354-моддасида тарафлар қонунчилик назарда тутилмаган шартномани ҳам тузиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.
Демак, бундай ҳуқуқий механизмдан фойдаланишнинг имкони мавжуд. Фуқаролик қонунчилигида қонун билан тақиқланмаган муносабатга киришишга, жумладан, шартномалар тузишга ҳеч қандай чеклов йўқ.
Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг 860-7-моддаси эскроу ҳисобрақам шартномаси ҳақида бўлиб, эскроу ҳисобварақ шартномаси бўйича банк (эскроу агент), агар қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, ҳисобварақ эгасидан (депозит қўювчидан) олинган маблағларни бошқа шахс (бенефициар)га ўтказиш мақсадида ҳисобга олиш ва хатлаш учун махсус эскроу ҳисобварағини очади. Эскроу ҳисобварағида сақланаётган пул маблағларига нисбатан ҳуқуқлар бенефициарда ҳисобварақдаги пулларни олиш ҳуқуқи пайдо бўлгунга қадар депозит қўювчига тегишли бўлади, ундан сўнг бенефициарга тегишли бўлади.
Мазкур механизмнинг мамлакатимизда фуқаролик шартномаларини тузиш ва уларни ижро қилишда фаол қўлланилиши фуқароларимизнинг мулкий ҳуқуқлари бузилиши, пул тўлаб, кейин мол-мулксиз қолиши ва бошқа юз бериши мумкин бўлган ноинсоф хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга йўл очади. Қолаверса, бу судлар томонидан кўрилаётган низолар сонининг камайишига ҳам хизмат қилади.
Гулруҳ МАМАРАИМОВА,
Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур
туманлараро судининг судьяси.
ЎзА
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 1007
- Чоп этиш