Фикрни эркин ифода этишнинг халқаро андозалари

Халқаро ҳуқуқ билан ички ҳуқуқ, яъни миллий қонунчилик ўртасидаги ўзаро мувофиқлик масаласи ҳар қандай мустақил давлат учун долзарб ҳисобланади. Чунки ушбу муҳим омил давлат мустақиллиги принципига амал қилиш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш жараёнларига бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Муқаддима”сида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинишига урғу берилган. Яъни, ушбу конституциявий норма инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш фақатгина давлатнинг ички иши эмаслигини англатади.

Бундай ёндашув сўз эркинлиги, фикрни ифода этиш эркинлиги ва сайлов ҳуқуқига ҳам бевосита дахлдордир. Сайлов жараёнларида сўз эркинлигини таъминлашга доир халқаро ҳуқуқ нормалари ва ҳуқуқий андозаларга амал қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда аҳамияти қуйидаги инсон ҳуқуқлари:

биринчидан, инсоннинг ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқи;

иккинчидан, сиёсий жараёнда, яъни сайловда иштирок этиш ҳуқуқи тўла таъминланиши билан белгиланади.

Сайловлар даврида фикрни ифода этиш эркинлиги:

биринчидан, оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнларини эркин ёритиш ҳуқуқини;

иккинчидан, барча номзодлар ва партияларнинг ўз мурожаатларини сайловчилар эътиборига етказиш ҳуқуқини;

учинчидан, сайловчиларнинг номзодлар ва партиялар, шунингдек сайлов жараёни ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш учун зарур.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда дунёда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, эркин демократик адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасига доир йигирмадан зиёд халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд.

Сайлов ҳуқуқи соҳасига тааллуқли халқаро принциплар ва андозалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қатор халқаро универсал ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ўринда, хусусан:

  • Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддаси;
  • Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддаси;
  • Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 5-моддаси;
  • Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги декларациянинг 6-моддаси ҳақида сўз бормоқда.

Сўз ва фикр эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли. Сайловчиларнинг бу борадаги эркинликлари таъминланиши, шубҳасиз, уларнинг тўла ва аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи нечоғлик ижобат этилишида намоён бўлади. Сиёсий партиялар ва номзодларнинг бундай эркинликлари эса ўз қарашларини эркин, ҳеч қандай сохталаштиришларсиз баён эта олиш, шунингдек бу фикрлар сайловчиларга тушунарли бўладиган даражада етарли вақтга эга бўлиш лаёқатига боғлиқ.

Оммавий ахборот воситалари эркинлиги, ўз навбатида, ҳокимият вакилларини, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни ва бошқа баҳслашаётган кучларни ҳеч қандай монеликсиз саволга тутиш, ҳар қандай цензура, қўрқитиш ёки сиёсий тазйиқ ўтказишдан холи равишда танқид қила олиш ҳуқуқининг рўёбга чиқишини англатади.

Ана шу эркинлик ижобати сифатида намоён бўладиган журналист сўзи кўпинча жамоатчилик фикрини тубдан ўзгартиришга қодирдир. Бундай масъулият оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнларини ёритиш билан боғлиқ фаолияти амалдаги қонунчиликка тўла мос келишини, ҳамкасбларимиз эса имкон қадар холислик, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлик талабларига жавоб беришини тақозо этади.

Шу маънода, сайловлар оммавий ахборот воситалари учун ҳамиша жиддий синов бўлиб келган. Сайлов ҳуқуқи ва эркинлигининг таъминланиши, сайловнинг очиқлиги, ошкоралиги кўп жиҳатдан матбуот, бошқа оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнларини нечоғлик эркин ва демократик тарзда ёритишига боғлиқ. Зеро, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги демократиянинг ўзига хос белгиси ҳисобланади.

Сўз ва фикр эркинлиги – демократия белгиси. Демократия ва сайлов тушунчалари эса доимо ёнма-ёндир.

Сайлов – демократия дегани, ўз галида, демократия – бу сайлов деганидир.

Айнан сайлов пайтида сиёсий партиялар ўзларининг асосий ва устувор фикр-қарашларини, ҳаётни қандай яхшилаш, ислоҳотларни қандай амалга ошириш, Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатнинг эртанги ҳаётини қандай барпо этиш борасидаги ғояларини илгари суради.

 

Ғ.Мирзонинг “Сўз эркинлиги ва сайлов ҳуқуқи –

халқаро андозалар ўлчамида” мақоласидан;

 “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”  журнали,

2021 йил 3-сон.

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech