Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб бир гуруҳ депутатлар томонидан ташаббус қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур Концепция лойиҳасини қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган.

Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлашда мустаҳкам замин бўлди.

2017 йилдан кейин фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш, конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича ишлар янгича мазмун касб этди. Давлат тарихий, диний, маданий аҳамиятга эга биноларни ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда. Зиёрат туризмини сифатли ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон учун ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Натижада Саудия Арабистонига қарийб 800 минг мусулмонлар ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш учун боришди.

Диний таълим тизими ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Илмий-амалий ёндашув асосида ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини ўрганиш, диний таассублар билан боғлиқ хавфларнинг мафкуравий асосларини тадқиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсата бошлади.

Шу билан бирга, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклашга қаратилган ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда.

Айни пайтда ташаббус қилинган ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.

Концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Концепциянинг қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, дунёвийликни турлича талқин қилинишини ҳамда бузилишининг олдини олишга, мамлакат аҳолисининг, айниқса ёшларнинг салоҳиятини юксалтиришга, кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг тотувлигини таъминлашга хизмат қилади.

Концепция лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш борасида тегишли қарор қабул қилинди.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинади.

 Сувдан фойдаланишга доир муносабатларнинг ҳуқуқий асослари такомиллатирилмоқда

 Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси сув ва сувдан фойдаланиш соҳасида ягона ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда. Бу нормалар сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулияти оширишга, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилишига хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологияларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ҳам назарда тутилмоқда.

Мажлисда депутатлар кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш, сувни истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари жорий этишга алоҳида аҳамият қаратгани қайд этилди.

Қайд этилганидек, Қонунчилик палатасининг жорий йил 24 январь куни бўлиб ўтган мажлисида кодекс лойиҳадаги айрим нормалар, яъни сув олиш тартибини бузганлик учун жарима санкциялари билан боғлиқ масалалар депутатларнинг эътирозли саволларига сабаб бўлиб, халқ вакиллари томонидан бир қатор таклифлар берилган эди.

Ўтган даврда масъул қўмита томонидан ушбу таклифлар чуқур таҳлил қилинди ва улар асосида лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилиб, маромига етказилди. Хусусан, олдинги таҳрирда сувдан фойдаланувчилар сув олиш шартномалари тузилмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун – базавий ҳисоблаш миқдори 30 фоиз этиб белгиланган норма, 5 фоиз миқдорида деб ўзгартирилди.

Депутатларнинг фикрича, кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, технологик модернизация қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Мажлисда кодекс лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Инсонпарварлик тамойилларига асосланган муҳим ҳужжат

Депутатлар “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 18 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан ратификация қилиш назарда тутилган Халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида имзоланган маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартнома инсонпарварлик тамойилларига асосланган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Унинг асосий мақсади — маҳкумларнинг жазони ўз фуқароси бўлган давлатда ўташлари яъни маҳкумлар ўз ватанида, оиласи яқинида жазони ўташ имконияти яратишга қаратилган. Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган. 

Шу билан бирга, ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ ҳаражатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олмоқда. Шартномага кўра, томонларнинг марказий органлари — Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош прокуратуралари этиб белгиланган.

Мазкур шартнома маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий реабилитациясини яхшилаш, уларнинг оилалари билан алоқаларини сақлаш имкониятини яратиш, шу билан бирга, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Эътиборлиси, шартноманинг ҳар бир нормасида маҳкум ва унинг оила аъзолари манфаатлари биринчи ўринга қўйилган бўлиб, бу инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва халқаро инсонпарварлик тамойилларига тўлиқ мос келади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech