Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш кучайтирилади

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун меҳнат миграцияси соҳасидаги хизмат кўрсатиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг масъулиятини кучайтириш, шунингдек, иш берувчилар ва ходимларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган.

Қонун билан хусусий бандлик агентликларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини кенгайтириш, иш вақтидан ташқари ишлашнинг давомийлигини белгилаш ҳамда иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур нормалар меҳнат миграцияси соҳасида қонунийликни таъминлашга, мигрантларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга, ноқонуний фаолиятга чек қўйишга ҳамда соҳага хусусий секторни жалб этишга қулай имконият яратади.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, миграция хизматларини рақамлаштириш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали хусусий сектор иштирокини рағбатлантиришга, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга, ташкилотларда иш унумдорлигини оширишга ва ходимларнинг даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.

Сенаторлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Миграция агентлиги вакиллари, маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, Ёшлар парламенти вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech