ҒАЛАБА БОҒИ ЁДГОРЛИК МАЖМУАСИ ФАЛСАФАСИ ҲАҚИДА МУҲТАШАМ БИТИК

(А.Х.Саидов. Ғалаба боғи фалсафаси. – Т.: “Tasvir nashriyot uyi”, 2021.–348 б.)

 

“Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига бунёд этилган бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан энг ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади”.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

ХХ аср ўрталарида таваллуд топган бизларга тенгдош авлод Иккинчи жаҳон уруши жароҳатларини жуда яхши билади. Чунки ўтган юз йилликнинг 50-йилларида уруш асоратлари ҳар хонадонда ва ҳар қадамда сезилиб турарди. Халқимизнинг турмуши ҳам ҳаминқадар бўлиб, уруш роса бездириб қўйган эди. Халқ орасида урушга қарши нафрат жуда кучли эди. Раҳматли отам етим қолгач, Бухоро воҳасига чўлиқ бўлиб кетган экан. Онам тенгилар колхознинг қўйини соғиб кун кечиришган ва бошоқ теришган. Раҳматли онам уруш йилларида кунжара еганларини таъкидлар, баъзан хасталанганда кунжара ҳиди келяпти деб айтарди.

Тоғам Муҳманиёзов Жумақул урушга кетгач, кўп ўтмай қора хат келган, уйда унга аза очишган. Кейин тоғам ногирон ҳолда урушдан қайтиб келган. Ногирон бўлса-да, хўжаликда бир умр мироб бўлиб ишлади, ногиронлиги нафақаси ва пенсиясини олмади. Ўн нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. “Хотира китоби”да тоғам бедарак кетган деб қайд этилган. У киши урушдан асло гапирмасди, телевизорда уруш ҳақидаги киноларни ҳам умуман кўрмасди.

50–60-йилларда биз ўспиринлар қишлоғимиздаги сабиқ уруш қатнашчилари таассуротларини яйлов ва пахтазорлардаги давраларда кўп эшитардик. Қариялар ҳар доим “Илоё, уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин!” деб дуо қилишарди. Хонадонларда урушга кетганларнинг ризқи – бир марта тишланган қаттиқ нонлар 70-йилларгача осиғлиқ турганини биламан.

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 20 йиллиги ўқувчилик, 30 йиллигини эса қишлоқ мактабида ўқитувчилик даврида нишонлаганман. У вақтларда қишлоқларда уруш қатнашчилари кўпчилик эди. Ҳозирги вақтда эса аксарияти бу ёруғ оламни тарк этишган. (Жойлари жаннатда бўлсин!)

Илмий тадқиқот ишим туфайли 1985 йил 9 майда собиқ Иттифоқнинг Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида бўлганимда, ғалабанинг 40 йиллиги тантаналари нишонланганини кўриб ва қатнашиб ҳайратда  қолганман.

Собиқ Иттифоқ таназзулга учрай бошлагач, аниқроғи ХХ аср 80-йиллари охирлари – 90-йиллари бошлари Иккинчи жаҳон уруши ғалабасини нишонлашга, уруш қатнашчиларига эътибор бир мунча сусайди. Ҳаттоки, уруш даври тарихи адабиётлари ва қадриятларига беписандлик билан қарала бошланди. Баъзан “Ўзбекистонда уруш бўлмаган-ку! Урушга нима алоқамиз бор” дегувчилар ҳам учраб турарди.

Ўзбекистон мустақиллиги туфайли Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонлашга катта эътибор берила бошланди. Айниқса, кейинги янги даврда ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бу соҳада кўплаб унитилаёзган қадриятлар яна тикланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарорида таъкидлаганидек: “Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур ва ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтган сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда”.

2020 йилда ғалабанинг 75 йиллиги, 2021 йилда эса 76 йиллиги кенг кўламда ва янгича руҳда нишонланди. Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида Тошкент шаҳрида 2020 йил 9 майда очилган  Ғалаба боғи мамлакатимиздагина эмас, балки чет элларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

2021 йил май ойи бошларида – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Буюк Ғалабанинг 76 йиллиги арафасида таниқли давлат ва жамоат арбоби Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” номли салмоқли публицистик китоби нашрдан чиқди.

Мазкур китоб “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда” (Муқаддима ўрнида), олти фасл – “Тарихий адолатсизликдан – тарихий ҳақиқат сари”, “Ғалаба боғи – бетакрор мажмуа”, “Шон-шараф” музейи – адолат тантанаси тимсоли”, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр”, “Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасининг аҳамияти”, “Уруш маданиятсизлигидан – тинчлик маданияти сари” деб номланган фасллар ҳамда “Ғалаба боғи – халқона сиёсатнинг амалдаги натижаси” номли Хотима қисмидан иборат.

Илова тарзида кейинги йилларда қабул қилинган расмий ҳужжатлар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши даврида “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонига, учала даражадаги “Слава” (“Шуҳрат”) орденларига ҳамда генерал ҳарбий унвонига сазовор бўлган ўзбекистонликлар рўйхати берилган.

Ушбу китобда инсоният тарихининг энг мудҳиш бир даври – Иккинчи жаҳон уруши келтириб чиқарган мислсиз даҳшатларни енгиб, урушда эришилган Буюк Ғалабага улкан ҳисса қўшган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг жасорати ва матонати ҳақида ҳикоя қилинади. Ўша аждодларимизнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида Президентимиз ташаббуси билан рўёбга чиқарилган эзгу амаллар баён қилинади.

Китобда қайд этилганидек, Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида Буюк Ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшган бўлиб, бу тенги йўқ жасоратнинг улуғворлигини кўрсатиб берувчи яхлит мажмуа шу вақтга қадар юртимизда мавжуд эмас эди. Шу маънода, Юртбошимиз илк бор 2019 йил 9 май куни пойтахтимиз марказида улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ғоясини олға сурди.

Кўп ўтмай, 2019 йил 23 октябрда давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра Ғалаба боғи концепцияси тасдиқланди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 14,7 гектар ер ажратилиб, улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бу улкан тарихий мажмуа пандемия сабабли жорий этилган карантин шароитида бунёд этилди. 2020 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш доирасида Ғалаба боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганиш бўйича ҳам муҳим натижаларга эришилди. Президентимизнинг тавсиялари асосида қисқа фурсатда кенг қамровли илмий тадқиқот ишлари ва жиддий таҳлилий изланишлар амалга оширилди.

Муҳташам Ғалаба боғи таркибида “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат” ва “Кўз ёши” монументлари, “Шон-шараф” давлат музейи барпо этилди. Китоб муаллифи тўғри таъкидлаганидек, Ғалаба боғи – қадр-қиммат, хотира, тарбия, жасорат ва матонат руҳида тарбиялаш боғи эканлиги асарда теран ёритилган.

Янги Ўзбекистоннинг муҳташам бунёдкорлик иншоотлари ичра гавҳари ҳисобланувчи Ғалаба боғи, таъбир жоиз бўлса, жасорат ва матонат, хотира ва қадр, муҳаббат ва садоқат эъзозланадиган ватаннинг мўъжаз тимсолидир.

Ноёб ёдгорлик мажмуаси – Ғалаба боғининг умумий кўриниши, меъморий тузилиши миллий анъаналаримизга айнан мос бўлиб, меъморий ёдгорликлар яратиш бўйича қатор етакчи давлатлар тажрибасини ўзида мужассам этганлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Мазкур боғ тарихий-бадиий ёдгорлик иншооти сифатида ўз кўлами, фалсафий ёндашуви ва меъморий ечимига кўра жаҳонда ягона ва бетакрор ҳисобланади. Китобда ёзилганидек, унинг муаллифи 20 дан зиёд мамлакатда шу мавзудаги маскаларни шахсан кўрган, бошқалари билан Интернет орқали танишган бўлса-да, бундай муҳташам мажмуани умуман учратмаган.

Янги Ўзбекистоннинг Ғалаба боғи Россия, Беларусь, Украина, Польша, Австрия, АҚШ, Исроил каби йирик давлатлардаги улкан мемориал мажмуаларга асло ўхшамайди. Демак, бу обида жаҳонда ягона, бетакрор, ғоятда ноёб.

Ушбу китоб фаслларида мажмуадаги ҳар бир ёдгорликнинг ўзига хос фалсафий-тарихий ва бадиий-меморий ечимлари теран баён этилган. Китоб Юртбошимиз ташаббуси ва ғоялари асосида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бўйлаб виртуал, яъни ғойибона сайр этиш имконини беради.

Мутолаа жараёнида муҳташам боғнинг яратилиш тарихи, мазмун- моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги муҳим фикр-мулоҳазалар билан танишиш мумкин. Асардан ҳаққоний тарихий далиллар, ишончли рақамлар ва қизиқарли фотолавҳалар ўрин олганлиги диққатга сазовордир.

Маълумки, яқин вақтларгача Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши тарихи бир ёқлама ёритилган бўлиб, рақамлар ҳам анчагина мавҳум эди. Президентимиз ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши тарихини холисона ўрганиш бўйича олимлар, мутахасисслар жалб этилиб, мамлакатимиз ва хориж архивлари манбалари асосида тарихий ҳақиқат тикланди.

Китобда уруш натижалари бўйича 2019 йил 9 майгача бўлган эски маълумотлар билан 2020 йил 9 майгача аниқланган янги, ҳақиқий маълумотлар ўзаро қиёсланган. Ушбу далиллар  жадвал шаклида берилиб, чуқур таҳлил этилган. Шу маънода, эндиликда 2020 йил 9 май ҳолатига аниқланган янги далил ва рақамлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Китоб фаслларида Ғалаба боғи фалсафаси мазмун-моҳияти асносида Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги олдин кам ўрганилган тарихий лавҳаларининг ёритилиши ҳам диққатга сазовор. Жумладан, Ўзбекистон хотин-қизларининг фронтдаги жасорати, қорақалпоғистонликларнинг буюк Ғалабага қўшган ҳиссаси, Ўзбекистон аскарларининг Европадаги халоскорлиги, ўзбекистонликларнинг Европада “Қаршилик ҳаракати”даги иштироки, туркистонлик ҳарбий асирлар қисмати, Иккинчи жаҳон уруши арафаси ва уруш даврида халқ хўжалигининг барча соҳалари ҳарбий йўналишда фаолият олиб боргани, диний эътиқодлар эркинлиги, урушда кўзларидан айрилган адиб Вали Ғофуров ва унинг “Вафодор” романи, умуман, адиблар, кино арбоблари, ижодкорлар, санъаткорларнинг уруш давридаги фаолияти аниқ далиллар асосида қизиқарли ёритилган.

Бу тарихий лавҳалар мазкур китоб мундарижасининг нақадар кенг эканидан далолат беради. Шу нуқтаи назардан, ушбу китобни “Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши даври кичик энциклопедияси” деб атасак ҳам тўғри бўлади. Чунки, Ўзбекистонда Икки жаҳон уруши даври бўйича салмоқли энциклопедия яратиш вақти аллақачон келган.

Китобда қашқадарёликларнинг Иккинчи жаҳон уруши Ғалабасига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам муҳим маълумотлар ўрин олган. Масалан, Қашқадарё воҳасидан урушга кетган Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари (9 нафар киши), учала даражадаги “Слава” (“Шуҳрат”) ордени соҳибларига (3 нафар киши) оид маълумотлар келтирилган.

Мазкур китобнинг “Генерал Собир Раҳимов хотирасининг тикланиши – тарихий ҳақиқат тантанаси” фаслида таниқли элшунос олим академик Карим Шониёзов ҳақида сўз борган. Бинобарин, Карим ака каминанинг устози бўлиб, Муборак тумани Қарлуқ қишлоғида 1924 йилда туғилган ва 2000 йилда вафот этган. У киши уруш даврида 21 ёшида разведкачилар командири сифатида фаолият олиб борган ва 21 та орден-медалларга сазовор бўлган.

Китобда тилга олинган яна бир қашқадарёлик жангчи Ашур Худойқулов Қамаши туманидаги Баландчайла қишлоғидандир. У киши таниқли адиба Шарофат Ашурованинг отаси бўлади. Бу каби халқчил хотиралар ва ҳаётий воқеалар, албатта, китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Ушбу салмоқли китоб кўп минг нусхада чоп этлиб, ҳар бир маҳалла, кутубхона ва таълим муассасалари, ҳатто корхона ва ташкилотларга етказилиши, шунингдек китоб дўконларига чиқарилиши айни муддаодир. Шунингдек, ҳозирча ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашрдан чиққан мазкур китобни МДҲ халқларининг бошқа тилларига ҳамда немис, француз, итальян тилларга ҳам таржима қилинса мақсадга мувофиқ бўларди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, китобда Президентимизнинг ташаббуси ва ғоялари асосида ташкил этилган Ғалаба боғининг фалсафаси, содда қилиб айтганда, мазмун-моҳияти ва аҳамияти тарихий ҳужжатлар асосида теран таҳлил этилган. Китоб ниҳоятда ўқишли, аниқ далилларга бой, равон усулда ёзилган бўлиб, ҳар қандай китобхон уни ҳаяжонсиз ўқий олмайди.

Муаллиф архив ҳужжатлари ва статистик маълумотларни синчиклаб ўрганиб, мавзуга оид турли тарихий, бадиий, фалсафий ва бошқа манбалар билан қиёслаш асосида мазкур салмоқли битикни яратишга эришган. Китобни тайёрлашда фойдаланилган турфа хил манбалар – шеър ва ҳикматлар фотолавҳа ва картиналар ҳам  китобхонни ҳайратга солиши тайин.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Зеро, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан муҳташам Ғалаба боғи барпо этилиши замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассамдир. Бундай улуғвор эзгу мақсадни рўёбга чиқариш учун айнан Президентимиз Ғалаба боғининг ташаббускори, муаллифи ва бош бунёдкори бўлиб майдонган чиққани алоҳида таҳсинларга сазавор.

Қомусий китоб муаллифи таъкидлаганидек: “Ғалаба боғи – Ватанга муҳаббат ва садоқат, жасорат ва матонат рамзидир. Ушбу боғ ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдида Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига хос юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий натижаси бўлиб қолади”.

Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз раҳнамолигида бунёд этилган афсонавий “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига академик А.Саидовнинг Ғалаба боғи ҳақидаги муҳташам солномаси узукка кўз қўйгандек ярашиқлидир. Шундай экан, изланувчан  ва закий олим Акмал Саидовнинг кўп йиллик заҳматли меҳнати туфайли Иккинчи жаҳон уруши давридаги Ўзбекистон тарихи бўйича юксак савияли янги асар нашр этилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Фурсатдан фойдаланиб, муаллифни – шу улкан ютуғи билан, кенг жамоатчилигимизни эса маданий ҳаётимизда ёрқин воқеа бўлган тарихий-маърифий  етук асар билан қутлаймиз.

Очил Бўриев,

Қарши Давлат университети профессори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech