Глобал иқтисодий жараёнлар интеграцияси мамлакат қудрати ва барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда

Акс садо

Мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс” нафақат маънавий, илмий ва таълим соҳаларида, балки иқтисодиётда ҳам ўзини тўла намоён этяпти, дейишга асосларимиз етарли. Покистонлик маҳоратли ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китобида ҳам бу жараённинг миллий ва глобал аҳамияти ҳақида ўз қарашларини баён қилгани ҳам шундан далолат. Унда “Учинчи Ренессанс” фақат модернизация эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий барқарорликка интилиши сифатида очиб берилади.

Оддий китобхон сифатида шуни айтишим мумкинки, асарда келтирилган фикрлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий ривожланишини тўлиқ акс эттира олган. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатни модернизациялаш, хусусий секторни ривожлантириш устувор вазифалардан бирига айланди. Бу жараён ички иқтисодий салоҳиятни юксалтириш билан бирга, Ўзбекистонни глобал иқтисодий жараёнларга интеграция қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ёзувчининг таъкидлашича, “Учинчи Ренессанс” тарихий мерос ва замонавий технологияларни уйғунлаштириш натижасида пайдо бўлиб, мамлакат иқтисодиётида билимга асосланган янги моделни шакллантиради. Замонавий Ўзбекистон иқтисодиёти Марказий Осиёдаги энг йирикларидан бири бўлиб, илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда инновациялар самарасида барқарор ривожланишда давом этмоқда. Қолаверса, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес, шунингдек, креатив иқтисодиётнинг ривожланиши Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамда ижтимоий барқарорлигининг асосий драйверлари ҳисобланади.  

Бу фикрларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Негаки, тадбиркорлар янги иш ўринлари яратиш, хорижий сармояларни жалб қилиш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Ўз навбатида, Муҳаммад Аббос Хон ўз китобида “Учинчи Ренессанс”ни сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар билан боғлаш, уларнинг глобал интеграциядаги аҳамияти батафсил очиб берилган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонни дунёга очиш ва бошқаришда янги сиёсий-иқтисодий ёндашувлар амалга оширила бошлади. Ушбу ислоҳотлар эски режалаштириш тизимидан бозор механизмларига ўтиш, инвестиция муҳитини ривожлантириш ҳамда экспортни рағбатлантиришга қаратилдики, натижалар биз кутгандан кўра яхшироқ.

Рақамларга эътибор беринг, маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар натижасида жорий йилда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 6 фоизга тушиши кутилмоқда. Келгуси йилда бу кўрсаткични 4,5 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.

Барча ислоҳотлар самараси илм билан

Қайси соҳа бўлмасин унга илмий ёндашув бўлмаса, муваффақиятга эришиш мушкул. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Мамлакатимизда илм-фан ва таълим ривожи иқтисодий самарадорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Муаллиф асарда ана шу ғояларни сингдиришга ҳаракат қилади ва бунинг уддасидан моҳирона чиққа олган, дейиш мумкин. Асарни чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, унда замонавий иқтисодиёт билимга асосланган ва илмий-техникавий ютуқлар ривожланиши билан уйғунлашганда барқарор натижа бериши акс этади.

Биласизми, “Учинчи Ренессанс” иқтисодий ўсиш билан бир қаторда, маънавий камолотни, инновация ҳамда глобал мулоқотга тайёр авлодни тарбиялаш масалаларини ҳам назарда тутади. Муҳаммад Аббос Хоннинг асарида бу жараёнлар миллий ҳамда умумбашарий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилиниб, Ўзбекистондаги ривожланиш моделини жуда таъсирчан тилда очиб беради. Шу жиҳатдан қараганда, “Учинчи Ренессанс” халқнинг иродаси, тарихий меросга таянган келажакни илм, маърифат, адолат ва барқарор иқтисодий тараққиёт асосида қуришга интилган Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий йўлидир.

Ўзбекистон бугунги кунда тарихий “Учинчи Ренессанс” босқичини бошдан кечирмоқда. Покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китобида ҳам урғу берилганидек, бу жараён нафақат маънавий ва таълим соҳасида, балки иқтисодий ривожланишда ҳам яққол кўзга ташланади.

Муаллиф қараши билан айтадиган бўлсак, мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий стратегияси фақат бир қатор чора-тадбирлардан иборат эмас, аксинча, барқарор ривожланиш, инновация ва технологиялар орқали глобал иқтисодий жараёнларда фаол иштирокини таъминлашдан иборат. Янги иш ўринлари яратиш, даромад манбаларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш, шаҳар ва қишлоқларни инфратузилмасини яхшилаш — мамлакатнинг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

Бозор ва инвестиция муҳити шундай жараёнки, бу доимий ҳаракатни ва изланишни талаб қилади. Кейинги йилларда Ўзбекистон ўз иқтисодий имкониятларини максимал тарзда ишга солиб, замонавий бозор механизмлари асосида ўсишга эришмоқда. Иқтисодиёт босқичма-босқич эски режалаштириш тизимидан бозор иқтисодиётига ўтди, бу эса бизнес, инвестиция ва ташқи савдода сезиларли ўсишни таъминлади. Кичик ҳамда ўрта бизнес ривожланиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини мустаҳкамлайди. Айни шу фикрлар асарда ҳам алоҳида тилга олингани диққатни тортади.

Ёзувчининг китобга сиздирилган фикрлари ҳақиқатан ҳам стратегик аҳамиятга эга. Бунинг асосий сабаби — креатив ва билимга асосланган иқтисодиёт ривожланишнинг локомотиви сифатида фаолият юритмоқда. Кенг кўламли илмий-техникавий ҳамкорлик, инновацион технологиялар ва юқори сифатли кадрлар тайёрлаш — барча бу жараёнларнинг самарали натижасини таъминлайди.

Барқарор ўсиш тенденцияси. Хўш, бу тамойил нималарда намоён бўлмоқда? Келинг, шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтсак.  

Ҳозирги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти йилдан-йилга барқарор ўсишни кўрсатмоқда ва ўзгарувчан глобал шартларга тез мослаша олади. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2024 йили мамлакатдаги ўсиш суръати 6,5 фоизни ташкил этиб, бу сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу динамика нафақат рақамларда, балки Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ҳамда иқтисодий ўсишга тайёрлигини ҳам намоён этади.

Китобда қайд этилганидек, бу ўсиш иқтисодий кўрсаткичлар билан кифояланмайди. Замонавий дунё глобал муаммолар — иқлим ўзгариши, экотизимларнинг ёмонлашуви, табиий ресурслар камайиши ва биохилма-хилликнинг пасайиши каби таҳдидларга дуч келмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш стратегияси нафақат миллий, балки умумбашарий аҳамиятга эга.

Асарда Ўзбекистоннинг иқтисодий йўналишлардаги ривожланиш йўли концептуал ва аналитик нуқтаи назардан таҳлил қилиш билан бирга, мамлакатнинг иқтисодий, маънавий ва глобал салоҳиятини бирламчи манба сифатида кўрсатиб беради.

“Яшил трансформация” ва рақамли иқтисодиёт

Сир эмас, ҳозирги замонда дунёнинг барча мамлакати глобал таҳдид ва иқтисодий синовларга дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши, экотизимлар бузилиши, табиий ресурсларнинг камайиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши каби муаммолар минтақавий ҳамда глобал ҳамкорлик орқали ҳал этилиши зарур.  

Покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон асарида қайд этилган теран фикрлардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, юқоридаги масалалар ечимига доир чора-тадбирлар мамлакатнинг бугунги ва келгусидаги тараққиёт стратегиясида алоҳида эътиборга олиниши керак.  

Яна бир муҳим томони, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва саноатни модернизация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш — “Учинчи Ренессанс”нинг муҳим компонентлари ҳисобланади. Бу эса пировардида Ўзбекистондаги ислоҳотларни иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ҳамда фуқаролар турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган муҳим мезонлар асосида юзага келтираётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Муаллифнинг эътибор қаратаётган иккинчи муҳим жиҳати шундаки, бу — “яшил трансформация” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш билан бевосита боғлиқ.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ва экологик жиҳатдан тоза иқтисодиёт яратиш йўлида қатъий қадамлар қўймоқда. Асарда таъкидлаганидек, бу сиёсат нафақат глобал таҳдидларга жавоб, балки мамлакат аҳолиси ҳаёт сифатини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишга йўл очади. Шу боис, 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши, бу йўналишнинг стратегик аҳамиятини кўрсатади.

Дарвоқе, рақамли трансформация ва инновациялар ҳар қандай давлат тараққиётига замин яратади. Шу боис ушбу йўналишлар аҳамияти китобда ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Бу борадаги ишлар мамлакатимизда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатни минтақавий IT хабга айлантириш, IT паркларини барпо этиш, рақамли технологиялар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг барча соҳаларида янада кенг жорий этиш орқали улкан ютуқларга эришилмоқда.

Айтиш мумкинки, “Учинчи Ренессанс” нафақат иқтисодий ривожланишни, балки замонавий ахборот технологиялари, яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш орқали янги цивилизацион босқичга чиқишни ҳам назарда тутади. Бу жараёнлар миллий тараққиёт стратегиясига мувофиқлаштирилган бўлиб, халқаро ҳамжамият билан ҳамоҳанг равишда амалга оширилаётгани эътибор молик, албатта. Масалан, Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги иқлим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид ташаббуслари, Бош Ассамблеяда қабул қилинган 6 та резолюция билан тасдиқлангани бунинг яққол ифодасидир.

Шу жиҳатдан қараганда, Муҳаммад Аббос Хоннинг китоби нафақат публицистик ёки сиёсий таҳлил ҳисобланади, балки Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва технологик ислоҳотларини кенг аудиторияга аниқ ва тушунарли равишда тақдим этувчи муҳим манба ҳисобланади. Унинг фикрича, барқарор ривожланиш ва инновацион тараққиёт, ёшлар салоҳияти ва маърифат билан уйғунлашганда, “Учинчи Ренессанс” ғояси фақат тушунча эмас, балки амалий ҳаётда юз бериб, мамлакатнинг келажак қурилишини белгилаб берувчи стратегик йўналишга айланади.

Умуман, асар мамлакатимизнинг иқтисодий ҳамда технологик ривожланиш йўлидаги фаолиятини чуқур таҳлил қилади ва унинг асосий ғоялари мамлакат сиёсий ҳамда ижтимоий ислоҳотлари билан чамбарчас боғланганлигини кўрсатиб беради. Бу эса ҳар бир китобхон учун Янги Ўзбекистоннинг келажак йўлини янада теранроқ тушунишида муҳим қўлланма вазифасини бажаради.

Янгиланишларнинг асосий фалсафаси

Ўзбекистон етакчиси, Президент Шавкат Мирзиёев феномени — бу нафақат зукко сиёсатчи ва давлат арбоби сифатида, балки халқнинг маънавий-ахлоқий ривожланишига ҳам чуқур қайғурадиган раҳбар сифатида юз бераётган воқелик. Китобда урғу берилганидек, “жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, жони ва руҳи маънавиятдир”. Бу фикр нафақат бадиий ибора, балки амалда ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий фалсафасини  ифодалайди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” фақат иқтисодий ривожланиш ёки замонавий технологияларни жорий қилиш билан бирга, жараён марказида маънавият, миллий қадриятлар ва инсон салоҳияти турибди. Муаллиф китобида таъкидлайдики, миллатларнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти кўпинча маънавий бирдамлик, халқнинг орзу-умидлари ва ғурури билан боғлиқ. Шу маънода, Президентимизнинг бугунги сиёсати ҳам нафақат иқтисодиётни ривожлантиришга, балки аҳолининг маънавий камолоти ҳамда маданий ривожига қаратилганлиги билан дунёҳамжамияти эътиборини қаратмоқда.

Ҳозирги кунда “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” тушунчалари мамлакат ҳаётида уйғун ва ҳамнафас. Иқтисодий ислоҳотлар — хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, инновация ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш халқнинг моддий фаровонлигини таъминласа, маънавий ва маданий чора-тадбирлар эса инсоннинг ички дунёси, ахлоқ ва маърифатини юксалтирмоқда. Бу халқимизнинг энг катта ютуғи, десак, айни ҳақиқат. Президентимизнинг таълим, ёшлар сиёсати, иқтисодиёт ва инновацияларга қаратилган ташаббуслари ҳам ана шу ренессанс ғоясининг амалий ифодаси ҳисобланади.

Шу тариқа, Ўзбекистондаги “Учинчи Ренессанс” нафақат иқтисодий ривожланишни, балки маънавий ва маданий юксалишни ҳам ўз ичига олган комплекс жараён сифатида намоён бўлмоқда. Муҳаммад Аббос Хоннинг фикрларига таянган ҳолда айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг бугунги сиёсати халқнинг иродаси ва тарихий меросга таянган ҳолда келажакни илм, маърифат ва адолат орқали қуришни кўзда тутади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистондаги “Учинчи Ренессанс”, бу —модернизация ёки ислоҳотлар тўплами бўлиши билан бирга, муҳташам бир давлатнинг маънавий ва иқтисодий камолотини таъминлайдиган умумий концептдир. Зеро, маънавият ва иқтисодиёт уйғунлиги — янги Ўзбекистоннинг келажак пойдеворидир.

Заҳро Мирҳамидова,

Барқарор ривожланиш маркази Халқаро алоқалар ва лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech