Сўнгги йилларда соғлом турмуш тарзини танлаганлар, экологик муаммолар ёки ҳайвонларга нисбатан ахлоқий муносабат сабабли кўплаб инсонлар ўз овқатланиш рационидан гўштни чиқариб ташламоқда. Улар орасида вегетарианлар, веганлар каби турли тоифалар бор.
Кўпчиликка маълумки, вегетариан тоифа инсонлар овқатланиш рационидан гўшт маҳсулотларини чиқариб ташлаган. Веган тоифа кишилар эса, нафақат гўшт маҳсулотлари балки ҳайвон ва паррандаларга тааллуқли мисол учун, тухум, сут маҳсулотларини ҳам истеъмолдан чиқариб ташлайди. Аммо бу инсонларнинг барчаси расмий равишда “вегетариан” деб аталмаса-да, танловлари жамиятда тобора кенг қулоч ёзаётган бир фикрни илгари сурмоқда.

Яъни, гўштсизлик – бу янги нормал ҳолат. Аммо гўштни истеъмолдан чиқариб ташлаш соғлиққа қандай таъсир қилади ва гўшт таркибидаги оқсилларни ўрнини бошқа озиқ моддалар билан тўлдириш мумкинми?
Гўшт – организм учун муҳим бўлган тўлиқ оқсилларни ўз ичига олган озиқ манбаи ҳисобланади. Шунингдек, унда оқсил, B12, углеводлар, ёғ ва ёғсимон моддалар, витамин, темир каби муҳим моддалар мавжуд. Ушбу моддалар миянинг фаолияти, асаб тизими, қон айланиши ва мушак массасини сақлаб туриш учун муҳим.
Диетологларнинг фикрича, гўштни рациондан бутунлай чиқариб ташлаган шахслар қатъий назорат ва мувозанатли режа асосида овқатланиши лозим. Акс ҳолда организмда микроэлементлар танқислиги юзага келиб, иммунитет заифлашиши, ҳушсизлик, камқонлик, ақлий чарчоқ каби ҳолатлар содир бўлиши мумкин.
Ҳозирда сунъий интеллект томонидан яратилаётган тасвирлар, видеолар ва саҳналар инсонларга янада кучли таъсир ўтказмоқда. Хусусан, AI орқали “Гўшт ўрнига инсон аъзолари”, “Ҳайвонлар ўрнида инсон гўшти истеъмоли” сингари тасвирлар яратилиб, уларни кўрган инсонларда кучли ҳиссий реакциялар уйғонмоқда. Бу эса уларда гўшт истеъмолига нисбатан нафрат ҳисси уйғотиши ёки ҳеч бўлмаганда танқидий фикрлашни бошлаб бериши мумкин.
Бу жараён баъзилар томонидан “вегетариан тарғиботи” сифатида қабул қилинса, бошқалар буни инсон психологиясига босим ўтказиш, деб баҳоламоқда. Шубҳасиз, бундай контентлар кучли эмоционал таъсир орқали онгга кириб боради. Ҳозирги замон инсонининг кўриш, эшитиш ва тасаввур қилиш қобилиятига асосланган медиа воситалар, айниқса сунъий интеллект яратаётган тасвирлар, овқат танлашдаги қадриятларни ўзгартирмоқда.
Гўшт ейиш ёки емай қўйиш, аввало, инсоннинг шахсий танлови. Жонли мавжудодларнинг инсон эҳтиёжи учун қурбон бўлиши, аввало озуқа занжирига боғлиқ ва бу табиий жараён. Қолаверса, бу саволларга шахсий қадриятлар, маданият, диний эътиқод ва соғлиқ ҳолатига кўра жавоб бериш мумкин.
Замонавий жамиятда вегетарианлик баъзилар учун мода, бошқалар учун эса ахлоқий қараш, соғлиқни сақлаш ёки экологик масъулият билан боғлиқ танловдир. Аммо бу танлов ҳеч кимга мажбурлаб сингдирилмаслиги керак. Айниқса, AI яратаётган контентлар орқали онгга кучли босим қилиш хавфи бор.
Шунинг учун ҳар бир инсон ўз танасини, соғлиғини ва ички эътиқодини инобатга олган ҳолда, онгли танлов қилиши лозим. Гўшт ейсизми ёки йўқ – бу инсоннинг шахсий танлови. Энг муҳими, у танлов билимга асосланган ва онгли бўлиши керак.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА
- Қўшилди: 06.08.2025
- Кўришлар: 142
- Чоп этиш