Грецияда демографик инқироз туфайли 721 та мактаб ёпилади

Амалдаги қонунчиликка кўра, агар мактабда 15 нафардан кам ўқувчи қолса, мактаб фаолияти тўхтатилади - бошланғич таълимда бир нафар ўқитувчи айнан шу миқдорга мўлжалланган.

Грецияда ўқувчилар сонининг кескин камайиши сабабли 13478 та таълим муассасасидан 721 та мактаб ёпилади, деб хабар берди Ekathimertini мамлакат таълим вазирлиги маълумотларига таяниб.

Мактабларнинг оммавий ёпилишига демографик инқироз сабаб бўлган. 2025-2026 ўқув йилида бошланғич ва ўрта мактаблар ҳамда профессионал таълим муассасаларидаги ўқувчилар сони қарийб 1,21 миллион кишини ташкил этди. Бу етти йил олдингига нисбатан 150 мингга кам - 2018-2019 йилларда 1,363 млн ўқувчи рўйхатга олинган.

 

Таълим вазирлиги расмийлари вазиятни «Қиёмат» деб атамоқда. Идора вакили Христос Сиамалос тушунтирганидек, демографик муаммо даҳшатли, у йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Энг кўп бошланғич таълим муассасалари ёпилади. 2018-2019 ўқув йилида 247 та бошланғич мактаб ва 312 та боғча ишламаган бўлса, 2025-2026 йилларда бу рақамлар мос равишда 324 ва 358 тага етади. Фаолияти тўхтатилган қолган мактаблар ўрта таълим муассасалари, асосан, юқори синф мактабларидир.

Амалдаги қонунчиликка кўра, агар мактабда 15 нафардан кам ўқувчи қолса, мактаб фаолияти тўхтатилади - бошланғич таълимда бир нафар ўқитувчи айнан шу миқдорга мўлжалланган. Мактаб уч йил давомида фаолият кўрсатмаслиги мумкин, шундан сўнг керакли миқдордаги ўқувчилар бўлмаса, у таълим харитасидан бутунлай чиқариб ташланади.

Ёпилиш нафақат қишлоқлар ва оролларга, балки йирик шаҳарларга ҳам таъсир кўрсатди. Биргина Афина жойлашган Аттиканинг ўзида 77 та мактаб фаолияти тўхтатилади. Мактабларнинг ёпилиши ўқувчиларни янги таълим муассасаларига узоқ масофаларни босиб боришга мажбур қилмоқда. Қайд этилишича, айрим чекка ҳудудларда болалар кунига 80 км масофани босиб ўтишига тўғри келмоқда.

 

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech