Ҳамкорлик орқали барқарорлик, интеграция орқали тараққиёт – эксперт таҳлили

Душанбе шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити, шунингдек, “Марказий Осиё – Россия” форматдаги иккинчи учрашув ташкил этилиши минтақа учун янги имкониятлар тақдим қилади. Мутахассислар фикрига кўра, учрашувнинг асосий эътибор марказида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, энергетик ҳамкорлик, меҳнат миграцияси сиёсати ва таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари бўлди.

ошкент давлат Шарқшунослик университети Ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий муносабатлар институти Барқарор иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Сулхия Газиева билан суҳбатлашиб, учрашув натижалари, саммит истиқболи ва асосий уч йўналишдаги масалалар юзасидан фикрлари билан қизиқдик.

– Ушбу уч йўналишнинг барчаси Ўзбекистон учун узлуксиз минтақавий интеграция, хавфсизлик ва иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш йўлида стратегик аҳамият касб этади, – деди Сулхия Газиева.

– ШҲТнинг 25-саммитида эълон қилинган “МДҲ+” формати ғояси, бу мавжуд МДҲ тузилмасини янада кенгайтириб, учинчи давлатларни ҳам фаол жалб этиш ташаббусидир. Мазкур янги модел орқали иқтисодий интеграция ва сармоя оқимлари кучайиши, Марказий Осиё мамлакатлари Россия билан бир қаторда кўп томонлама иқтисодий майдон яратиши, минтақавий ҳамкорлик, ШҲТ, БРИКС+ форматлари билан уйғунлашиши кўзда тутилган. Ўзбекистон учун бу кўринишдаги ташқи сиёсатни давом эттириш – Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк бўлиш имконини кенгайтиради.

Душанбе саммитида асосий диққат иқтисодиётга қаратилади. “Европа – Хитой” ўртасидаги “Ўрта йўлак” лойиҳаси орқали Ўзбекистон транзит марказ сифатидаги ролини мустаҳкамлаши мумкин.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги газ, электр энергияси ва атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Бу Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар учун меҳнат ва ижтимоий ҳимоя шароитларини яхшилаш ҳамда Россия ОТМ филиаллари орқали кадрлар тайёрлаш тизимини кучайтириш имконини беради. Натижада барчаси Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор, инновацион ва экспортга йўналтирилган моделини шакллантиришга хизмат қилади.

Тяньцзиндаги ШҲТ саммити якунида Душанбеда ШҲТ Антинаркотик маркази ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилгани, бу минтақавий хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамдир. Марказий Осиё ҳудуди Афғонистон билан чегарадош бўлгани сабабли, гиёҳвандлик оқимлари ва ноқонуний савдо хавфи юқори.

Шу жиҳатдан Душанбеда жойлашадиган бу марказ ШҲТ аъзолари ўртасида ахборот алмашинуви ва тезкор ҳамкорликни таъминлайди. Трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашда ягона механизмни яратади. Ўзбекистон учун эса Тошкентдаги РАТС (Антитеррор маркази) билан узвий ишловчи қўшни хавфсизлик маркази сифатида амалий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ҳозирда минтақада балансни сақловчи, ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантирувчи давлат сифатида ҳаракат қилмоқда. Саммитда илгари суриладиган ташаббуслар – “МДҲ+”, “Марказий Осиё – Россия” ва ШҲТнинг янги хавфсизлик маркази Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилига мос. Бу жараёнларда Ўзбекистон янги инвестицион йўналишларни очиш, минтақавий хавфсизликда ишончли шерик сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда ўзининг “Марказий Осиё марказида жойлашган, лекин глобал сиёсатда фаол” моделини амалда исботлаш имкониятига эга бўлади.

Умуман олганда, Душанбе саммити учрашувлари, бу оддий дипломатик маросим эмас, балки Ўзбекистон учун янги иқтисодий тармоқларни очиш, хавфсизлик ва барқарорлик ҳамда минтақада етакчилик ролини мустаҳкамлаш имконини берувчи геосиёсий бурилиш нуқтасидир.

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech