Ҳар йили эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган 2 минг нафар хотин-қиз давлат гранти асосида олийгоҳларга ўқишга қабул қилинмоқда

Мамлакатимизда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг дастурий ишланмалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунда олийгоҳларда 1 миллион  489 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олаётган бўлса, шундан хотин-қизлар 782 мингни (52,5 фоиз)  ташкил  этади. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 18 фоизга  ошган. 

Давлатимиз раҳбари томонидан барча олий ва касбий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилишининг янги тизими йўлга қўйилди. Бунда қизлар учун таълим кредитлари фоизсиз белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлат олийгоҳларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг контракти учун сўнгги уч йилда Давлат бюджетидан 285,8 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган 2 минг 385 нафар хотин-қиз тўлиқ  давлат гранти асосида ўқишни бошлади.

Магистратура босқичида ўқишини давом эттираётган жами талабалар 37 минг 839 нафардан иборат бўлса, уларнинг 23 минг 628 нафари (62,44 фоиз) хотин-қизлардир. 2023/2024 ўқув йилида 5 минг 991 нафар талаба хотин-қизга 60,3 миллиард сўм маблағ Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилди.

Ҳар йили эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган 2 минг нафар хотин-қиз давлат гранти асосида олийгоҳларга ўқишга қабул қилинмоқда. Шу тариқа бугунга қадар қарийб 7 минг нафарга яқин хотин-қиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, олима аёллар раҳбарлигида умумий қиймати 82,6 миллиард сўмлик жами 101 та илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, хотин-қизлар томонидан умумий қиймати  25,5 миллиард сўм бўлган 68 та стартап лойиҳа молиялаштирилиб, натижада 348 та янги иш жойи яратилди. 

Иқтидорли хотин-қизларнинг хорижда чет тиллари курсларида ўқишларини таъминлаш, уларнинг юқори нуфузли идораларда илмий амалиёт ўташларига кўмаклашиш мақсадида  ўтган 2024 йилда 105 нафар ёш олиманинг илмий амалиётлари молиялаштирилди. Улар Буюк Британия, Туркия, Россия Федерацияси, Венгрия, Беларусь Республикаси, Италия, Испания, АҚШ, Хитой ва яна бошқа мамлакатларга илмий амалиётда бўлди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech