Парламент қуйи палатасининг мажлисида депутатлар спорт вазири А.Икромовга “Аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар орасида жисмоний тарбия ва спорт бўйича оммавий тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2024 йил 8 ноябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган айрим масалалар ижроси тўлиқ таъминланмаган. Хусусан, республикамиздаги спорт мактабларининг салмоқли қисми, айниқса, муайян спорт турига ихтисослашган спорт мактаблари мослаштирувчи спорт турлари бўйича спорт жиҳозлари билан тўлиқ жиҳозланмаган.

Шунингдек, мослаштирувчи жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мутахассисларни тайёрлаш институтида карлар ва кўзи ожизлар спорти, махсус олимпия спорт турлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланадиган бошқа спорт турлари йўналишларида малака ошириш курслари етарли даражада ташкил этилмаган.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш натижаларига мувофиқ, жисмоний реабилитация хизматларини кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши лозим. Мазкур тоифадаги шахсларга спорт билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратиш ва мавжуд инфратузилмани мослаштириш масалалари ҳам бугунги кун тартибидаги долзарб масала ҳисобланади.
Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар орасида жисмоний тарбия ва спорт бўйича оммавий тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида спорт вазирига парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 19.08.2025
- Кўришлар: 166
- Чоп этиш