Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро мулоқот ва ҳамжиҳатликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги изчил ҳаракатлари алоҳида қайд этилди. Хусусан, мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси амалга оширилмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси инсон қадрини юксалтириш тамойили асосида қабул қилинган ва амалиётга татбиқ этилмоқда. 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробарга оширилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилди. Хусусан, қонунлардаги ноаниқликларнинг инсон фойдасига ҳал қилиниши, “сукут сақлаш ҳуқуқи”нинг белгиланиши, адвокатлар мақоми терговчи ва прокурор мақомига тенглаштирилиши каби муҳим конституциявий қоидалар жорий этилди.
Давра суҳбати якунида инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 15.09.2025
- Кўришлар: 53
- Чоп этиш