Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди

Эр-хотин коронавирусдан қўрққани сабаб фарзандларини уйда сақлаб келган. Улар ҳеч қаерга чиқмаган, мактабга ҳам бормаган, уй деразалари эса қаттиқ маҳкамлаб ташланган.

Испаниянинг Оведо шаҳрида полиция тўрт йил давомида ўз фарзандларини уйдан чиқармаган 53 ёшли германиялик файласуф ва унинг рафиқасини ҳибсга олди, деб хабар беради La Nueva Espana нашри.

Қайд этилишича, ота-она буни ўз оиласини турли касалликлардан, биринчи навбатдан коронавирусдан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширган.

Эр-хотиннинг уч нафар фарзанди бор — 10 ёшли ўғли ва саккиз ёшли эгизаклари. Улар яшаган уйнинг деразалари маҳкам ёпилган, ташқи дунё билан алоқа бутунлай узилган. Оила ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам курерлар орқали қабул қилиб олган.

Болалар овозини эшитиб турадиган, аммо уларни ҳеч қачон кўчада юрганини кўрмаган қўшни аёл полицияга мурожаат қилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари кузатув ўрнатиб, оиланинг айрим аъзолари умуман уйни тарк этмасликларини аниқлаган. 

Текширув давомида болалар қаровсиз ҳолатда экани маълум бўлган. Учаласи ҳам таглик ва тиббий ниқобларда бўлган, ташқарига чиққандаги хатти-ҳаракатлари эса кучли сезувчанликдан далолат берган — масалан, улар ўт-ўланларга ҳайрат билан қарашган. 

Тергов маълумотларига кўра, ота-она фарзандлари учун ҳатто ҳожатхонага қачон чиқишни ҳам қатъий белгилаб берувчи жадвал тузиб чиққан. Улар мактабга қатнамаган. Шунингдек, болаларга таркибида тиббиёт каннабиси бор дори воситалари бериб келинган.

Эр-хотин коронавирус ва бошқа вируслардан қаттиқ қўрққани сабаб шундай йўл тутганини маълум қилган. Ҳозирда болалар васийликка топширилган бўлиб, шифокорлар ва ижтимоий хизматлар улар билан ишламоқда. Ота-она эса ҳибсга олинган.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech