“Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда”. Бу фикрлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланган.
Энг улуғ, энг азиз байрамимизга тайёргарлик қизғин тус олган паллада, яъни 2 август куни давлатимиз раҳбари “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Бу бежиз эмас. Зеро, мустақиллик, озодлик, эркинлик, ҳуррият деган эгизак каломлар билан инсон ҳуқуқлари тушунчаси ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Сиёсий ҳаётимизда ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта аҳамиятга эга бўлган ушбу тарихий қадам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли, айни чоғда, изчил ва давомли ислоҳотларнинг яна бир яққол самарасидир. Чунки инсон ҳуқуқларини таъминлаш дегани бу маълум масофадан сўнг ҳаракат тўхтайдиган охирги бекат эмас, балки узвий давом этадиган жараёндир.
Бу қарор нафақат миллий кўламда, балки халқаро миқёсда ҳам катта акс садо берди. Жаслиқ қўрғонида жойлашган, халқ орасида ҳам «Жаслиқ» номи билан машҳур муассасанинг ёпилиши юзасидан Ўзбекистон ҳаётига бефарқ бўлмаган бир қатор хорижий шахслар ва халқаро экспертлар ижтимоий тармоқларда ўз муносабатини билдирмоқда.
Хусусан, АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен хоним биринчилардан бўлиб ўз эътирофини шундай баён қилди: «Жуда ҳам рамзий аҳамиятга эга қарор! Модомики, «Жаслиқ» тўлиқ ёпилар экан (умуман қайта очилмаслиги лозим), бу қарор ўтмиш билан ришталарни узиш учун ўта кучли ва зарур ишора бўлади. Янги Ўзбекистон учун ундай масканлар керак эмас ва ҳукумат буни англаб етгани ниҳоятда муҳимдир».
БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Шавкат Мирзиёевнинг «Жаслиқ» колониясининг ёпилиши тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс «Бу биз кутган ва расмийлар билан тез-тез муҳокама қилинадиган муҳим қадам. Бу руҳда биз ҳамкорлгимизни бутунлай янги поғонада ривожлантириш учун имкониятга эга бўламиз», деб таъкидлади.
Дунё оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ҳам ушбу воқеага кенг жамоатчилик эътиборини қаратди. Буюк Британияда чиқадиган «The Economist» нашри журналисти Жоанна Лиллиснинг қайд этишича, «Бу — улкан аҳамиятга молик қарор. Ўзбекистон учун катта янгилик».
Ўзбекистон ҳақида ҳамиша танқидий фикрлар айтиб келаётган, халқ ибораси билан айтганда, маломат тошлари отишдан чарчамайдиган «Human Rights Watch» ташкилотининг бир йўла икки нафар вакили ушбу қарорни ижобий баҳолагани ҳам жуда муҳим.
Жумладан, Андрью Строгленнинг фикрича, «Бу охирги ўтган қисқа муддат ичида янграган яхши янгиликларнинг биридир. Шунга қарамай, босиб ўтилиши шарт бўлган катта йўл олдинда, ҳукуматда кўпчилик ислоҳотларга интилса, айримлар унинг аксини бажармоқда».
Айниқса, «Human Rights Watch» ташкилоти вакили Стив Свердлов эътирофи тезкорлиги ва аҳамияти билан алоҳида диққатни тортади. «Ўзбекистондан фантастик янгилик. Президент Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган, тавқи лаънатга учраган “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон учун яхши янгилик. Умид қиламанки, бу ўтган замоннинг ҳақиқатда хотима топишидир. Ўзбекистоннинг зўравонликка доир дунёга донғи кетган айрим ишлари айнан “Жаслиқ” билан боғлиқдир. Қамоқхонани ёпиш тўғрисидаги қарорни эълон қилар экан, Президент жуда катта сиёсий жасорат намойиш этди. Энди тарихни ўрганиб, у ҳеч қачон такрорланмаслиги учун хулоса чиқариш зарур», деб ёзди С.Свердлов Интернет саҳифасида.
Тан олиш керак, Стив ҳақ гапни айтди. Биз бундан ўзимизга дарс олишимиз лозим. Хизмат тақозоси юзасидан мен ҳам 1999 йилда ташкил этилган ва узоқ йиллар давомида қийноқлар, миш-мишлар билан ном чиқарган “Жаслиқ” жазони ижро этиш колониясида бўлганман.
Очиғи, мен “Жаслиқ”да қийноқлар бўлмаган, деб айта олмайман. Аммо, жамоатчилик орасида ушбу колонияга нисбатан узоқ вақтлар давомида жуда салбий фикрлар юрди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рейтингини тушириб юборишга асосий сабаблардан бири бўлди.
Шу маънода, “Жаслиқ” қамоқхонасининг ёпилиши, бир томондан, юртимиз шаънига доғ бўлиб тушган ёмон тамғали муассасадан воз кечиш ва халқаро майдонда Ўзбекистон имижини кўтаришга хизмат қилса, иккинчи томондан, бевосита юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, хусусан, маҳбуслар сонини камайтириш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Бунга қадар ўтган йили ҳам мамлакатда иккита қамоқхона ёпилган. Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли ўтган қисқа даврда мамлакатда маҳбуслар сони икки баробар камайишига эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 94 нафар маҳбус тўғри келади.
Бу МДҲ давлатлари, ҳатто Европа мамлакатлари билан қиёслаганда ҳам энг яхши кўрсаткичдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Жамиятда инсон шаъни ва қадр-қимматининг устуворлигини ўрнатиш ва ҳар доим адолатни таъминлаб бера оладиган одил судлов тизимини шакллантириш охирги икки йил давомида бизнинг бош вазифамиз бўлиб қолди”.
Чиндан ҳам, кейинги даврда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга устувор эътибор қаратилиши натижасида судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди.
Хусусан, айблов далили сифатида ноқонуний усуллар билан олинган маълумотлардан фойдаланиш учун қатъий жавобгарлик белгиланди. Жиноят кодексининг қийноқларга доир 235-моддаси БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг 1-моддасига мослаштирилди.
Жойларда судьялик лавозимига номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилди. Судларда ишларни кўришнинг адолатлилиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ишларни электрон тақсимлаш тизими жорий этилди.
Қолаверса, “электрон жиноят иши” ва “масофадан сўроқ қилиш” тизимлари татбиқ этилмоқда. Бу, албатта, харажатлар ва бюрократик сансалорликни камайтириш имкони беради.
Суд-ҳуқуқ ислоҳоти доирасида кўзда тутилган янгиликлар фуқароларнинг одил судловга эришиш кафолатларини кенгайтирди. Жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим таркибий қисми сифатида судларнинг холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш учун шароит яратди.
Натижада фақат 2018 йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далилларнинг етарли эмаслиги учун тўхтатилиб, 867 нафар киши оқланди. Бу кўрсаткич 2016 йилда – 28, 2017 йилда – 263 нафарни ташкил этган. Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан билдирилган айбловлардан, тергов давомида асоссиз равишда айбланганлар истисно қилиниб, 3 минг 290 нафар шахс суд залидан озод қилинди.
Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 1197 нафар фуқаро, жумладан, 539 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди. Жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Президентимиз кейинги 2,5 йил ичида афв этиш тўғрисида 7 та фармон имзолади. Мустақиллик куни, Конституция қабул қилинган сана, “Наврўз” ва Ҳайит байрамлари муносабати билан қабул қилинган ушбу фармонлар асосида афв этилганларнинг умумий сони 3 минг 952 нафарга етди. Улар барчаси озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаб турган, қилган ишларидан чин дилдан пушаймон бўлган ва ахлоқий тузалиш йўлига қатъий кирган юртдошларимиздир.
Бу – Ўзбекистон Президенти том маънода инсон ҳуқуқлари кафили эканининг амалий исботидир. Бу мамлакатимизда қонунийлик, инсонпарварлик ва адолат тамойилларига мос одил сиёсат олиб борилаётганидан далолатдир.
Президентимиз фармони билан 2 минг 528 нафар киши фуқароликка қабул қилинди. Диний-экстремистик гуруҳлар билан алоқада бўлганликда гумон қилинган 20 мингдан ортиқ фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилган. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Ўтган йили давлат хавфсизлик органларининг вазифа ва ваколатлари тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, барча даражадаги ходимлар фаолиятига холис баҳо берилди. Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида, аввало, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокида жиноятчиликни 36 фоиз камайтиришга эришилди. Шу билан бирга, 3 минг 205 та маҳаллада ёки 35 фоиздан ортиқ ҳудудда 2018 йилда ҳеч қандай жиноят содир этилмади.
Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Унга мувофиқ, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслардаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажаради ва бунинг ёрқин мисолларидан бири сифатида тергов ўтказишда суд назоратини кучайтиришга қаратилган “Хабеас корпус” процедурасини имплементация қилишни давом эттиришни келтириш мумкин. 2018 йилда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси 30 фоизга қисқартирилди, 42 ҳолатда судлар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаларни қондиришдан бош тортди.
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини қўллаш ҳисобига ҳибсга олиш тарзидаги жиноий жазо бекор қилинди, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш 72 соатдан 48 соатгача қисқартирилди. Қамоқда сақлаш, уй қамоғида сақлаш, дастлабки тергов тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш муддатлари 1 йилдан 7 ойгача қисқартирилди, далилларни сохталаштирганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик киритилди.
Жазони ижро этиш муассасаларида қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан зўравонлик, қийноқлар ва рухсат этилмаган хатти-ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида 2800 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилди, улардан 1920 таси жазони ижро этиш колонияларида, 880 таси тергов ҳибсхоналарида ўрнатилди.
Ички ишлар вазирлигининг барча тергов изоляторларида, тергов тадбирларини ўтказиш хоналарида 123 та видеокузатув камералари ўрнатилган. Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторларида терговчилар учун 43 та хонанинг 42 тасида овоз ёзувчи мосламалар билан бирга видеокузатув камералари ва реабилитация марказларида 283 та видеокузатув ускуналари ўрнатилган.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Адвокатларга низоларни судгача ҳал қилиш, тарафларни яраштириш, шунингдек ҳакамлик судьяси сифатида ҳаракат қилиш бўйича чоралар кўриш ҳуқуқи берилди. Адвокатлар палатасининг роли сезиларли даражада ошди.
Бундан буён адвокатлик фаолияти ва суд ишларини юритиш билан боғлиқ масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда мажбурий тартибда амалга оширилади. Адвокатлар палатаси раисига қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ижро этиш ишларини ташкил этиш ва шартли ҳукм қилинган ва муддатидан олдин озод этилганларнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Шу асосда «Жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўрнатилган тартибда киритилган ва ҳозирда ўрганиб чиқилаётган мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни ва Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг тиббий ва ижтимоий ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ўзгартиш ва 15 га яқин қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.
Жумладан, манзил-колонияларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларнинг пенсия олиш ҳуқуқи таъминланиши; юқумли касалликка чалинган маҳкумларни сақлаш ва уларга тиббий хизмат кўрсатишнинг янгича тизими жорий этилиши; тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга суднинг қонуний ҳукми кучга киргандан сўнг жазони ўташ учун жўнатиладиган вақт ичида қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш ва телефон орқали сўзлашиш, ўзининг аҳволи ҳақида хабар бериш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасидан, шунингдек, овқатланишдан бош тортаётган маҳкумларнинг соғлиғи тиббий назоратга олиниши; манзил-колонияларда жазони ўтаётган ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарга республика бюджети ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари учун маблағ ажратилиши; стационар даволанишда бўлган маҳкумларга қариндошлари ёки бошқа шахслар билан шифокор рухсати билан учрашиш ҳуқуқи берилиши; маҳкумларнинг учрашувлари, телефон сўзлашувлари, оладиган посилка, йўқлов ва бондеролларининг сони оширилишига доир нормалар ўрин олган.
Бундан ташқари меҳнатга жалб қилинган маҳкумларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш миқдорлари бўйича қонунчиликдаги номувофиқликлар бартараф этилиши; муддатидан илгари шартли озод қилиш, шунингдек жазони енгилроғи билан алмаштириш рад этилган маҳкумлар меҳнатга виждонан муносабатда бўлган ва ўрнатилган режимга риоя қилган тақдирда, ушбу масаланинг қисқа муддатларда қайта кўриб чиқилишини таъминлаш назарда тутилган.
Буларнинг барчаси сўнгги йилларда мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли институционал ислоҳотлар ўтказилаётганидан далолат беради. Бинобарин, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қамоққа олинган шахслар ва маҳкумларни диний ва сиёсий қарашларидан қатъи назар ҳуқуқларига риоя қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш борасида халқаро мажбуриятларни амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, жиноят-ижроия амалиёти таҳлили ва жамоатчилик билан бевосита мулоқот натижалари жазони ижро этиш тизимида сақлаш шароитларини янада гуманитар кўринишга келтириш орқали маҳкумларнинг ҳуқуқлари кафолатини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш зарурлигини кўрсатаётган эди.
“Жаслиқ” колониясининг ёпилиши билан боғлиқ тарихий қарор озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантиришга йўнатирилган ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро майдонда ижобий мавқеини илгари суришдир.
Шундай қилиб, бугун мамлакат ҳаётининг қайси соҳасини олиб қарамайлик, ҳар бир жабҳада янгича ёндашув, илғор муносабатлар ва чинакам ташаббускорликни кўрамиз. Бинобарин, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда чуқур демократик янгиланишларни бошлаб берди.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 11.08.2019
- Кўришлар: 7415
- Чоп этиш