Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан 24 июнь куни рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди.
Давлатимиз раҳбарини Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Икки мамлакат байроқлари билан безатилган "Буянт-Ухаа" аэропортида олий мартабали меҳмонлар шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Бу ташриф мазмун-моҳиятига кўра тарихий воқеа, десак, муболаға бўлмайди. Нега деганда, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилган ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида биринчи марта Ўзбекистон раҳбари Улан-Баторга давлат ташрифи билан бормоқда.
Шу маънода айтиш мумкинки, ушбу ташриф ўтган йилнинг июнь ойида Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида бошланган фаол сиёсий мулоқотнинг мантиқий давомидир.
Ўзбекистон ва Мўғулистон географик жиҳатдан узоқ жойлашган ва умумий чегараларга эга бўлмасада ўзаро алоқалар дипломатия, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва гуманитар соҳаларда жадал ривожланмоқда. Хусусан, Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг очилиши, ҳукуматлараро ва парламентлараро мулоқотнинг фаоллашгани, 14 та икки томонлама битимнинг имзоланиши ўзаро ишонч ва шерикликни чуқурлаштириш истаги кучайганидан далолат беради.
Шавкат Мирзиёевнинг Улан-Баторга давлат ташрифи Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатларида янги босқични бошлаб беради. Бунда прагматизм, ўзаро манфаатдорлик, барқарор ривожланиш ва замонавий муаммоларга ҳамжиҳатлик билан ёндашиш асосий йўналтирувчи тамойиллар ҳисобланади.
Давлат ташрифи билан Мўғулистонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Давлатимиз раҳбари ва рафиқасини Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқаси билан кутиб олди.
Сухэ-Ботир майдонида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Маросимдан сўнг Ўзбекистон Президенти Мўғулистон Давлат саройидаги Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.
Мўғулистон Давлат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Мўғулистон етакчисига самимий қабул ҳамда ушбу мамлакатга жавоб давлат ташрифи билан келиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.
Икки томонлама муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон – Мўғулистон алоқаларини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Президенти Мўғулистон томонини яқинлашиб келаётган Халқ инқилоби куни билан ҳам табриклади.
Ўзбекистон – Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражадаги алоқалар ва алмашинувлар фаоллашди. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари жадал ўсиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони кўпаймоқда, соғлиқни сақлаш, таълим, электрон савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида илк кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланди.
Куни кеча икки мамлакат ишбилармон доиралари ва идоралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди, Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларининг шоурумига эга савдо уйи очилди.
Музокараларда иқтисодий кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини ошириш ҳисобига каррасига кўпайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Шу мақсадда имтиёзли савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётнинг муайян тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари устувор этиб белгилаб олинди.
Бу, аввало, тоғ-кон соҳасидаги шериклик, жумладан, геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиш, хомашё ресурслари конларини ўзлаштириш, технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳалари.
Шу маънода, соҳадаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон геология вазирлигининг ваколатхонаси очилгани мамнуният билан қайд этилди.
Қўшма кластерлар ташкил этиш, гўшт-сут, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш асосида қишлоқ хўжалигида комплекс ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Йил якунига қадар пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун халқаро таҳлил институти билан биргаликда энг қисқа ва самарали транспорт йўлакларини аниқлаш бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш таклифи билдирилди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Шу кунларда Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари, санъат ва туризм тадбирлари ўтаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш, ажратилаётган квоталар доирасида мўғул ёшларининг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта тиклашга келишиб олинди.
Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан аҳдлашилди.
Улан-Батор шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, Президентлар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
– ўсимликлар карантини ва ҳимояси, олий таълим, тоғ-кон саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;
– икки мамлакат архив идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Мўғулистон Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги ўртасида, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида 2025-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари;
– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик режаси;
– Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида экотуризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўтказилган музокаралар натижаларига доир фикрларини баён қилдилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг бошида дўст Мўғулистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Халқ инқилоби куни билан самимий муборакбод этди.
– Мўғулистонлик дўстларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги эътиборга лойиқ муваффақиятлари ва ютуқларидан чин дилдан хурсандмиз, сизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатингизни тўла қўллаб-қувватлаймиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Бугунги кунда Мўғулистон иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатларини кўрсатаётгани таъкидланди. Мамлакатда саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма модернизация қилинмоқда. Қорақурум шаҳрини кенг кўламли реконструкция қилиш ишлари бошланган. Изчил, прагматик ва фаол сиёсат туфайли мамлакатнинг халқаро нуфузи ошмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга илк ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари ривожида тарихий воқеа бўлгани алоҳида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон – Мўғулистон ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берадиган муҳим ҳужжат – Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланганини таъкидлади.
Музокаралар давомида амалий ҳамкорликнинг барча асосий масалалари ва истиқболли йўналишлари атрофлича кўриб чиқилгани, келажакка мўлжалланган аниқ вазифа ва режалар белгилаб олингани айтилди.
2024 йилда Тошкентда бўлиб ўтган саммитдан сўнг барча йўналишларда алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Жорий йил февраль ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Президентининг сўзларига кўра, музокараларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилди. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали бир неча баробар ошириш вазифалари белгиланди. Улан-Баторда кўргазма залига эга бўлган Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу ишлар учун амалий асос бўлиши таъкидланди.
Ташриф арафасида Ўзбекистон ва Мўғулистон тадбиркорларининг бизнес форуми ва учрашувлари муваффақиятли ўтказилгани, янги шартнома ва битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди. Давлат раҳбарлари бундан буён ҳам тадбиркорлик учун барча шароитларни яратиш ва уларнинг ишбилармонлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Шу муносабат билан имтиёзли савдо ва инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни энг қисқа муддатларда қабул қилишга келишилди.
Бундан ташқари, музокаралар чоғида икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини самарали тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.
Томонлар мунтазам равишда ўзаро концертлар, кўргазмалар, кино намойишлари уюштириш, фестивалларда иштирок этишга келишиб олдилар.
Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли "йўл харитаси" қабул қилиниши таъкидланди.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари Мўғулистон Президентини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганини маълум қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқалари билан биргаликда икки мамлакат санъат усталарининг концертида иштирок этдилар.
Бугун давлат раҳбарларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар кенг қамровли шериклик даражасига кўтарилди.
Қўшма концерт Ўзбекистон – Мўғулистон дўстлиги ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларда янги босқич бошланганининг навбатдаги ифодаси бўлди.
Истеъдодли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқларда маданиятларимизнинг бойлиги, ранг-баранглиги ва ўзига хослиги мужассам бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА
- Қўшилди: 25.06.2025
- Кўришлар: 184
- Чоп этиш