Италиянинг Panorama журналида CОР29 конференцияси Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини бошлаш жойига айланди" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар беради "Дунё".
"Марказий Осиё минтақасидаги Ўзбекистон БМТнинг CОР29 ишида фаол иштирок этди. Ўзбекистон ва Италия Марказий Осиёга таъсир этаётган экологик офатларга қарши курашишда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ниятида", – дейилган мақолада.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президенти CОР29 асосий ялпи мажлисидаги нутқида мамлакат ўз олдига 2030 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш, энергияга бўлган эҳтиёжнинг 40 фоизини "яшил" энергия ҳисобидан қоплаш вазифасини қўйганини таъкидлади. Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш учун минтақадаги барча давлатларни бирлаштирадиган кўп томонлама ёндашувга чақирди.
Нашрда Ўзбекистон яқин тарихдаги энг даҳшатли экологик офатлардан бирининг марказида бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланган. "Ушбу муаммо Орол денгизини дунёдаги тўртинчи йирик кўлдан қуморолга айлантирди. Бунинг сабаблари 1960-йилларга бориб тақалади. Яъни собиқ иттифоқ ҳукумати денгизга қуйиладиган икки асосий дарёси – Амударё ва Сирдарё сувларини бошқа жойга йўналтириб, яқин ҳудудларда пахта етиштиришни кўпайтирди", – дея қайд этган босма нашр.
Kun.uz
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 473
- Чоп этиш