Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида “Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги янада жадаллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, бир овоздан қабул қилинди. Кенг жамоатчилик, мутахассислар, экспертлар буни ижобий, ЖСТ сари ташланган дадил қадам ўлароқ қабул қилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларида, ҳали узоқ 1994 йилдаёқ ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Аммо турли сабабларга кўра бу масала ортга сурилди. 2017 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур масалани яна кун тартибига қўйди ва ишлар янгидан бошланиб кетди. Кетма-кет қарорлар, фармонлар қабул қилинди. Мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг давлат божи тўғрисида”, “Электр энергетикаси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисда”ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини тезлаштиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлари бошланган ҳаракатларни, таъбир жоиз бўлса, янги қон билан таъминлади.
Дарҳақиқат, давлатимизни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзолиги масаласи кўпчиликнинг диққат марказида турибди.
Савол туғилади, мазкур ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистонга нима беради?
Бу бозорга кирмоқчи бўлган мамлакат қандай шартларни бажариши керак?
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишнинг учта муҳим шарти бор. Биринчиси, халқаро савдони либераллаштириш, иккинчиси – ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо битимлари ошкора бўлишини таъминлаш ва учинчиси – мамлакатлараро рақобат муҳитини ташкил қилиш.
Демак, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг туб моҳияти турли мамлакатлар, минтақалар аро ҳалол савдони йўлга қўйиш ва айни пайтда тараққиёт йўлига ғов бўлаётган монопол компанияларнинг илдизига болта уришдан иборат.
Бу – Ўзбекистон учун кони фойда, деганидир.
ЖСТ кичкина, имкониятлари чегараланган тузилма эмас. Бугунги кунда унга дунёнинг 164 та давлати аъзо. Глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг деярли 98 фоизи ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келишининг ўзиёқ кўп нарсани англатади.
Юқорида айтганимиздек, ЖСТга аъзо бўлиш учун биринчи галда, даъвогар давлатнинг иқтисодиёти эркин бўлмоғи ва жаҳон бозори учун эшиклари очиқ бўлиши лозим. Айни чоғда, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви жуда кам бўлиши, истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган монопол компанияларни кескин камайтириш зарур бўлади. Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун ушбу талабларни бажаришдан ташқари, яна давлат ўз қонунларини Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига мослаштириш ҳам шарт.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши йўлида жиддий, пухта ўйланган мақсадлар билан бораётир. Ёдимизда, конституциявий ислоҳотлар вақтида 67-моддага айнан шу мақсадни кўзлаб ўзгартириш киритилган эди.
Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган “Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги янада жадаллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига биноан эса Ўзбекистондаги мавжуд қонунчилик нормалари Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштирилди.
Қонунда металл парчалари ва чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда табиий газ савдосини лицензиялаш орқали рақобатни кучайтириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилгани.
ЖСТга аъзо бўлишнинг муҳим шартларидан яна бири имтиёзли - эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ҳисобланади. Маълумки, ЖСТнинг Тарифлар ва савдо бўйича бош битимида аъзо давлатлар савдодаги тарифлар ва чекловларни камайтириш ва халқаро савдода камситувчи муносабатни бартараф этиши лозимлиги белгиланган.
Мазкур талабга мувофиқ 2024 йил 3 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Фармон билан айрим хўжалик субъектларига берилган махсус имтиёз (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинди.
Хусусан, 2025 йилнинг 1 январидан “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятининг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳамда “Ўзиккиламчиранглиметалл” акциядорлик жамиятининг рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш, экспорт қилиш бўйича имтиёзлари – эксклюзив ҳуқуқлар ўз кучини йўқотди.
2026 йилнинг 1 июлидан “UzGasTrade” акциядорлик жамиятининг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали харид қилувчи оператор сифатидаги ҳуқуқи ҳамда “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамиятининг электр энергиясини экспорт ва импорт қилишдаги марказлашган ҳуқуқлари ҳам бекор қилинади.
Қабул қилинган қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати бор. Унга кўра давлат томонидан берилаётган айрим имтиёз – эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинади. Ушбу фаолият бўйича лицензиялаш тартиб-таомиллари жорий қилинишидан келиб чиқиб “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-тамоиллари тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш ҳамда табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялаш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса ўз-ўзидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида соф, ҳалол рақобат муҳитини яратишга кенг йўл очади.
Бундан ташқари, Қонун билан қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш фаолияти энди лицензия асосида амалга оширилади. Лицензия олиш учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари қилиб белгиланди. Шу билан бирга лицензиялаш қоидаларини бузганлик учун юридик шахсларга қўлланадиган жарималарнинг энг юқори миқдори ҳам қонунда белгилаб қўйилди. Энди лицензиялаш соҳасида ҳуқуқни бузганлар БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима тўлайди.
Энг муҳими, мазкур қонун иқтисодиётимизнинг энг муҳим бўғинига, қора ва рангли металл парчалари ва чиқиндилари, табиий газ савдоси соҳасига хусусий секторни ва инновацияларни жалб этишга, шунингдек рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга асосий омил бўлади.
Қонунда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни иловасига тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритилгани эса, табиий газ ва электр энергияси бозорида ягона ва адолатли шартлар яратилишига замин яратади.
Мамнуният билан айтиш мумкинки, ушбу Қонун Ўзбекистонни ЖСТ сари янада яқинлаштиради. Унда белгиланган ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини, балки ички бозорда соғлом рақобат муҳитини ҳам мустаҳкамлайди. Буларнинг барчаси эркин бозор учун ўта муҳим омилдир.
Мутахассислар ҳар бир давлатнинг ЖСТга қўшилишини азим дарёнинг уммонга қуйилишига қиёслайдилар. Уммоннинг имкониятлари нақадар чексизлиги эса ҳаммага аён. Ўзбекистон аталмиш азим дарёнинг шарқираб уммонга қўшилиш онлари кун сайин яқинлашаётгани ҳаммамизга муборак бўлгай.
Абдусаид Кўчимов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
- Қўшилди: 05.09.2025
- Кўришлар: 62
- Чоп этиш