Жиноят кодексига йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўзгартиш киритилади

"Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун қабул қилиниши келгусида эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ижтимоий аҳамияти кам бўлган жиноятга жазони либераллаштириш орқали хато қилган шахсга имконият бериш орқали, уларга қўшимча қулайлик яратишга хизмат қилади.

Жиноят кодекси 266-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса – уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш:

а) мастлик ҳолатида ёки гиёҳванд воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-иродасига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсири остидаги шахс томонидан содир этилган бўлса;
б) одам ўлимига сабаб бўлса – муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 138-моддаси қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилади:

“Велосипедни, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб бораётган шахс ёки йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech