Камбағал оилаларга ваучер, боғчаларда электрон давомат ва ривожлантириладиган электротехника саноати – 1 февралдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Камбағал оилалар аъзолари учун имконият

Камбағал оилалар аъзоларини касбга ўқитиш бўйича ваучер тизими жорий этилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.

 

Қарорга кўра, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг касбий кўникмалар марказларида 2025 йил 1 февралдан бошлаб иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 февралдан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, муддати 3 ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади. 2025 йил 1 майгача эса ишсиз аҳолини, шу жумладан, устувор равишда камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий қилинади.

Мазкур тизим 2025 йил 1 февралдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилади.

“Она маскани” хизмати йўлга қўйилади

2024 йил 14 ноябрда президентнинг “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Унда 2025 йил 1 февралдан Ўзбекистонда “Она маскани” хизмати йўлга қўйилиши белгиланган.

Ҳужжатга кўра, оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолганлиги натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади.

“Оналар маскани”да:

  •  оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар ва уларнинг болалари (4 ёшга тўлмаган) 1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади;
  • оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, уларда оналик ва касбий кўникмалар шакллантирилади;
  • “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

Бундан ташқари, фармон билан 2025 йил 1 февралдан бошлаб:

а) ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш бўйича:

  • ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий ҳолати ва турмуш шароитлари «Инсон» марказлари томонидан комплекс баҳоланади ҳамда баҳолаш натижалари асосида болаларнинг ижтимоий мақоми белгиланади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, зўравонликдан жабр кўрганлиги сабабли оиласидан олинган болаларнинг ижтимоий мақоми ва муқобил жойлаштириш шакли белгилангунига қадар уларни олти ойгача бўлган муддатга оилавий болалар уйига қисқа муддатли жойлаштириш тартиби жорий этилади;
  • болаларни муқобил жойлаштириш шакллари бўйича жойлаштириш (бундан фарзандликка ва тутинган (фостер) оилага олиш мустасно) «Инсон» марказларининг, оилавий болалар уйини ташкил этиш ва тугатиш Агентлик ҳудудий бошқармасининг қарори асосида амалга оширилади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тутинган (фостер) оилага «Инсон» марказлари ва болани тарбияга олган шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида жойлаштирилади. Бунда мазкур Фармон қабул қилингунига қадар тутинган ота-оналар билан тузилган битим ва (ёки) болани жойлаштириш тўғрисида қабул қилинган қарор болалар муқобил жойлаштириш шакллари бўйича жойлаштирилган муддат тугагунга қадар ўз кучини сақлаб қолади.

б) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда уларни муқобил жойлаштириш шаклларидан бири бўйича олиш истагини билдирган шахсларнинг ҳисобини юритиш бўйича:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, болаларни ҳамда уларни муқобил жойлаштириш шаклларидан бири бўйича олиш истагини билдирган шахсларни ҳисобга олиш «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида амалга оширилади;
  • номзодлардан аризаларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш имконияти яратилади;
  • номзодлардан талаб қилинадиган айрим турдаги ҳужжатлар «Инсон» марказлари томонидан «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил олинади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг жойлаштирилганлиги, болалар учун ишлаб чиқилган индивидуал ривожланиш ва интеграция режалари ҳамда уларнинг ижроси мониторинги натижалари бўйича маълумотлар «ЯМИҲ» АТга киритиб борилади;

в) ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштириш шакллари бўйича:

  • оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади ҳамда 30 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади;
  • оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида эътироф этилади ҳамда уларга ўз мажбуриятларини бошқа шахсларга юклашига ёхуд учинчи шахсларни жалб қилишига йўл қўйилмайди;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади;
  • тутинган (фостер) оилада тарбияланаётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш харажатлари, шунингдек, оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга болани тарбиялагани (парваришлагани) учун давлат томонидан ажратиладиган маблағлар тарбияланувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларини тамомлагунига қадар сақлаб қолинади.

Электротехника саноати ривожлантирилади

2025 йил 22 январ куни президентнинг “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Унда электротехника саноатини 2025–2027 йилларда ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг асосий йўналишлари белгиланган.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 февралдан қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:

  • божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида тайёрланган маҳсулотларни кейинги ишлаб чиқарувчилар томонидан саноат кооперацияси тартибида қайта ишлаш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштиришга рухсат берилади;
  • корхоналарнинг ривожланиш ва тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган лаборатория жиҳозлари ва анжомлари 2028 йил 1 февралгача божхона божидан озод этилади;
  • устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг ва давлат органларининг маъмурий бино-иншоотларини, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича харид қилиш ҳужжатларига қуйидаги талаблар киритилади:
  •  пудратчилар зарур товарларни Ишлаб чиқарувчилар экотизими ва Электрон кооперация порталидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилади;
  •  зарур товарлар порталларда мавжуд бўлмаса, тасдиқловчи маълумотномалар асосида уларни бошқа электрон порталлардан харид қилишга рухсат этилади.

Ишлаб чиқарувчилар экотизимида савдолар давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида электрон дўкон тартиб-таомиллари асосида, шартнома қиймати билан боғлиқ чекловларсиз ўтказилади, бунда оферталар маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат маълумотлари асосида шакллантирилади.

Болалар боғчаларида давомат автоматлаштирилади

Бўш иш ўринларини ҳисобга олиш, болаларни навбатга қўйиш ва МТТга жойлаштириш учун йўлланмаларни шакллантириш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Болалар боғчаси” мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида амалга оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳрида пилот синови тариқасида, 2025 йил 1 июлдан эса барча давлат МТТда “Болалар боғчаси” ахборот тизими орқали ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давомати, иш вақти, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини ҳисобга олиш жорий этилади.

“Болалар боғчаси” ахборот тизимига хизмат кўрсатиш, уни қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни UZINFOCOM МЧЖ тизим оператори амалга оширади, бунда кўрсатилган хизматлар учун ота-оналар бадалининг 1 фоизи йўналтирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб ходимлар ва болаларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали назоратга олишни йўлга қўйиш учун болалар боғчаларини планшетлар ва бошқа ускуналар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан камида 50 млрд сўм ажратади.

Электромобилларни қувватлаш станциялари кўпаяди

Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада 2024—2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида келтириб ўтилган.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак.

Шунингдек, кўп қаватли уйлар яқинида, шу жумладан, уларга яқин жойлашган тўхташ жойларида максимал қуввати 22 кВт бўлган станцияларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди:

  • автотўхташ жойлари, ижтимоий объектлар ва давлат муассасаларида;
  • савдо ва бизнес-марказлар, умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхоналар ва кўп қаватли уйлар ёнида;
  • автоёқилғи қуйиш шохобчаларида.

Якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар ҳудудида, шу жумладан, кўп квартирали уй-жойлар автотураргоҳларида энг юқори қуввати 22 квт бўлган станциялар ўрнатилади. Тадбиркорлар мавжуд кўп квартирали уй жойларнинг фақат автотураргоҳларида станциялар ўрнатиши мумкин бўлади.

Бошқа ўзгаришлар

2025 йил 1 февралдан бошлаб:

  • туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар масалалари бўйича васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолияти тугатилади;
  • ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи «1070» қисқа рақамли ва тун-у кун фаолият кўрсатадиган хизмат тест режимида йўлга қўйилади;
  • адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида паралимпия, карлар, кўзи ожизлар ҳамда махсус олимпия ва ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланадиган бошқа спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари йўлга қўйилади ва курс якуни бўйича 4 йил муддатга амал қиладиган малака сертификати берилади;
  • 2030 йил 1 январга қадар экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини (шу жумладан, роялти тўланадиган) кўрсатган, Ўзбекистон Республикаси билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахсларини ушбу календар йил якунига қадар фойда солиғидан озод этилади;  

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech