Халқаро Меҳнат Ташкилоти фахрийси, халқаро эксперт Кари Тапиола билан суҳбатимиз ХМТнинг 2000 йиллар бошида Ўзбекистонга бўлган муносабати, ўзбек пахтасига бойкот сабаблари, мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилиши мавзуларида бўлди.
– Суҳбатимиз аввалида Халқаро меҳнат ташкилоти, унинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
– Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) Биринчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг, яъни 1919 йилда ташкил этилган, таъбир жоиз бўлса, энг кекса халқаро тузилмалардан бири саналади. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ХМТ фақат давлатлараро орган эмас. Энг аввало, унда уч томон иштирок этади: ҳукуматлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари. Айнан мана шундай шаклда халқаро меҳнат стандартлари – конвенциялар ва келишувлар ишлаб чиқилади. Улар халқаро ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосини ташкил этади.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган меъёрлар дунёнинг аксарият мамлакатлари меҳнат қонунчилиги пойдеворига айланган. Юз йилдан ортиқ вақт мобайнида ташкилотнинг йиллик конференцияларида давлатлар, тадбиркорлар ва касаба уюшмалари вакиллари ягона мақсад йўлида – ижтимоий адолат учун бирлашиб, ҳамкорликда ҳаракат қилиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу олий мақсад инсонга хавфсиз иш шароитлари, муносиб маош ва инсонларнинг меҳнат ҳуқуқларига ҳурматини кафолатлайдиган меҳнат концепциясида ўз ифодасини топган.
Агар 1919 йилдаги биринчи конференция кун тартибига эътибор қилсак, иш кунини чеклаш, бандлик ва ишсизлик, болалар меҳнатини тақиқлаш каби ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган мавзулар муҳокама қилинганини кўрамиз.
– 2000 йиллар бошларида Ўзбекистон билан Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўртасида зиддият юзага келган ва бу ҳол Ўзбекистонга қарши бир қанча санкциялар қўлланилишига ҳам сабаб бўлганди. Ана шу зиддиятнинг моҳияти, ХМТнинг Ўзбекистонга қандай талаблар қўйгани ҳақида тўхталсангиз...
– 2000 йиллар бошида Халқаро меҳнат ташкилотида Ўзбекистоннинг мажбурий ва болалар меҳнатига қарши халқаро конвенцияларга қай даражада амал қилаётгани жуда жиддий муаммо сифатида кун тартибига қўйилди. Конференцияларда мамлакатингиз номига қаттиқ танқидлар янгради, халқаро ташкилотлар ўзбек пахтасига бойкот эълон қилди.
Натижада ХМТнинг конференциясида Ўзбекистонда мустақил мониторинг ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Биз ҳукумат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари билан музокараларни бошлаб, меҳнат шароитларини текширишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйишга ҳаракат қилдик. Биз Ўзбекистонда, ҳақиқатан ҳам, мажбурий ва болалар меҳнати ҳолатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида якуний хулосага келишимиз керак эди.
– Халқаро Меҳнат Ташкилоти нега айнан Ўзбекистонга бундай эътибор қаратди? Бу махсус равишда мамлакатимизга қарши қилинган ишмиди ёки бу талаблар барча давлатларга ҳам қўйиладими?
– Бу ҳақли савол. Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳеч қачон муайян бир давлатни «ажратиб кўрсатиш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Ташкилот барча конвенцияларни ратификация қилган давлатларга тенг равишда татбиқ этиладиган универсал меъёрлар асосида ишлайди.
Бироқ Ўзбекистон ҳолатида эътибор, айниқса, қаттиқ бўлганига икки сабаб бор. Биринчиси, гап мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ва жаҳон бозорида ҳам кўзга кўринадиган пахтачилик соҳаси ҳақида экани, иккинчиси эса, муаммо юз минглаб одамларни қамраб олгани ва тизимли хусусият касб этгани билан боғлиқ эди.
Демак, бу ерда гап «тирноқ остидан кир қидириш» эмас, балки масаланинг кўлами билан боғлиқ. Мажбурий ва болалар меҳнати Халқаро меҳнат ташкилоти учун мутлақ табу масала ҳисобланади. Қайси ҳудудда бўлмасин – Осиё, Америка, Африка ёки Европада бўладими, қонунбузарлик аниқланса, ташкилот унга чора кўриши керак.
Ўзбекистонга ҳам бошқа давлатларга қўлланиладиган стандартлар татбиқ этилди. Фақат фарқ шунда эдики, пахта соҳаси ҳамиша жаҳон афкор оммаси диққат марказида бўлиб келган, шу боис муносабат кескин кўриниш олди. Ва айнан Шавкат Мирзиёевнинг бош вазирлик ва кейинчалик президентлик даврида амалга оширган қатъий қадамлари вазиятни ҳамда халқаро ҳамжамият муносабатини ижобий томонга ўзгартириш имконини берди.
– Ўша даврда Ўзбекистонда, айниқса, пахта терими мавсумида, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг махсус мониторинг гуруҳлари иш олиб борган. Ана шу миссиянинг Ўзбекистонда мониторинглар ўтказишида муаммо ва тўсиқлар бўлмаганми? Бу ўрганишлар натижалари қандай бўлди?
– Ўша кезларда ХМТ ҳамда Ўзбекистон ўртасида бу масала юзасидан келишув бор эди. Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муҳим роль ўйнади. Ўзбекистон ҳукумати, иш берувчилар ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти иштирокида пахта мавсумида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш масаласи бир неча бор жиддий муҳокама қилинди. Дастлабки мониторинг айрим ҳолларда болалар меҳнатидан фойдаланиш фактларини аниқлади. Тўғри, улар оммавий равишда эмас эди, бироқ айнан шу ҳолатларнинг тан олиниши ҳам муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Чунки ўша вақтга қадар жамиятда мазкур муаммони яшириш одат тусига кирган эди. Хуллас, муаммонинг очиқ тан олиниши кейинчалик мамлакатингизда бу масалада босқичма-босқич амалга оширилган жиддий ва самарали ислоҳотларга замин яратди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мониторинг кенг кўламли маърифий тадбирлар билан ҳамоҳангликда кечди: семинарлар, жойларда учрашувлар, нима учун болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги ва унинг олдини қандай олиш мумкинлиги ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Дастлабки йиллардаги мониторинглардан сўнг биз ҳукуматингиз билан келишган ҳолда мамлакатда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасидаги чора-тадбирлар режасини амалга оширишга киришдик.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб, Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилишини эълон қилди. Бу йўлда қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур йўналишда катта тажрибага эга халқаро эксперт сифатида Ўзбекистон Президентининг бу борадаги сиёсатини, амалга оширган, ошираётган ишларини қандай баҳолайсиз?
– Европалик эксперт сифатида айта оламанки, Ўзбекистонда сўнгги 7-8 йилдаги ўзгаришлар, аввало, Президентингизнинг сиёсий иродаси ва шахсий қатъиятига боғлиқ бўлди. Бунга илгарироқ пойдевор қўйган ҳам шахсан Шавкат Мирзиёевдир. Ўша пайтларда Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазир сифатида болалар меҳнатини қатъий тақиқловчи қарор қабул қилиши нафақат ички сиёсатда, балки бутун халқаро майдонда Ўзбекистоннинг имижини тубдан ўзгартирди. Бу оддий бир маъмурий чора эмас, балки сиёсий жасорат рамзи эди. Чунки ўнлаб йиллар давомида ёпиқ тизим сифатида қабул қилинган амалиётга айнан шу қарор нуқта қўйди.
Жаноб Мирзиёев президентликка келгач, бу ташаббус тизимли сиёсатга айланди. Халқаро ҳамжамият шундан сўнг Ўзбекистонни янги нуқтаи назардан баҳолай бошлади. Чунки мамлакатингизда декларация билан чекланиб қолмай, «Муносиб меҳнат дастури» орқали амалий стратегия ишлаб чиқилди. Бу дастур меҳнат бозорини эркинлаштириш, меҳнат билан боғлиқ хавфсизлик ва ҳуқуқий ҳимоя механизмларини кучайтириш, ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишларини қамраб олди. Шу ўринда яна бир гапни таъкидлаб ўтишим керак, агар Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти бўлмаса, декларациялар ҳақиқий ислоҳотларга айланиши мумкин эмас эди.
Айтиш керакки, «Янги Ўзбекистон» ғояси халқаро экспертлар учун фақат шиоргина эмас, балки маъно-мазмуни бой ижтимоий концепция сифатида кўрила бошлади. У ерда инсон қадр-қиммати, шаъни давлат сиёсатининг марказига қўйилмоқда. Бу нафақат мажбурий меҳнатга барҳам беришда, балки меҳнат бозорини модернизация қилишда, норасмий секторни қисқартиришда, касбий таълим ва янги авлод мутахассисларини тайёрлашда ҳам намоён бўляпти.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган туб ислоҳотларга назар ташлар эканман, борган сари бир муҳим хулосага келяпман. Яъни, тизимли муаммоларни ҳал қилиш декларация ва формал механизмлар билангина эмас, балки давлат етакчисининг ўз халқи манфаатларини биринчи ўринга қўйган шахсий иродаси билан ҳам амалга ошар экан. Президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсат шу жиҳатдан ўзига хос тажрибага айланди ва бугун жаҳон ҳамжамияти уни ижобий мисол сифатида тилга оляпти.
– Шу ўринда «Пахта далаларида ишончнинг мустаҳкамланиши: Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти» номли китобингиз ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Бу китобнинг ёзилишига сабаб бўлган омиллар, унда акс этган мавзулар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Сиз тилга олган китобда мен Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси қандай ҳал этилганини кўрсатишга ҳаракат қилганман. Чунки узоқ вақт давомида бу масала деярли ҳал қилиб бўлмайдиган, жамиятда чуқур илдиз отган бир муаммо сифатида кўрилган эди. Албатта, буни бир кунда йўқ қилиш мумкин эмасди. Лекин биз фактларга таяниб, оқилона ёндашув топдик. Шу тарзда, ҳар йилги пахта ҳосили йиғими пайтида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар улуши сезиларли даражада камайиб борди.
Бироқ бу жараён бизга яна бир муҳим ҳақиқатни очиб берди: пахта йиғим-теримида ихтиёрий равишда қатнашган, муносиб ҳақ олган ва самарали меҳнат қилган одамларни кўрдик. Демак, аслида мажбурий меҳнатга зарурат йўқ экан. Ихтиёрий ишлашга рози одамлар бор ва улар ҳосилни тўлиқ йиғиб олишга қодир эканлар. Шунинг учун муаммони куч билан эмас, балки ишончга асосланган ҳамкорлик, ақл-идрок кучига таянган ҳолда ҳал қилиш мумкин, деган хулосага келдик.
Бу ерда ишонч тушунчаси алоҳида аҳамият касб этди. Ғарбда кўпинча Лениннинг «Ишонч яхши, назорат ундан ҳам яхши», деган сўзлари эсга олинади. Биз эса бу ёндашувни «тўғри эмас», деб кўрсатишга ва нима учун тўғри эмаслигини исботлашга ҳаракат қилдик. Чунки ҳақиқий назорат самарали бўлиши учун у ишончга таяниши керак. Ишонч эса «имконсиз» назариялардан эмас, балки амалий ва прагматик қадамлардан бошланади. Ана шу йўл орқали ҳақиқий вазиятни таҳлил қилиш ва тузатиш мумкин бўлди.
Шуни ҳам таъкидлаш керак: масалада муаммолар билан бир қаторда, ижобий жиҳатлар ҳам йўқ эмасди. Айрим ғарб нашрлари «Ўзбекистонда гўё 3,5 миллион «қул» бор», деб ёзган пайтда, сизлар ХМТ билан ҳамкорликда бутун жаҳон афкор оммасига ҳақиқий вазиятни кўрсата олдингиз. У ерда турли тоифалар бор эди: мажбурий меҳнатга дуч келганлар ҳам, муносиб ҳақ олиб, самарали меҳнат қилганлар ҳам. Шундай экан, эътиборни айнан шу ихтиёрий ва самарали меҳнат қилаётганлар учун шароит яратишга қаратиш лозим эди. Энг катта ютуқ эса ишонч муҳитининг шаклланиши бўлди. Барча тарафларда ишонч пайдо бўлди ва ҳамкорлик давом этди. Ўзбекистон томони аниқланган муаммоларни тан олди ва уларни янги чора-тадбирлар ҳамда тартиблар орқали ҳал қилишга киришди. Шу тарзда, ҳақиқий вазият шуни кўрсатдики, оғир тўсиқлар ҳамкорлик ва ишонч асосида енгиб ўтилади ва ҳатто халқаро даражада ҳам барқарор ишонч муҳитини яратиш мумкин.
Умумий қилиб айтганда, китобимда мана шулар ҳақида сўз боради.
– Сиз кўп йиллар Финляндия касаба уюшмалари тизимида ҳам ишлагансиз. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг мамлакатимизда меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш, ижтимоий ҳимоя, муносиб меҳнат шароитлари яратиш йўналишларидаги фаолиятига ҳам баҳо бериб ўтсангиз?
– Тўғри таъкидлаганингиздек, мен Финляндия касаба уюшмалари тизимида кўп йиллар ишлаганим учун таққослаш имконим бор. Шундан келиб чиқиб айта оламанки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси сўнгги йилларда меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ижтимоий ҳимоя ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш йўналишларида катта ишлар қилди.
Биринчи навбатда, мен учун муҳим очилиш шунда бўлдики, Ўзбекистон касаба уюшмалари раҳбарлари халқаро мулоқотларда ўз позицияларини бевосита ва аниқ тарзда баён қила олди. Масалан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ишчи гуруҳлари билан учрашувларда улар вазиятни очиқ айтиб берди, муаммолардан қочмади, балки уларни тан олди. Бу ишонч муҳитининг шаклланишига хизмат қилди ва кейинчалик Федерациянинг Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишига замин яратди. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон учун муҳим тарихий воқеа бўлди. Бу Ўзбекистонда бугун амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатга нисбатан катта эътироф, ишонч рамзи эди.
Иккинчидан, касаба уюшмаларининг амалдаги фаолиятида – мониторинглар, ишчи-ходимларнинг ҳолатини ўрганиш, айниқса, улар ҳузурида ташкил этилган юридик клиникалар катта аҳамият касб этди. Чунки бу орқали ходимлар муаммолари ифода этилди, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Менинг кузатишимча, Ўзбекистонда давлат меҳнат инспекцияси билан касаба уюшмалари инспекциясининг вазифалари янада аниқ чегараланиши ва ҳамкорликда тўлдирилиши кўзга ташланади. Чунки Давлат инспекцияси ҳуқуқий жараёнларни бошлашда муҳим ўрин тутса, касаба уюшмалари инспекцияси иш жойларидаги муаммоларни кўпроқ амалий воситалар орқали ҳал қилиш имконига эга. Бу икки тизим бир-бирини тўлдирганда, меҳнаткашлар манфаатлари янада самарали ҳимоя қилинади.
Албатта, ҳар бир мамлакатнинг ўз миллий тизими ва хусусиятлари бор. Шунинг учун касаба уюшмалари тажрибаси экспорт қилинадиган маҳсулот эмас. Бу – миллий контекстга мослаштирилиши лозим бўлган жараён. Лекин Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, очиқ мулоқот, ишонч ва жамоавий ҳаракат орқали тизимли муаммолар ҳам ҳал қилиниши мумкин экан.
– Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси бу йўналишда амалий ишларга қадам қўя бошлаган давлатлар учун намуна бўла олади, деб ҳисоблайсизми?
– Албатта. Чунки Ўзбекистондаги жараён шунчаки декларация ёки шиорлар билан чекланмади. Бу ислоҳотлар сиёсий ирода, очиқ мулоқот ва жамоавий ҳаракатга асосланган ҳолда амалга оширилди.
Мен учун асосий сабоқ шуки, ҳатто чуқур илдиз отган муаммо ҳам ҳал қилиниши мумкин экан. Буни Ўзбекистон мисолида кўрдик. Аввало, давлат раҳбарининг қатъий сиёсати зарур, иккинчидан эса, ишонч муҳитини яратиш шарт. Мажбурий меҳнатга қарши курашда давлат органлари ва касаба уюшмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар бир майдонда ишлай олди. Ҳозир дунёда бу муаммога дуч келаётган мамлакатлар кўп. Улар Ўзбекистон тажрибасидан икки жиҳатни ўрганиши мумкин. Биринчидан, раҳбарнинг шахсий иродаси ва масъулияти бу масалаларда ҳал қилувчи ўрин тутади, иккинчидан, барқарор ҳамкорлик орқали ҳақиқий ўзгаришларни амалга ошириш мумкин.
Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатдики, мажбурий меҳнатдан воз кечиш фақат инсон ҳуқуқлари учун эмас, балки мамлакатнинг халқаро имижи, иқтисодий ривожи ва инвесторлар ишончи учун ҳам муҳим. Шу боис бу йўлдаги ютуқлар албатта бошқа давлатларга ҳам илҳом бериши мумкин.
– Бугун рақамлаштириш, сунъий интеллект ва янги меҳнат муносабатлари бутун дунёда ишчи-ходимлар ҳаётига таъсир кўрсатаётган бир пайтда касаба уюшмаларининг ўрни ва вазифалари ҳам кескин ўзгармоқда. Яқинда Тошкентда ўтган «Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг роли: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги конференция каби тадбирлар, сизнингча, касаба уюшмалари учун янги йўналиш ва стратегияларни белгилашда қай даражада аҳамиятга эга?
– Бу каби конференциялар ва тадбирлар жуда муҳим. Чунки меҳнат муносабатлари замонавий шароитда жадал ўзгармоқда: рақамлаштириш, янги технологиялар, гибрид ишлаш усуллари касаба уюшмалари олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Ўзбекистонда ўтказилган халқаро форумнинг аҳамияти шундаки, у фақат миллий тажрибани кўрсатибгина қолмай, балки халқаро мулоқот орқали янги йўналишлар учун майдон яратди.
Ўзбекистон тажрибаси кўп давлатлардан ўрнак олган бўлса-да, ҳеч бир мамлакатда мажбурий меҳнат муаммоси бу қадар кўламли ва шундай шаклда ҳал қилинмаган. Шунинг учун уни конференцияларда такрор ва такрор тақдим этиш зарур. Бу тажрибанинг аҳамиятини янада мустаҳкамлайди.
Аслида, меҳнат муносабатларининг асосий масаласи битта: ходим ва иш берувчи ўртасидаги мувозанатни қандай яратиш мумкин? Агар касаба уюшмалари мавжуд бўлса, улар доиравий келишувлар тайёрлайди, умумий қоидалар белгилайди. Кейин ҳар бир меҳнат жамоаси шу умумий доирада ўз шароитидан келиб чиқиб, ҳаракат қилади. Бироқ энг муҳим шарт шуки, ҳеч қачон умумий минимал стандартдан пастга тушиш мумкин эмас. Бу меҳнаткашнинг асосий ҳуқуқларига ҳурмат рамзидир. Шу билан бирга, иш берувчиларнинг ҳам асосий ҳуқуқларини тан олиш зарур.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда касаба уюшмалари иш берувчилар билан ҳамкорлик маданиятини шакллантира олди. Бу эса катта ютуқдир.
Янги даврда касаба уюшмалари ўз вазифасини уддалай оладими? Дунё тажрибаси шундан далолат бермоқдаки, уюшганлик даражаси камайиб бормоқда. Масалан, Скандинавия давлатларида бир вақтлар 80 фоиз бўлган қамров кўрсаткичи ҳозир 50 фоиздан ҳам паст. Аммо шунга қарамай, касаба уюшмаларига муқобил куч ҳали пайдо бўлмади. Ҳатто ишчиларнинг фақат 20 фоизи уюшма аъзоси бўлган мамлакатларда ҳам жамоавий музокаралар ва ҳуқуқий ҳимояни амалга ошираётган тизим айнан касаба уюшмалари бўлиб қолмоқда.
Шунинг учун менинг хулосам оддий: касаба уюшмаларининг ҳозирча муқобили йўқ. Улар янги шароитда ўз имкониятлари ва мавқеини қай даражада самарали ишлата олади – масала шунда! Агар улар рақамлаштириш, янги меҳнат муносабатлари ва глобал иқтисодий ўзгаришларга мослаша олса, демак, уларнинг келажаги ҳам мустаҳкам бўлади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Ҳусан ЭРМАТОВ
суҳбатлашди
- Қўшилди: 10.10.2025
- Кўришлар: 61
- Чоп этиш