Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Касаба уюшмалари — меҳнат ҳуқуқларининг ишончли ҳимоячиси

Мамлакатимизда 2020 йилдан буён 11 ноябрь - Касаба уюшмалари куни сифатида нишонланиб келинади. Бу меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.

Касаба уюшмалари куни муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари ҳамда Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмиталари томонидан “Касаба уюшмалари — меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий адолат ва инсон қадрининг ишончли ҳимоячиси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

— Сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, кафолатланган ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича мустаҳкам қонуний асослар яратилди, — деди Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Г.Аъзамова. — Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция, Меҳнат кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар меҳнат муносабатларини замонавий талаблар асосида тартибга солиш, ижтимоий шериклик механизмларини ривожлантириш ва касаба уюшмаларининг жамиятдаги фаол ролини кучайтириш учун янги имкониятлар очди. Шунингдек, 2025 йил 17 октябрь куни Президентимизнинг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказган учрашуви соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди.

Муҳокамаларда янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар кимнинг муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлаш, адолатли ҳақ олиш ҳуқуқлари мустаҳкамлангани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва имкониятларини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат жамоаларида гендер тенгликни таъминлаш, иш жойларида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш, ёшларнинг касбий ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашда касаба уюшмаларининг ташаббускорлиги, иштироки муҳим экани айтиб ўтилди.

Халқ вакиллари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда парламент ва касаба уюшмалари ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан фикр алмашиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб олди.

М.Комилова,

ЎзА

Nashr sanasi 12.11.2026 Ko'rishlar 111
Ulashish