Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, ислоҳотлар натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида 19 июнь куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
Мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар соҳа ва тармоқларда ўз натижаларини бермоқда. Бутун республикада технологик “сакраш” кузатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг беш ойида саноат 6,4 фоиз ўсган, бу соҳада экспорт 6 миллиард доллардан ошган.
Бунда Қашқадарё саноатининг ҳиссаси катта. Қарши шаҳридаги “Alp texno servis” шундай экспортчи корхоналардан бири.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифининг дастлабки манзили “Alp texno servis” корхонаси бўлди.
Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа электр техникаси йўналишида глобал етказиб бериш занжирида ўрин топган. Корхона хорижий “TСL”, “HOFMANN” брендлари учун буюртмалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий SMART брендига асос солинган. Шу номлар остида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳсулотлар юқори технологик, сифати ва дизайни бозор талабига мос. Шу боис 70 фоиз товарлар экспортга йўналтирилмоқда. Ўтган йили 2 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Бу йилги режа 10 миллион доллар.
Давлатимиз раҳбари бу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
– Бу соҳада тажриба орттирдик, ташқи бозорга йўл топдик. Энди бу корхонани кенгайтириш керак. Одамзот бор экан, бундай маҳсулотларга талаб бўлади. Фақат сифат ва номенклатура бўйича ўсиш, рақобатбардош бўлиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Яна бир муҳим вазифа – маҳаллийлаштириш. Ҳозир корхонада бу кўрсаткич 50 фоиздан ошган. Келгусида 20 миллион долларлик яна 4 та лойиҳани амалга ошириб, чангютгич, электр чойнак, ҳаво совутгич, вентилятор ишлаб чиқариш режалаштирилган. Буларнинг натижасида йилига 30 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Қарши давлат техника университети билан дуал таълим йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга кетаётиб, поездда қашқадарёлик фаоллар билан самимий мулоқотда бўлди.
Суҳбатда шаҳару қишлоқлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти, бугунги тинчлик қадри ҳақида сўз борди.
“Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя давлатимизнинг фаолият дастурига айланган. Шу асосида аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, даромади ва фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш ижтимоий ҳаётимизда етакчи ўринга чиқмоқда.
Ҳудудлар имкониятини тўлиқ ишга солиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар натижасида юртимизнинг ўзида муносиб меҳнат шароитлари яратилмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар даромадли касбларга ўқитиляпти.
Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар самарасида саноат жадал ривожланмоқда, илғор технологияли корхоналарда қўшилган қиймат яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, энергетика соҳаларида улкан лойиҳалар ишга туширилмоқда.
Президентимиз иқтисодиёт ривожи, аҳоли кайфиятида йўлларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берди. Охирги 2 йилда юртимизда 40 минг километр йўл ва 540 та кўприк таъмирланган. Бу йил Қашқадарёда жами 100 километр магистрал йўллар таъмирланиши режалаштирилган. Бу лойиҳаларни тезлаштириш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Нуронийлар бу ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида сезаётгани, ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини айтишди. Хотин-қизлар вакили барча соҳаларда аёлларга кенг имкониятлар берилгани, натижада улар ўз оиласи ва меҳнат жамоаларида қадр топиб, ҳаётидан рози бўлиб яшаётганини сўзлаб берди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз шаҳридаги кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди.
Ижтимоий давлат саналмиш Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш энг долзарб йўналишлардан бири. Шу мақсадда давлат шифохоналари ислоҳ қилиняпти, соҳага инвестициялар жалб этилиб, хусусий сектор ҳам ривожлантирилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Қашқадарёда 700 дан зиёд хусусий клиника очилган, уларда 72 та хизмат тури йўлга қўйилган.
Россиялик тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган “Оқ сарой” клиникаси яқинда ишга тушди. Бу ерда 4 та жарроҳлик ва 6 та реанимация хоналари, 100 дан ортиқ шифо ўринлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 4 та ва кунига 25 тагача юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилган. Бунинг учун Россия, Туркия ва Кувайтдан малакали шифокорлар ишга жалб этилган. Стентлаш, аорта коронар шунтлаш, туғма нуқсонларни бартараф этиш, эндопротезлаш каби даволар самараси юқори.
Марказ юқори аниқликда ташхис хизмати ҳам кўрсатади. Масалан, замонавий эхокардиография ускунаси сунъий интеллект ёрдамида ишлайди. Бунақаси ҳозирча Ўзбекистонда ягона.
Давлатимиз раҳбари бундай инновацион клиникалар тиббиётда сифат ва дунёқарашни ўзгартириши, бошқаларни ҳам трансформацияга ундашини таъкидлади.
– Бу ердаги тизимни андоза қилиб олиб, 14 та ҳудудимизда шундай клиникалар ташкил этиш зарур. Бунга қанча маблағ керак бўлса, топамиз. Фақат замирида халқимиз учун кафолатланган сифатли даво бўлиши лозим. Муқобиллик, рақобат бўлмаса, сифатга интилиш бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга бу борада таклиф тайёрлаш, клиникаларни бирламчи бўғин ва тиббий суғурта тизими билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шифохонада 130 та иш ўрни яратилган. Малакали мутахассислар тайёрлаш учун шу ернинг ўзида клиник ординатура йўлга қўйилган.
Президентимиз бунга алоҳида аҳамият қаратиб, талаба ва шифокорларнинг малакасини ошириш, хорижлик мутахассислар билан телемедицинани кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.
Айтиш жоизки, нотўғри овқатланиш оқибатида қашқадарёликлар орасида юрак қон-томир хасталиклари кўп учрайди. Янги клиника ва унинг қошидаги марказ ушбу касалликларни эрта аниқлаб ташхис қўйиш ва даволашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур марказ томонидан мобиль диагностика машиналари йўлга қўйилган бўлиб, чекка ҳудудлардаги аҳолига УТТ, МСКТ, ЭКГ каби тиббий хизматларни кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёев Яккабоғ туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди.
Аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини оширишга қаратилган мазкур массив илғор шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилган. Кўп қаватли уй-жойлар кўркамлиги, тартиблилиги ва ободлиги билан туман қиёфасини ўзгартириб юборди. 18 гектар майдонни эгаллаган массивда 54 та беш қаватли уйлар қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳолига тақдим этилади.
Иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Ҳар бир уй замонавий коммуникация тармоқлари, атрофи эса болалар майдончалари ва автотураргоҳлар билан таъминланган.
Шу билан бирга, ҳудудда уч қаватли “Эко бозор” барпо этилган. У орқали маҳаллий деҳқонлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етказиш имконига эга. Бу эса ҳам сифат, ҳам нарх жиҳатидан одамларга маъқул бўлмоқда. Бозорда 640 та иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу экобозорда яратилган шароитларни кўздан кечирди, сотувчи ва харидорлар билан мулоқот қилди.
– Бозорлар тўкинлик, фаровонлик ва халқнинг маданиятини кўрсатади. Яккабоғда шундай обод маскан бунёд этилгани қувонарли. Халқимизнинг харид қобилияти, бозор маданияти ошяпти. Шунга муносиб бундай қулай савдо марказларини кўпайтириш керак, – деди Президент.
Алоҳида эътиборга молик жиҳати, массивдаги инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилган. Бу эса энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Аҳолининг дам олиши, болалар ва ёшларнинг фаол вақт ўтказиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Хусусан, сайилгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш масканлари ҳамда сервис нуқталари ягона концепция асосида барпо қилинган.
Мутасаддиларга шу концепция асосида бошқа туман марказлари ва массивларни ҳам ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари Шаҳрисабз тумани Ҳисор тоғи ён бағридаги сайёҳлик салоҳияти билан танишди.
Туризм кам маблағ билан кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромади ва ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган соҳа. Қашқадарёда ҳам бу борада имкониятлар кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарори асосида Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Жумладан, хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллаларида сайёҳлар учун қулайликлар яратилмоқда. Умумий 240 гектар майдонда 400 миллион долларлик 117 та лойиҳа амалга оширилаётир. Бунинг натижасида эса 1 минг 700 та доимий иш ўрни очилади.
Бугун Миракидаги ўзгаришлар мазкур қарор ва туризм бўйича ўтказилган йиғилишлар натижаси.
Илгари бу сўлим жойлардан ҳар ким ўз билганича фойдаланар эди. Сой бўйлари бетартиб, оромгоҳларда инфратузилма етишмасди. Бугун бу манзил яхлит туризм кластерига – “Мираки” халқаро туризм марказига айланди.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги ободлик ва қулайликларни кўздан кечирди. Оқсув дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб пиёда ва велосипедда юриш учун ўн километрлик “эко йўлак” ташкил этилган. Болалар майдончаси, кўнгилочар боғ, нуронийлар маскани, оилавий меҳмон уйлари ҳамда кўчма савдо шохобчалари маҳалла кўркини оширган.
“Miraki and spa resort” дам олиш ҳудуди туризм марказининг замонавий қисми. Бу ерда иккита меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар мажмуа барпо қилинган. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 600 нафар сайёҳни қабул қилувчи меҳмонхоналар, 300 ўринли оилавий хостел очилган. Бу йилига 300 мингдан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатилишини англатади.
Давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуаси фаолияти билан танишди. Сайёҳлик бўйича истиқболдаги муҳим лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
– Шаҳрисабзнинг устун тарафи – йил давомида саёҳатга келиш мумкин. Бунинг учун йўл, коммуникация, меҳмонхоналар қураяпмиз. Энди хизмат турларини кўпайтиришни ўйлаш керак. Масалан, Миракига келган меҳмон вақтини қандай ўтказади, нималар харид қилади? Шу талаблардан келиб чиқиб, хизматлар таклиф қилиш, бу ернинг табиати ва шароитини чет элларда кенг тарғиб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Янги сайёҳлик марказига инвесторларни жалб этиш учун муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилган. Миракига элтувчи ва маҳалла ичидаги йўллар мукаммал таъмирланган. Электр таъминоти яхшиланган. Сайёҳларни қизиқтириш учун Ҳисорак сув омборига туташ ҳудудда икки километрдан ортиқ дор йўли ва денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда ресторан ҳам барпо этилган.
Бундай кенг қулайликлар Қашқадарёга келувчи сайёҳлар сонини оширмоқда. Ўтган йили вилоятга икки ярим миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Шундан беш юз минг нафарга яқини айнан Шаҳрисабз туманига келган. Ҳудуддаги бу ўзгаришлардан кейин келтирилган рақам бир неча баробар ўсиши табиий.
Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидроэлектрстанциясини кўздан кечирди.
Ҳисорак сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий Ҳисорак ГЭС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.
Мамлакатимизда экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ҳамда мавжуд қувватларни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан кичик ва микро ГЭСлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Шаҳрисабз туманида энергетик қуввати 3,5 МВтга тенг, йилига ўртача 17,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ҳисорак кичик ГЭСи шулар жумласидан. Унинг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. ГЭС фаолияти натижасида йилига ўртача 5 миллион метр куб табиий газ тежалади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.
Давлатимиз раҳбарига дарё сувидан энергия олиш бўйича келгуси режалар ҳақида ахборот берилди.
Энг муҳим лойиҳалардан бири – келгуси икки йил ичида умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микро ГЭС қуриш режасидир. Бу микро ГЭСлар ариқ ва каналлардаги сув оқимидан самарали энергия ишлаб чиқариш имконини беради.
Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Истиқболдаги лойиҳалар туфайли бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган.
Мамлакатимизда сўнгги саккиз йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Жорий йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Италия, Франциянинг ландшафтли боғлари, қирдаги токзорлари дунёга машҳур. Уларни бориб кўришга иштиёқмандлар кўп. Энди шундай кўркам маскан Шаҳрисабзда ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида ушбу агротуризм мажмуасини бориб кўрди.
Илгари бу жойлар қуруқ қир-адир бўлган. Томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани натижасида ҳудуд яшилликка бурканди. Мажмуа 520 гектардан иборат бўлиб, адирлик қисмида “терраса” усулида узум, гилос ва олма экилган ҳамда ўрмон барпо этилган. Франциядан энг сара навлар олиб келинган.
– Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин, – деди Президент.
7,5 минг тонна маҳсулот етиштириш имкониятига эга мажмуанинг экспорт қуввати 5 миллион долларга тенг. 100 та доимий ва мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Кўчатлар ривожини франциялик мутахассис кузатиб боради, ёшларга деҳқончилик сирлари ва бозор талабларини ўргатади.
Ҳудудда, шунингдек, 120 ўринли ресторан ва 100 ўринли меҳмонхона қурилган. Агрологистика ва ўқув маркази, қайта ишлаш, сақлаш қувватлари қурилмоқда.
Мутасаддилар бундай боғларни кенгайтириш, бошқа тоғли туманларда ҳам ташкил этиш режалари ҳақида айтди. Давлатимиз раҳбари суғоришни ташкил этиб, боғларни аҳолига бўлиб бериш, одамларга даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ўлмас БАРОТОВ, ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 20.06.2025
- Кўришлар: 114
- Чоп этиш