Кашмирда сайёҳларга ҳужум қилинди

Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир минтақасида содир этилган теракт оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди, 12 киши яраланди, деб хабар бермоқда “News18” телеканали.

“Лашкар-э-Тайба” билан алоқадор бир гуруҳ террорчилар Кашмирдаги Байсаран водийсида сайёҳларга ҳужум қилиб, 27 кишини ўлдирди, кўплаб одамларни яралади, дейилади телеканал хабарида.

Қайд этилишича, ҳужум учун жавобгарликни “Қаршилик кўрсатиш фронти” деб номланган гуруҳ ўз зиммасига олган. Ҳарбийча кийинган икки-уч қуролли киши от миниб кетаётган сайёҳларга қарата ўқ узган. Паҳалгам шаҳридаги касалхона шифокорларининг маълум қилишича, теракт оқибатида 12 киши жабрланган, уларнинг аҳволи барқарор. 

Тақдим этилган қурбонлар рўйхатига кўра, уларнинг барчаси Жамму ва Кашмирга Одиша, Тамилнаду, Гужарат, Карнатака ва Махараштра штатларидан келган Ҳиндистон фуқаролари бўлган.

Маълумот ўрнида, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кашмир ҳудудида содир бўлган террорчилик ҳаракати  оқибатида кўплаб инсонлар нобуд бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.

С.Раҳимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech