Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга ҳоким лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастури билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашиш режасини ҳам тақдим этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунларга эса Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чораларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасидан ташқари коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиши назарда тутиляпти.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратига эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдиришди. Шу билан бирга, мазкур ҳужжат мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш тизимини янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.
Хусусан, фракция аъзоси Зуҳриддин Мавлоновнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда очиқлик ва шаффофлик даражаси ортишига, раҳбарлар жамоатчилик олдидаги масъулиятини янада чуқур ҳис этишига хизмат қилади.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎзА
- Қўшилди: 07.10.2025
- Кўришлар: 81
- Чоп этиш