ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ ТАЪЛИМ ИСТИҚБОЛИ

2023 йил 30 апрель – Ўзбекистон Республикаси референдуми куни

 

Юртимизда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Шу маънода, мазкур Конституциявий Қонун лойиҳасида ўз аксини топгани инсон ҳуқуқлари ва таълим соҳалари билан боғлиқ илғор конституциявий нормалар ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Қонун лойиҳасининг 50-моддасига биноан:

“Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.

Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.

Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади.

Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир.

Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади”.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, инсон ҳуқуқлари таълими – таълимнинг узвий қисми ҳисобланади. Бинобарин, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг муқаддимасида ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо маърифат ва таълим йўли билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши зарурлиги таъкидланган.

Декларациянинг 26-моддасида ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозимлиги қайд этилган. Шу нормалардан ҳам яққол кўриниб турибдики, маърифат ва таълим – инсон ҳуқуқлари жамиятда ҳурмат қилинишини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан саналади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни амалга ошириш ва қўллаб-қувватлашда жаҳон миқёсида етакчи роль ўйнайди. БМТ шафелигида 1993 йилда Вена шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифатга алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб муҳим таклифлар илгари сурилгани ва улар асосида кейинги 30 йилда муҳим ишлар амалга оширилгани фикримизни тасдиқлайди.

Жумладан, 1994 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил 1 январдан 2004 йил 31 декабргача бўлган даврни ўз ичига олган Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ўн йиллиги эълон қилинган. Ушбу ўн йилликни баҳолаш натижасида 2004 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури қабул қилинган.

Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатларни муайян тармоқлар ва муаммоларга йўналтирувчи кетма-кет босқичлардан иборат:

биринчи босқич: 2005 – 2009 йиллар – мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим жараёнлари қамраб олинган;

 иккинчи босқич: 2010 – 2014 йиллар – олий таълим тизими, шунингдек ўқитувчи-мураббийлар ва давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланган;

учинчи босқич: 2015 – 2019 йиллар – оммавий ахборот воситалари вакилларига инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим берилган;

тўртинчи босқич: 2020 – 2024 йиллар – инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилган.

Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш йўлида муҳим қадамлар қўйилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Биринчидан, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 июндаги фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилгани долзарб ва тарихий аҳамиятга эгадир.

Иккинчидан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди ва ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳолининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтиришдан иборат.

Бугунги кунда дунёдаги барча давлатларда инсон ҳуқуқлари бўйича сифатли таълимни амалга ошириш масаласи тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бунда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришнинг самарали стратегияси сифатида эътироф этилаётгани эътиборга сазовордир.

Шундай қилиб, бўлажак референдумда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳасининг маъқулланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича сифатли таълим амалга оширилишини конституциявий асосда кафолатлаш имконини беради.

 

Назира ЮНУСОВА,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририятининг мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech