ФОЛЬКЕР ТЮРК: “МЕН ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ МАРКАЗИЙ ЎРИН ТУТИШИГА БЎЛГАН ҚАТЪИЙ ИШОНЧИНИ БЕҲАД ҚАДРЛАЙМАН”

Шу йил 13-15 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Мўътабар меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

БМТ Олий комиссари ташрифи давомида Олий Мажлис Сенати раиси, Олий суд раиси, Бош прокурор, Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Адлия вазирлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари билан учрашди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбарияти ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), шунингдек, фуқаролик жамияти фаоллари, аҳоли вакиллари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло ТИЛЛАБОЕВ билан мазкур учрашувлар тафсилоти, мулоқотлар мавзуси ва ташриф якунлари ҳақида суҳбатлашдик.

 

Фолькер Тюркнинг эътирофлари

 

– Фолькер Тюрк сўнгги олти йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилган фундаментал ўзгаришларни ижобий баҳолаганига муносабатингиз қандай?

– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқоти асносида бу ҳақда очиқ баёнот берди. Ушбу баҳо, бир тарафдан, Ўзбекистон томонига ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этса, иккинчи тарафдан, ишонч ва масъулият юкини янада оширади.

Давлатимиз раҳбари билан учрашувда БМТ Олий комиссари, хусусан:

  • Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш;
  • гендер тенгликни илгари суриш;
  • суд идораларининг мустақиллигини ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муваффақиятлари;
  • Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури қабул қилингани;
  • мамлакатимиз БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани;
  • қийноқларнинг олдини олиш бўйича фуқаролик жамияти институтлари иштирокидаги превентив механизм яратилгани;
  • можаролар ҳудудларидан хотин-қизлар ва болалар ўз юртига қайтарилгани;
  • уларнинг қайта ижтимоий интеграциялашуви учун барча зарур шароитлар яратилганини юқори баҳолади.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йиллар даврига сайлангани ҳамда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида Кенгашнинг ёшлар ҳуқуқларига оид қатор резолюциялари қабул қилингани инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ютуқларнинг кенг эътирофи бўлди.

Олий комиссар БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва пенитенциар муассасалар ходимларини ўқитиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ўз ташрифи юзасидан ўтказилган брифингда, жумладан, шундай деди: «Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида марказий ўрин тутмоғи лозим. Мен Олий комиссар сифатида янги ислоҳотлар шароитида Ўзбекистон барча аҳоли вакилларига муносиб ва тўлақонли яшаш имконини тақдим этишига ишонаман».

 

Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси – БМТ Олий комиссари эътиборида

 

  • Ўзаро мулоқотларда жорий йил 30 апрелда референдумга қўйиладиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳам фикр алмашилдими?
  • Албатта. Аввало, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тавсияларини йўллагани учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига миннатдорлик билдирилди. Ушбу тавсиялар янги Конституция лойиҳаси матнини маромига етказишда ҳисобга олингани маълум қилинди.

Янги Конституция лойиҳаси икки босқичда халқнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилиб, аҳолининг барча қатламлари, кенг жамоатчилик иштирокида умумхалқ муҳокамаси асосида тайёрланган. Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси чоғида жами 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган, ҳар тўртинчи таклиф лойиҳада ўз аксини топган, муҳими, янгиланган Конституциянинг асосий қисмини айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид нормалар ташкил этади.  

Лойиҳада “Хабеас корпус” институти кўламини янада кенгайтириш мақсадида шахсни 48 соатдан ортиқ суднинг қарорисиз ушлаб туриш мумкин эмаслиги, телефон сўзлашувларини эшитишга ва тинтув ўтказишга фақат суд рухсат берсагина амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Шу билан бирга, “Миранда қоидалари” Конституция даражасида белгиланмоқда. Бу қоидалар инсонни ноҳақ жиноий таъқибдан, айрим тергов органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг ролини ошириш, уларнинг прокурорлар билан тенг тортишувчанлик принципи асосида фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган нормалар киритилмоқда. Яъни, амалдаги Конституция адвокатурага бағишланган янги боб билан тўлдирилмоқда.

Одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар кўзда тутилмоқда. Судьянинг бошқа органлар ва шахслар таъсиридан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги тартиби қатъий ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилишини кафолатловчи янги модда киритилмоқда.

Ушбу конституциявий янгиликлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар эътиборини тортди. Мулоқотлар асносида қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришда жиноий жазо кўзда тутилган айрим нормаларни имкон қадар камайтириш ёки юмшатиш бу борада кутилган ижобий натижаларни бериши қайд этилди.

Ф.Тюрк ўзи раҳбарлик қилаётган БМТ Бошқармаси айни йўналишдаги қонун лойиҳаларининг халқаро андозаларга қанчалик мослигини ўрганиб, тегишли тавсиялар беришга ҳамиша тайёр эканини маълум қилди.

Меҳмонларга Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳасида Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилиши назарда тутилгани хусусида ҳам ахборот берилди. Бундай муҳим конституциявий ҳуқуқ фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.  

Мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттириш мақсадида янги Конституция лойиҳасига фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Хусусан:

  • миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилмоқда ҳамда улар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланмоқда;
  • давлат бюджетини шакллантириш ва уни ижро этиш устидан фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилиши ҳақида янги модда киритилмоқда;
  • ҳукуматнинг асосий ваколатларидан бири сифатида “ижро ҳокимияти органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятидаги коррупция кўринишларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифати ва очиқлигини ошириш чораларини кўриш” белгиланмоқда.
  • фуқароларга, уларнинг сони юз минг нафардан кам бўлмаса, қонунчиликка оид таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Буларнинг барчаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг: “Ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирокини таъминлаш учун давлат муассасалари керакли шарт-шароит яратиши керак”, деган тавсиясига айнан монанддир.

 

Ташрифдан бош мақсад – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш

 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ташрифидан кўзланган асосий мақсад нима?

– Албатта, ташрифнинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, бу борадаги ислоҳотларнинг қатъийлигига бевосита ишонч ҳосил қилиш ва ўзаро ҳамкорлигимизнинг ҳозирги ҳолати натижадорлигини таҳлил этган ҳолда, истиқболдаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдир. Ф.Тюрк ва унинг делегацияси аъзолари иштирокидаги барча мулоқотларда айнан шу мавзуда сўз юритилди.

Хусусан,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтган учрашувда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этгани таъкидланди. Миллий стратегияда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилгани уни амалда татбиқ этишни осонлаштирмоқда.

Мамлакатимиз БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда. Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўмагида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Универсал даврий ҳисоботи механизми доирасида берилган тавсияларнинг бажарилиши бўйича ўз маърузаларини тайёрлаш борасида илғор давлатлардан бирига айлангани ҳам буни тасдиқлайди.

Миллий марказ Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгайтирилишини таъминловчи давлат органи ҳисобланади. Миллий марказ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаб, тегишли тартибда тақдим этиб келмоқда.

Миллий марказ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ўринда 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилганини таъкидлаш лозим.

Шу муносабат билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк Глобал форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятларини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолагани яна бир бор эътироф этилди.

– БМТ Олий комиссарининг Ташқи ишлар вазири ва Омбудсман билан учрашувларида инсон ҳуқуқлари мавзусининг айнан қайси жиҳатлари муҳокама қилинди?

– Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Ҳар икки томон сўнгги йиллардаги алоқаларимиз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришдаги қатъиятини намоён этишини эътироф этдилар.

Ўз навбатида, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан учрашувда Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари, жумладан мурожаатлар билан ишлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ҳақида маълумот берилди.  Хусусан, Омбудсман БМТнинг тегишли қўмиталарига халқаро конвенциялар ижроси бўйича муқобил маърузалар киритиб бориши ва 2023 йилда мазкур йўналишдаги ишлар янада кучайтирилиши таъкидланди.

 

Ўзбекистоннинг гендер масалалари бўйича янги ҳуқуқий қадамлари олқишланди

 

– БМТ Олий комиссари билан Сенатда бўлиб ўтган учрашувнинг энг муҳим жиҳатларини қисқача санаб берсангиз?

– Биринчидан, Фолькер Тюрк Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришилган натижаларни ва ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.  

Иккинчидан, Олий комиссар Ўзбекистоннинг можаролар юз берган зоналардан аёллар ва болаларни қайтариш, уларни жамиятга реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, бу борада амалга оширилаётган ишлар кўплаб давлатлар учун намуна эканини эътироф этди.  

Учинчидан, суҳбат чоғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш, ижтимоий-инклюзив муҳит ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.  

Шу ўринда БМТ Олий комиссари гендер тенглик масаласини Ўзбекистон Президенти қабулидан токи бошқа учрашувларда ҳам эътибор марказида тутганини таъкидлаш зарур. Масалан, Нукусдаги расмий мулоқотларда Ф.Тюрк Қорақалпоғистондаги таълим тизимида ушбу масалага нечоғлик эътибор қаратилаётгани, қизларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун қандай имтиёзлар мавжудлиги билан қизиқди.

Кейинчалик журналистлар билан мулоқотида БМТ Олий комиссари бу хусусда: “Мен (музокаралар чоғи) сиёсий соҳадан ижтимоий йўналишга қадар – жамиятнинг барча жабҳасида гендер нотенглигини бартараф этиш масаласини кўтардим. Президент ва Сенат Раисининг ушбу нотенгликни бартараф этиш борасидаги қатъий иродасини олқишлайман. Гендер зўравонлиги учун жиноий жазо жорий этиш бўйича якуний режани ҳам ижобий баҳолайман”, деб таъкидлади.

 

Инсон ҳуқуқлари ва одил судлов

 

– Фолькер Тюркнинг Олий суд раиси билан учрашувида ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг ҳозирги замон талаб ва мезонларига жавоб берадиган тизимини шакллантириш борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар ҳақида сўз борган. Шундай эмасми?

– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан, мазкур учрашувда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим шартларидан бири эканлигига эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий жиҳатлари билан таништирилди. Соҳадаги ушбу туб ислоҳотлар одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, суд ҳокимияти мутақиллигини, судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини мустаҳкамлашга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Мўътабар меҳмонга сўнгги олти йил мобайнида бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан қабул қилинган 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маълумот берилди. Янада муҳими, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси бу борадаги илғор нормалар билан тўлдирилмоқда.

 

Қийноққа қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик

 

– Қийноққа қарши кураш соҳасида қандай музокаралар олиб борилди?

Мамлакатимиз БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йил 31 августда ратификация қилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистон Конвенция доирасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига 5 та миллий маъруза тақдим этган.

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенциянинг Факультатив протоколига қўшилишига оид ташаббусни илгари сурди. Айни вақтда  мазкур ташаббусни амалга оширишга қаратилган  қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

БМТ Олий комиссари билан Миллий марказда бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизнинг Қийноқларга қарши конвенция Факультатив протоколига қўшилиши йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида БМТ махсус процедуралари билан амалий мулоқотини давом эттириши ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро майдондаги имижини янада яхшилаши нуқтаи назаридан, ушбу Факультатив протоколнинг ратификация қилиниши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

– Қийноққа қарши кураш мавзуси яна қайси учрашувларда муҳокама қилинди?

БМТ Олий комиссари ўз ташрифи якунлари бўйича брифингда: «Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ва мониторинг қилиш бўйича муҳим механизм ҳисобланган Конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиш устида ишлаётгани ҳақида ваъда олдик. Мен умид қиламан ва ишонаманки, бу ваъда тез фурсатда амалга ошади. Негаки, сўздан кўра амалиёт ҳамиша муҳим бўлиб келган», деб қайд этди.

Бунга қадар 13 март куни Ф.Тюрк мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари билан учрашувида ҳам, жумладан, ушбу масалани кўтарди. Миллий марказда ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори, Адлия вазири ва Ички ишлар вазири иштирок этди.

Ф.Тюрк инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз юритар экан, дунёнинг турли мамлакатларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маҳбуслар ва маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўллаши ёки инсонийликка зид муомала-муносабатда бўлиши ҳолатлари учраётганига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, “қийноқлар олдини олиш ва бунга йўл қўймасликка қаратилган саъй-ҳаракатнинг ўзи, афсуски, ҳали ушбу иллатга тўла барҳам берилганини англатмайди. Шунинг учун давлатлар қийноқларнинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўришда мунтазам давом этишлари зарур”.

Мулоқотда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида демократик янгиланишлар йўлидан одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимизни рози қилиш, инсон қадрини таъминлашга қаратилгани таъкидланди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали давлат сиёсатини юритишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизими алоҳида ўрин тутади. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан мулоқот асносида ушбу тизимнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги иштирокига дахлдор масалалар юзасидан  ўзаро фикр алмашилди.

Жумладан, Ф.Турк инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизни мамлакатга қайтариш ҳамда жамиятга тўлақонли мослашишини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Юртимизда шахс ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш, инсон қадр-қимматини янада юксалтириш, айниқса, вояга етмаганлар, хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида масъулият билан ёндашилаётгани алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, Олий комиссар бошчилигидаги делегация аъзоларига Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқаро стандартлар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида тайёрланаётгани, қийноқ ва бошқа тазйиқлар ўтказилишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар инсон ҳуқуқлари самарали рўёбга чиқарилишига хизмат қилиши ҳақида батафсил ахборот берилди.

 

Қорақалпоғистон заминидаги мулоқотлар

 

– БМТ Олий комиссарининг Нукусга сафари қандай ўтди?

Ф.Тюрк 14 март куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбоев билан учрашди.

БМТ Олий комиссари Бошқармаси делегацияси аъзоларига бугунги кунда Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида минтақа аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини ошириш, саноатни тараққий эттириш ва инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳолатини яхшилаш борасида олиб борилаётган тизимли сиёсатнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Олий комиссар Қорақалпоғистонга сафари, ушбу учрашувнинг ташкил этилгани ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалаларни муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун мамнуният изҳор қилди. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон ҳаётининг барча соҳаларида қамровдор ислоҳотлар амалга оширилганига гувоҳ бўлиб турганини эътироф этди.

–  Нукусдаги мулоқотларда яна қайси мавзулар тилга олинди?

БМТ Олий комиссари Ўзбекистонда, шу жумладан, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотларни ижобий баҳолади. Бу ҳақда Ф.Тюрк Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари А.Данияров билан учрашувида маълум қилди.

Мулоқот асносида Олий комиссар бугунги кунда қорақалпоғистонлик ёшларнинг эътиборида турган масалалар билан қизиқди. Шунингдек, 2022 йилда Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал форумга ўхшаш йирик халқаро анжуманларни келгусида Нукусда ҳам ташкил этиш истиқболларига тўхталди. 

Мулоқотлар давомида Ф.Тюрк атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишда амалий қадамларнинг муҳимлигини таъкидлади. Орол денгизининг қуриши улкан фожеа эканини афсус билан қайд этиб, бу борада Ўзбекистон ва БМТ олиб бораётган самарали ҳамкорлик фаолияти изчил давом этишига ишонч билдирди.

БМТ Олий комиссари Жўқорғи Кенгес раиси билан учрашувда Нукусда 2022 йил июлида юз берган воқеалар ҳақида ҳам тўхталди. Бу борада, Ф.Тюркнинг фикрича, аҳоли билан амалий мулоқотни йўлга қўйишнинг барча зарур чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини профессионал асосда ташкил этиш, жумладан, бу жараёнда инсон ҳуқуқларига амал қилиш, жабрдийдаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг яқин қариндошларига кўмак бериш масалалари бўйича таълим бериш муҳимлигини қайд этди.

Олий комиссарнинг Нукус воқеалари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларига жавобан ҳар томонлама асосли ва батафсил тушунча берилди. Жумладан, мустақил комиссиянинг иши натижалари, суд жараёнининг очиқлиги бўйича кўрилаётган чоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг таҳлилига оид аниқ далилий маълумотлар тақдим этилди.

–  БМТ Олий комиссари қорақалпоғистонлик аҳоли вакиллари билан ҳам учрашдими?

– Олий комиссар Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация Нукус шаҳридаги “Амударё” маҳалласи фаоллари билан учрашди. Учрашувда маҳалланинг обрў-эътиборли ва ёши улуғ инсонлари иштирок этди.

Мулоқот асносида давлат томонидан аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларига маҳалла орқали тизимли ёрдам кўрсатилаётгани, маҳалла аҳли дуч келадиган кундалик муаммо ва ҳаётий масалалар ечимида мазкур ўзини ўзи бошқариш институти ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Маҳалла раисининг ёшлар ишлари бўйича ёрдамчиси БМТ Олий комиссари Бошқармаси делегацияси аъзоларига бу ерда яшайдиган навқирон авлод вакиллари ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Ҳукуматнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллада ёш тадбиркорларни рағбатлантириш ва уларга субсидия ажратиш йўлга қўйилган, “Ёшлар дафтари” изчил юритилмоқда. Маҳалла болаларининг хорижий тилларни ўрганишлари ҳамда спорт билан шуғулланишлари борасида ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари маҳалла етакчилари ва фаоллари билан юзма-юз учрашганидан мамнунлигини билдирди. Унинг фикрича, бундай очиқ мулоқотлар оддий аҳолининг турмуш тарзи, ҳаётий эҳтиёжлари ва орзу-ниятлари хусусида уларнинг ўзларидан бевосита маълумот олиш имконини беради.

Олий комиссар аҳоли социал-ижтимоий ҳаётида маҳалланинг тутган ўрнини ижобий баҳолади. Турмушда учрайдиган турли муаммолар, ёшлар тарбияси билан боғлиқ долзарб масалаларга оқсоқоллар иштирокидаги жамоатчилик мулоқоти орқали самарали ечим топилиши чиндан ҳам муҳимлигини эътироф этди.

“Амударё” маҳалласига ташрифи якунида Ф.Тюрк маҳалла идораси биносини кўздан кечирди. Маҳалла аҳлининг яшаш ва меҳнат қилиш шароитлари билан яқиндан танишди.

 

“Саҳродаги Лувр” ва инсоннинг маданий ҳуқуқлари муҳофазаси

 

–  И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи БМТ Олий комиссарига қанчалик манзур бўлди?

– БМТ Олий комиссари Нукусга сафарининг маданий жиҳати хусусида мазкур музей зиёратигача ўтказган бир неча учрашувларида ҳам тўхталди. Ф.Тюрк, жумладан, “Ушбу сафарим доирасида Савицкий музейини томоша қилиш имконияти туғилганидан мамнунман, чунки ушбу маскан – маданий ҳуқуқнинг ўзига хос тимсоли бўлиб, бундай бой маданий мерос билан яқиндан танишиш мен учун шараф ва ифтихордир”, деди.

Айни чоғда, сафардан мақсад фақат ушбу дунёга машҳур музейни томоша қилишдангина иборат эмасди. Бинобарин, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари иштирокида катта бир тадбир ўтказилгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланди. Унда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маъруза қилди.

Миллий марказ томонидан И.В.Савицкий музейи билан ҳамкорликда онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон ёшлари вакиллари – мамлакатимизнинг юридик соҳадаги олий ўқув юртларидан (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Термез ва Нукус), шу жумладан, қорақалпоғистонлик талабалар қатнашди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк талаба-ёшларнинг кўплаб саволларига жавоб берди.

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланди

 

–  БМТ Олий комиссари иштирокида Савицкий музейида бўлиб ўтган тадбирнинг моҳияти ва аҳамияти нимада?

– Шу кунларда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда турли тадбирлар ўтказилаётгани бежиз эмас.

Чунки БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясига мувофиқ, 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Мазкур халқаро ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинганидан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди. Ўтган даврда жаҳон ҳамжамияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва механизмлари орқали дунё миқёсида риоя этилишига кўмаклашмоқда.

Жорий йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги кенг нишонланади. Декларация юбилейи арафасидаги глобал кўламли тадбирларга 2022 йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни старт берилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан мазкур Декларациянинг 75 йиллигига бағишланган бир йиллик тарғибот кампанияси ўтказилмоқда. Бу жараёнда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ўтган даврдаги самарадорлиги, бугунги кундаги долзарблиги ва амалий хусусиятларини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ташкил этилган тадбир айни глобал кампаниянинг узвий давомидир. Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам 2022 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси бошлаб юборилган.

– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги доирасида Ўзбекистонда яна қандай тадбирлар ўтказилди?

– Бу ўринда, аввало, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум ташкил этилганини таъкидлаш лозим. Чунки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида кафолатланган ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқтадир.

Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ҳамда ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек, жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия – бу инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган жараёндир.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжат ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва самарали ташкил қилиш доирасида жорий йил 20-28 февраль кунлари мамлакатимизнинг бутун ҳудудида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилди.

Декларация инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларни ўз ичига олган бўлиб, шу кунгача дунёнинг 530 дан ортиқ тилига таржима қилинган. Бу ўринда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ушбу Декларация ўзбек ва қорақалпоқ тилларига таржима қилингани ва бир неча марта нашр этилиб, беғараз тарқатилганини қайд этиш лозим.

Яқинда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ўзбек тилида (кирил ва лотин имлосида) ҳамда қорақалпоқ тилида алоҳида китобчалар шаклида яна нашр этилди. Бу ҳам инсоният тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Декларация 75 йиллигига мўъжаз туҳфа ҳисобланади.

 

Олий комиссарнинг янги стратегияси:

фуқаролик жамияти билан фаол ҳамкорлик

 

–  БМТ Олий комиссари ўз ташрифи давомида фуқаролик жамияти фаоллари билан мулоқотларга ҳам алоҳида эътибор қаратганини нима билан изоҳлайсиз?

– Гап шундаки, Ф.Тюрк ушбу лавозимга сайланиши билан мазкур БМТ Бошқармасида тараққиётнинг янги стратегияси, яъни фуқаролик жамияти билан давлат ўртасидаги шерикликни кучайтириш мақсади белгилаб олинди. Бундай янгича ёндашув асосидаги ҳамкорлик, ўз навбатида, бутун дунёда инсон ҳуқуқларини янада тўла таъмин этишга яқиндан хизмат қилмоқда.

  Шу маънода, Олий комиссар ўз ташрифининг бошидаёқ фуқаролик жамияти фаоллари ва норасмий шахслар билан учрашди. Ташриф якунида эса фуқаролик жамиятининг узвий қисми бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил қилди.

Бундай ёндашув Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатга уйғун ва ҳамоҳангдир. Фолькер Туркнинг: “кучли фуқаролик жамияти муҳим мурват сифатида инсон ҳуқуқлари ғилдирагининг ҳаракатини таъминлайди. Нодавлат ташкилотлар ташқи аралашувсиз фаолият юрита олиши сув билан ҳаводек зарур”, деган сўзлари Ўзбекистонда тўла қўллаб-қувватлангани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегациянинг ушбу ташрифи натижасида:

биринчидан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш борасидаги қатъияти яна бир бор ёрқин намоён бўлди;

иккинчидан, мамлакатимизда кейинги олти йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган муҳим ютуқлар халқаро мезонлар негизида холис баҳоланди ва очиқ эътироф этилди;

учинчидан, Ўзбекистон билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди, хусусан, конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий комиссар Фолькер Тюрк билан суҳбати асносида кейинги йилларда БМТ билан ушбу соҳадаги ҳамкорликда юксак даражага эришилганини мамнуният билан қайд этиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистондаги ислоҳотлар стратегиясининг бош устувор йўналиши эканини таъкидлагани бежиз эмас.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

«Ishonch» газетаси 2023 йил 28 март 38-сон

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech