2023 йил 30 апрель – Ўзбекистон Республикаси
референдуми куни
Мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Хусусан:
- миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилмоқда ҳамда улар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланмоқда;
- давлат бюджетини шакллантириш ва уни ижро этиш устидан фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилиши ҳақида янги модда киритилмоқда;
- ҳукуматнинг асосий ваколатларидан бири сифатида “ижро ҳокимияти органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятидаги коррупция кўринишларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ва очиқлигини ошириш чораларини кўриш” белгиланмоқда;
- фуқароларга, уларнинг сони юз минг нафардан кам бўлмаса, қонунчиликка оид таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш ҳуқуқи берилмоқда.
Буларнинг барчаси шу йил 13-15 март кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг: “Ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирокини таъминлаш учун давлат муассасалари керакли шарт-шароит яратиши керак”, деган тавсиясига айнан монанддир.
БМТ Олий комиссари ташрифи давомида фуқаролик жамияти фаоллари билан мулоқотларга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Чунки Ф.Тюрк ушбу юксак лавозимга сайланиши билан мазкур БМТ Бошқармасида тараққиётнинг янги стратегияси, яъни фуқаролик жамияти билан давлат ўртасидаги шерикликни кучайтириш мақсади белгилаб олинди.
Бундай ёндашув Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатга уйғун ва ҳамоҳангдир. Фолькер Туркнинг: “кучли фуқаролик жамияти муҳим мурват сифатида инсон ҳуқуқлари ғилдирагининг ҳаракатини таъминлайди. Нодавлат ташкилотлар ташқи аралашувсиз фаолият юрита олиши сув билан ҳаводек зарур”, деган фикрлари Ўзбекистонда тўла қўллаб-қувватлангани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар жойларда оддий одамлар билан юзма-юз суҳбатлашар экан, давлат томонидан аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларига маҳалла орқали тизимли ёрдам кўрсатилаётганига эътибор қаратди. Мўътабар меҳмон, шунингдек, маҳалла аҳли дуч келадиган кундалик муаммо ва ҳаётий масалалар ечимида мазкур ўзини ўзи бошқариш институти ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётганини маъқуллди.
Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда эл-юртимиз ҳаётининг барча соҳа ва йўналишлари бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилди. Биргина 2022 йилнинг ўзида маҳалла фаоллари кўмагида юз минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминлангани, 9 минг 400 дан ортиқ маҳалланинг қарийб 3 мингтаси ёки 31 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани бу янги тизимнинг нечоғлик натижадорлигини яққол тасдиқлайди.
Ўтган йили “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар доирасида бюджетдан ажратилган қарийб 27 триллион сўм маблағ ҳисобидан 4 мингта маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилган, юзлаб мактаб, боғча, тиббиёт масканлари барпо этилган ва янгиланган, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иссиқлик таъминоти, йўл ва транспорт тизимлари фаолияти яхшиланган. Ўз навбатида, 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ушбу мақсадлар учун яна 5 минг 800 та маҳаллага 30 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини оширишга қаратилган бу каби эзгу амаллар замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тизимни янада тараққий эттириш, хусусан, бахтли ва осойишта, обод ва фаровон, тўкис ва муносиб ҳаёт кечиришимизга боғлиқ барча масалалар ечимини халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширишга оид ташаббуси мужассамдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистонни барпо этишда биз учун энг муҳим ва асосий пойдевор бу – халқ овози, халқ фикри устувор бўлган маҳалладир”.
Шу кунларда юртимизда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Халқимиз овоз берадиган янги Конституция лойиҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилаётгани диққатга лойиқдир.
Конституциямизда бундай кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга:
биринчидан, ўз ҳудудини мустақил бошқариш;
иккинчидан, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш;
учинчидан, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш;
тўртинчидан, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
бешинчидан, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида муҳим имкониятларни тақдим этади.
Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий маконни кенгайтириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида:
- 2018 йил 12 апрелда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилингани;
- 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, жумладан, «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар янги давр талаблари асосида такомиллаштирилгани;
- Ўзбекистон Президенти 2018 йил 4 майда “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолагани;
- 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилгани;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 4 октябрда “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилингани;
- Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрда қабул қилингани “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази мақомида қайта ташкил этилганини таъкидлаш ўринлидир.
Ўз навбатида, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да ушбу соҳанинг жорий ва истиқболдаги устувор мақсадлари ҳамда асосий вазифалари белгилаб берилди. Бунда, авваламбор, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 1-мақсади “Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш”, деб номланганига эътибор қаратиш зарур.
Тараққиёт стратегиясининг 4-мақсади “Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш” деб номланган. Унда, хусусан, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш; вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш вазифалари белгиланган.
Энг асосийси, Тараққиёт стратегиясининг “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланган 12-мақсадида бу борадаги бевосита муҳим бир қатор вазифалар назарда тутилган.
Биринчидан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш учун, хусусан, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари лойиҳаларини очиқ эълон қилиб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилаётгани аҳамиятлидир.
Иккинчидан, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд аҳолини касбга ўргатиш каби ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга оширишни нодавлат нотижорат ташкилотларига очиқ танлов асосида тақдим этиш амалиёти татбиқ этилмоқда.
Учинчидан, жамоатчилик назоратининг қонуний асослари янада мустаҳкамланмоқда. Бунда жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шакллари, уларни амалга ошириш механизмлари изчил жорий этилаётгани жуда муҳим.
Тўртинчидан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларкасбий фаолиятининг ҳимояси янада кучайтирилмоқда. Бу муҳим мақсадга эриш учун, биринчи навбатда, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш тартиби жорий қилинаётгани эътиборлидир.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни янада кучайтирилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегиясининг 89-мақсади “Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш” деб аталгани катта аҳамиятга эга. Айни вақтда Тараққиёт стратегияси кўзда тутилган энг муҳим вазифалар қаторида Ахборот кодекси лойиҳасини тайёрлаш устида қизғин иш бормоқда.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш ҳамда жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки ва таъсирчан ролини оширади. Бинобарин, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш, бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришда айнан фуқаролик жамияти институтлари беқиёс аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизга ушбу йўналишда киритилаётган янгиланишлар фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиз ҳаётидаги ролини янада ошириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлишидан далолат беради. Бу фикримизни бугунги кунда биргина маҳалла тизимида бошланган янги ислоҳотлар тўлқини ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Хусусан:
- маҳалла фуқаролар йиғинига ўзи жойлашган ҳудуддаги халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сессияларига таклифлар киритиш, кенгаш қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда;
- аҳоли ўртасида эътирозларга сабаб бўлаётган ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш учун маҳалла раиси томонидан муҳокамалар ўтказиш, ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмоқда;
- ҳудудларда “маҳалла назорати” ва “маҳалла раиси сўрови” институтлари жорий этилмоқда;
- бу йил юртимиз тарихида биринчи марта тажриба тариқасида ҳар бир ҳудуддаги битта туманда “маҳалла бюджети” тизими ўрнатилиб, мол-мулк ва ер солиғининг бир қисмини маҳаллаларнинг ўзида қолдириш кўзда тутилмоқда. Бундай амалиёт маҳаллалар ҳудудидаги муаммолар бевосита улар томонидан мустақил ҳал этилишида жуда қўл келиши тайин.
Бу янги ташаббусларнинг ижобати, шубҳасиз, маҳаллаларни фуқаролик жамиятининг таянч устунига, чинакам халқчил тузилмага айлантиришга хизмат қилади. Бинобарин, маҳаллалар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги қамровдор ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишда беқиёс ўрин тутади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 03.04.2023
- Кўришлар: 6520
- Чоп этиш