Бутунжаҳон саломатлик куни

Саломатлик инсоннинг асосий бойлиги ҳисобланади. Замонавий ҳаёт ритмида ва доимий стрессли вазиятларда организмни соғломлаштиришга вақт ажратиш қийин. Соғлом турмуш тарзига эътиборни тортиш — Бутунжаҳон саломатлик куни деб аталган байрамнинг муҳим вазифасидир.

Бутунжаҳон саломатлик куни 7 апрель куни нишонланади. Бу ўз саломатлиги, соғлом танаси ва мустаҳкам иродаси ҳақида қайғурадиган ҳар бир киши учун муҳим байрамдир.    

Бутунжаҳон саломатлик кунини яратиш ғояси 1948 йилда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ассамблеясининг биринчи  сессиясида илгари сурилди. Лекин, 1948 йилда бу Бутунжаҳон куни 22 июль – ЖССТ устави ратификация қилинган кунда нишонланар эди.  

Ҳар йили Бутунжаҳон саломатлик куни муайян шиор остида ўтказилади ва аниқ мавзуга эга бўлади.  Айни пайтда аралашув ва назоратни талаб қиладиган энг муаммоли бўлган мавзу тилга олинади. 2023 йил 7 апрелдаги Бутунжаҳон саломатлик кунининг шиори “Саломатлик барча учун” деб номланади.    

Барча байрамлар сингари, Бутунжаҳон саломатлик куни оммавий тадбирлар, конференциялар ва флешмоблар билан нишонланадиган ўз анъаналарига эга бўлиб, тиббиёт муассасаларида асосий мутахассисларнинг бепул маслаҳатлари ўтказилади, бу ерда ҳар бир ташриф буюрувчи кўплаб касалликларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишининг олдини олиш, саломатлик билан боғлиқ муаммоларни эрта аниқлаш мақсадида ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиш зарурлиги ҳақида  маълумот олиши мумкин.  

Йирик шаҳарларда соғлом турмуш тарзига бағишланган оммавий тадбирлар ўтказилади. Фаоллар мавзу юзасидан флешмоблар уюштиради ва тарғибот ишлари билан шуғулланади. Кўзланган асосий мақсад— одамларни соғлиғига ғамхўрлик қилишга ва мунтазам равишда текширувдан ўтишга ундашдан иборат.  

ЖССТ доимий жисмоний фаолликни саломатликнинг асосий ва энг муҳим таркибий қисми деб атади.  

Жисмоний фаоллик деганда мушакларнинг қисқариши ва энергия сарфини талаб қиладиган қандайдир тана ҳаракати тушунилади.  

Жисмоний фаолликнинг етишмаслиги — саратон, қандли диабет, ва юрак касалликлари каби кўплаб юқумли бўлмаган касалликларнинг сабабларидан биридир. Бу аҳамияти бўйича глобал аҳоли ўлимининг тўртинчи сабабидир.  

Жисмоний фаоллик ҳар қандай ҳаракатни, ҳох юриш, рақс, ўйин, спортни ўз ичига олади. “Ҳаракат – бу ҳаёт” деб бекорга айтилмаган.  

Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш соҳасида қабул қилинган қатор қарорлар, фармонлар, дастурлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, сифатли тиббий хизмат тизимини ишга тушириш, тиббиётда замонавий метод ва технологияларни жорий этиш бўйича ишларни тезлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз».  

Қизиқарли фактлар  

•  Расмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Японлар дунёдаги энг соғлом миллатдир. Бундан ташқари, ушбу тадқиқотлар, дунёдаги энг соғлом маконни ҳам топди. Бу Япониянинг Окинава ороли. У ерда ўртача ҳисобда одамлар 80 йил яшайди, бир асрдан кўпроқ вақт давомида яшаганлар сони эса 500 дан ошган.  

• Саломатлик ҳақидаги фан валеология деб аталади  

• Бутунжаҳон саломатлик кунидан ташқари, Бутунжаҳон руҳий саломатлик куни (10 ноябрь), Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни (4 февраль), Бутунжаҳон тамакисиз кун (31 май) ва бошқа кўплаб қизиқарли байрамлар бор.  

Феруза Авазова  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Халқаро ҳамкорлик бўлими етакчи мутахассиси

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech